Сир эмаски, сўнгги вақтларда футбол оламида бир гап тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди: «Ҳозирги «Барселона» ҳужумида футбол тарихидаги энг кучли учлик жамланган!». Шубҳасиз, Лионель Месси, Неймар ва Луис Суаресларнинг биргаликда амалга ошираётган ишлари кишини ҳайратга солмай қўймайди. Лекин ФНК ва LEquipe порталларининг таъкидлашича, футбол тарихида бундай сермаҳсул учликлар кўп бўлган. Қани, кўрайликчи, уларнинг фикри қанчалик тўғри?
Альфредо Ди Стефано, Франсиско Хенто, Ференц Пушкаш («Реал»)

1960 йил, «Реал» еврокубоклар орасидаги энг обрўли мусобақа ЕЧЛ финалида «Айнтрахт»ни қувноқ ҳисобда (7:3) «янчиб» ташлади. Бу финал буюк учлик учун аталди десак хато бўлмайди. 1958 йили «Реал»га қўшилган Пушкаш ўз ҳисобига тўрт гол ёздириб қўйди. Ди Стефано эса учта. Хуллас, бу учлик рақиб ҳимоясини ҳар томонлама адо қилди.
Жорж Бест, Денис Лоу, Бобби Чарльтон («Манчестер Юнайтед»)

Бу уч футболчининг ўйинидан таъсирланган мухлислар уларни «Илоҳий учлик» дейишарди. Футболчилар деярли ҳар томонлама мукаммал эдилар. Ҳужумда шундай ақл бовар қилмас ўйин намойиш этишардики, рақиб ҳимоячилари худди сеҳрлангандек, нима қилишни билмай қолишарди. Бест ҳужумлар яратиш ва мукаммал узатмалар устаси эди. Чарлтонда етакчилик хусусияти кучли бўлган. Лоу эса ҳақиқий тўпурар, ҳужумларни якунлаш бобида унга тенг келадигани бўлмаган. Бу учликнинг барчаси «Олтин тўп»ни қўлга киритишган: Денис Лоу 1964 йил, Бобби Чарлтон 1966 йил, Жорж Бест 1968 йил.
Жаирзиньо, Тостао, Пеле (Бразилия)

1970 йили Бразилия терма жамоаси жамоавий ўйин бўйича жаҳоннинг энг кучли термаларидан бири эди. Жамоанинг ўйини жуда самарали, шу билан бирга, сифат даражаси жуда юқори эди. Шу билан бирга, уларда бошқалардан ажралиб турадиган учлик бўлган. Пеле нафақа ёшига яқинлашиб қолган бўлсада, ҳамон лидерлар сафида эди. «Футбол қироли»нинг ёнида эса икки ёш иқтидор тўп сурар эди. 1970 йилги чемпионатда Пеле 4та гол уриб, 5 голга ҳаммуаллифлик қилди. Жаирзиньо 7 гол. Тостао эса 2 гол уриб, 4 голга ассистентлик қилди.
Йохан Кройф, Жонни Реп, Пит Кейзер (Голландия ва «Аякс»)

Албатта, бу учликнинг ичида Кройф яққол ажралиб турарди. Учлик Голландия термаси ва «Аякс»да шунчалик чиройли футбол намойиш этдики, ҳатто тотал футбол ғоясини жаҳонга олиб кирди. Амстердамда уларнинг асосий ғалабалари 1972 ва 1973 йилги Европа суперкубоги бўлди ва айниқса иккинчи ўйиндаги «Бавария» ва Беккенбауэрнинг таслим этилиши жуда эсда қоларли бўлди. 1974 йилги жаҳон чемпионати финалида учлик, «Аякс»даги ўйинини намойиш қилиб бера олмади, лекин шундай бўлса ҳам, бу учлик ҳеч қачон эсдан чиқиб кетмайди.
Ули Хенесс, Герд Мюллер, Карл-Хайнц Румменигге («Бавария»)



1970-йиллар ўрталарида «Бавария» Европа футболида етакчилик қиларди. Уларнинг ҳужумларида эса, машҳур учлик ҳаракатланарди. Бу учликни Франц Беккенбауэр ўзаро боғлаб турган. Учликнинг икки аъзоси «Олтин тўп»га лойиқ кўрилган: Герд Мюллер бу совринни 1970 йили қўлга киритган бўлса, Румменигге 1980 ва 1981 йиллар тенг, сиз деб топилган.
Ромарио, Христо Стоичков, Микаэль Лаудруп («Барселона»)

