Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

«Реал»нинг «10» рақам эгалари. Лаудрупдан Хамесгача

Баҳо:
+ | -

Ҳар бир клубнинг ўзига хос рақам эгалари бўлади. Биз сўнгги 20 йил давомида «Реал Мадрид» клуби сафида «10» рақамда тўп сурган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1994-1996
Микаэл Лаудруп

Даниялик ярим ҳимоячи 1994-1996 йилларда «Бланкос» шарафини ҳимоя қилиб 76 учрашувда 15 та гол киритишга муваффақ бўлди. Клуб раҳбарияти «Барселона»дан келган футболчига «10» рақамини беришга қарор қилишди. Лаудруп дебют мавсумидаёқ «Реал»нинг ла Лигада чемпион бўлишига катта ҳисса қўшди. Бироқ бу унинг Мадридликлар таркибидаги биринчи ва охирги соврини эди. Микаел «Барса» сафидаги 5 мавсуми давомида 9 та совринга эга чиққанлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

1996-1999
Кларенс Зеедорф

Лаудруп кетганидан сўнг «10» рақами «Сампдория»дан харид қилинган голландиялик Зеедорфга насиб этди. Ярим ҳимоячи «Қироллик клуби» таркибида 4 мавсум давомида 159 та учрашувда 20 та гол уришга муваффақ бўлди. Кларенс «Реал» тлибосида Испания ла Лигаси ва суперкубоги, Чемпионлар лигаси ҳамда Қитъалараро кубогида муваффақият қозонди. Зеедорф дастлабки 3 мавсумда жамоанинг асосий футболчиси эди. Бироқ 1998/99 йилги мавсумда у кўпроқ захирада қолиб кетди ва шундан сўнг Миланнинг «Интер» жамоасига йўл олди.

2000-2005
Луиш Фигу

Зеедорфдан қолган рақам 1 мавсум давомида бўш қолди ва кейингисида уни «Барселона»дан харид қилинган Фигуга беришди. Луиш «10» рақам эгаларининг муваффақиятларини давом эттира олди. У «Галактикос» таркибида 5 йил тўп суриб 239 та ўйинда 57 та гол киритди ва ўзи учун сарфланган пулларни тўла оқлади. Португалиялик «Реал» билан 2 мартадан Испания Ла Лигаси ва суперкубогида, бир мартадан эса Европа Чемпионлар лигаси, Европа суперкубоги ҳамда Қитъалараро кубокларида муваффақият қозонди. Энг қизиғи Фигу ҳам Зеедорф сингари «Реал»дан кейин «Интер» жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

2005-2008
Робиньо

2005 йилда «Реал» «Сантос»дан «иккинчи Пеле» дея эътироф этилаётган Робиньо харид қилди ва унга Фигудан қолган рақамни берди. Робиньо «бланкос» шарафини 4 мавсум ҳимоя қилди ва бу давр ичида 135 ўйинда 35 гол урди. Албатта бу юқори кўрсаткич эмас. Бироқ Робиньо ҳеч қачон яққол ҳужумчи вазифасини бажармаганлигини ҳам унутмаслик лозим. Бразилиялик 2007 ва 2008 йилларда «Қироллик клуби»нинг чемпионликни қўлга киритишига муносиб ҳисса қўша олди. У шунингдек бир марта Испания суперкубогида ҳам зафар қучди. 2008 йилда у Мадридни Манчестерга алмаштиришга қарор қилди.

2008-2009
Уэсли Снейдер

2007 йилда «Реал» «Аякс» ярим ҳимоячиси Уэсли Снейдерни ўз сафига қўшиб олди. Голландиялик футболчи дастлабки мавсумда «23» рақамида тўп сурди. Робиньо кетгач эса у «10» рақамини ўзиники қилди. Афсуски бу рақам ярим ҳимоячига омад олиб келмади. Снейдер дебют мавсумида 9 та гол уриб жамоаси билан чемпионатда ғолиб чиққан эди. Аммо иккинчисида у жамоа билан ҳеч вақога эриша олмади. «Реал» бошқарув рулига яна Флорентино Перес қайтгач, Уэсли ўзига янги жамоа топишга мажбур бўлди ва у ҳам Зеедорф ва Фигу сингари Италиянинг «Интер» клубига йўл олди.

2009-2011
Лассана Диарра

2008 йилда «Реал» Англиянинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланган «Портсмут» клубида икки мавсум давомида Премьер лигада атиги 24 та учрашув ўтказган Диаррани сотиб олди ва унга ҳеч иккиланмасдан «10» рақамини берди. Бу кўпчилик учун бироз кутилмаган қарор эди. Лассана Мадридда 5 мавсум давомида тўп суриб 111 та учрашувда 1 та гол киритди. У клуб билан бир мартадан чемпионат, кубок ва суперкубокда зафар қучди. Франциялик ярим ҳимоячи 2013-йилда Россиянинг «Локомотив» жамоасига ўтиб кетди.

2011-2013
Месут Ўзил

«Реал» 2010 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг германиялик ярим ҳимоячи Ўзилни сотиб олди. Месут дебют мавсумида «23» рақамда ҳаракат қилган бўлса, кейинги йили жамоадоши Диарранинг «10» рақамини «тортиб» олди. Месутга бу рақам омад келтирди ва ана шу йили «Галактикос» ла Лигада чемпионликни нишонлади. Бунда Ўзилнинг ҳам ҳиссаси баланд эди. Ярим ҳимоячи Мадрид суперклубида 3 мавсум давомида 159 ўйинда майдонга тушиб 27 та голга муаллифлик қилди ва жамоа билан 3 та ютуққа эришди. 2013 йилда Перес кутилмаганда жамоанинг етакчиларидан бирини «Арсенал»га сотиб юборди.

2014-…
Хамес Родригес

Ўтган мавсумда «Реал» 80 млн.евро эвазига жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган Хамес Родригесни харид қилди ва унга Ўзилдан қолган рақамни берди. Хамес «галактикос»нинг ўйин услубига тезда мослашиб кетди ва жамоанинг ҳақиқий етакчиларидан бирига айланди. Колумбиялик футболчи ўтган мавсумда 55 та учрашувда 20 марта рақиблар посбонларини ранжитишга муваффақ бўлди. Афсуски Мадрид клуби ўтган йили бирорта ҳам совринни қўлга кирита олмади. Бироқ Хамеснинг ушбу мавсумдан умидлари катта ва у ўз коллекциясидаги совринларини ҳали кўпайтириш имкониятига эга.
 
Юсупов Фурқат

Манба: sports.uz
Киритилди: 11:05, 21.12.2015.
Ўқилди: 3646 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.