Камерун футбол федерацияси сайтида мамлакат миллий терма жамоа бош мураббийлиги ўрни бўш экани ҳақида эълон қилди.
Айни вақтда терма жамоа мураббийлиги учун номзодлар изланиши бошланган ва бу ўринга муносиб ҳисобланувчилардан талаб этиладиган хислатлар ҳақида маълум қилинган.
Хабар қилинишича, Камерун терма жамоаси бош мураббийи бўлиш учун қайси миллат вакили бўлишнинг аҳамияти йўқ, у инглиз ёки француз тилларида мукаммал гаплаша олиши, олдига муайян мақсад қўйиши, Африка футболини яхши тушуниши керак бўлади.
Бундан ташқари, номзодлар терма жамоани 2016-2018 йилларда ривожлантириш бўйича ўз дастурини тақдим этиши сўралган. Ва албатта, бундай шахсдан терма жамоа ёки клуб миқёсидаги фаолият бўйича тажриба бўлиши керак.
Шу йилнинг октябрь ойи охирида "Енгилмас шерлар" жамоасидан мураббий Фолькер Финке бўшатилганди. Германиялик бу мутахассис терма жамоада 2013 йилдан буён фаолият кўрсатган, 2014 йилги ЖЧга камерунликларни бошлаб келганди. Мундиалда Камерун терма жамоаси ўта қониқарсиз натижа кўрсатди ва гуруҳ босқичидаги 3та ўйинда ҳам мағлубият қайд этганди.