Рўйхатдагиларнинг дастлабки иккиси ҳар қандай жамоа ҳимоясини бузиб ташлашга қодир эди. Учинчиси эса майдоннинг исталган нуқтасида бирдек ҳаракатлана оларди. Бу учлик мукаммал механизм эди. «Барселона» бу вақтда ўзининг «Дрим Тим»ини намойиш қиларди дейиш мумкин. 1993-1994 йилларда улар Испания чемпионати ва суперкубогини ютиб олишди, аммо Чемпионлар Лигаси финалида «Милан»га ютқазиб қўйишди. Шундан сўнг Лаудруп Ромарионинг ғазабини қўзитиб «Реал» таркибига ўтиб кетди. Шундан кейин ҳам Стоичков Лаудрупни ўзи билан бирга ўйнаган энг яхши ярим ҳимоячи деб ҳисоблайди.
Ривалдо, Роналдо, Роналдиньо (Бразилия)

Бу учликнинг нималарга қодир эканлигини 2002 йилги жаҳон чемпионатида ҳамма кўрди. 3-5-2 схемасида ўйнайдиган жамоанинг қанотларида Роберто Карлос ва Кафу ўйнарди. Узатмаларнинг деярли барчасини трио голга айлантирарди. Роналдо бу турнирда 8та голга муаллифлик қилди. Ривалдо ўз ҳисобига 4 гол ёзиб қўйди ва икки голли узатмани амалга оширди. Роналдиньо эса 2 гол уриб 3 голга ҳаммуаллифлик қилди. Хуллас, бу учликка термада узоқ вақт бирга ўйнаш насиб этмади.
Криштиану Роналду, Карлос Тевес, Уэйн Руни («Манчестер Юнайтед»)

Бу футболчилар ўз услубларига эга мукаммал юлдузлар эди. Шунинг учун улардан мухлислар жуда кўп нарса талаб этишарди. Улар жудаям тезкор, техникаси юқори футболчилар. Фергюсон улардан қудратли ҳужум учлигини яратди. Кўпчилик мутахассислар уларни Бест, Лоу ва Робсон учлигидан кучли эканлигини таъкидлашди. Хуллас, ўша 2007|2008 йиллар мавсумида «МЮ» бу таркиб билан Чемпионлар Лигаси, ички чемпионат ва суперкубокда тенгсиз бўлди. Трио умумий 81та гол киритан бўлса, улардан 42 тасини Криштиану Роналду ўз номига ёздириб қўйди. Афсуски, бу учликка ҳам, узоқ вақт бирга ўйнаш насиб этмади.
Лионель Месси, Самуэль ЭтоО, Тьерри Анри («Барселона»)

Лионель Месси бирга ўйнаган яна бир трио. 2008|2009 йиллар мавсумида «Барселона» Испания футболи тарихида биринчи марта ички чемпионат, кубок ва Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди. Иккинчи мавсумда трио янада сермазмун, чиройли ва барқарор ўйнади. Учлик 100 та гол уришга муваффақ бўлди (Месси 38та, Это`о 36та ва Анри 26та). Аммо, бу учликнинг ҳам ҳамкорлиги узоқ давом этмади.
Гарет Бэйл, Карим Бензема, Криштиану Роналду («Реал»)

Ҳозирда бу учлик каталонияликларнинг супер-триоси олдида бироз оқсамоқда. Агар ҳисоб-китоб қилинса, бу футболчилар учлиги тарихдаги энг қиммат учлик ҳисобланади. Мадрид клуби улар учун 220 миллион евродан кўпроқ сарфлашган. Трионинг биринчи мавсуми унчалик ёмон ўтмади, улар биргаликда 97та гол уришга эришишди, қолаверса, «Реал» мухлислари анчадан бери орзиқиб кутаётган Чемпионлар Лигасининг бош совринини ютиб олишди. Хуллас, триони ёмон деб ҳам бўлмайди. Фақат, футболчиларнинг майдондаги жойи бўйича тушунмовчиликлар ҳам юзага келганди. Шунинг учун ҳам, уларнинг бу мавсумдаги ишлари унчалик яхши эмас.
Лионель Месси, Неймар, Луис Суарес («Барселона»)

Бу трио ҳақида салбий фикр билдириш мумкин эмас. Уларнинг майдонда нималар қилаётганини барча яхши кўриб турибди. «Рома» устидан қозонилган ғалабада ҳам футболчиларнинг бир-бирини қанчалик яхши тушунишлари кўринди. Трио ўтган мавсумда барча турнирларда 120та гол уришни уддалади. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, Суарес дисквалификация сабабли ўтган мавсумнинг ярмини майдондан ташқарида ўтказган. Бу мавсумда трио бир-бирини тўлдиришда янада мукаммал кўринмоқда. Мавсум бошидан бери «МСН» 156та ўйин ўтказиб, 121та гол уришга муваффақ бўлди. Хуллас, бу футболчилар футбол тарихидаги энг мукаммал триодек кўринмоқда. Ҳар ҳолда, ҳозирги натижаларга қараганда...
Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади.
«Интерспорт» газетаси













