Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Асосийси – ишонч уйғотиш

Баҳо:
+ | -

ЎФФ ва ПФЛ ўтган ҳафта олий лига клублари бош мураббийлари, раҳбарлари, турли ёш тоифасидаги терма жамоалар мураббийлари учун махсус семинар ташкил этди. Бир кунлик жараён «Пахтакор» стадио­нининг анжуманлар зали ҳамда ЎФФ қошидаги сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтди. Семинарнинг очилиш қисмида ЎФФ биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев, ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян, ФИФА ҳамда ОФК инструктори Ислом Аҳмедов ва бошқалар чиқиш қилдилар.

Семинарни олиб борган Ислом Аҳмедов замонавий футболнинг ривожланиш тендециялари, ЖЧ-2014 таҳлили, техник-тактик ўзгаришлар, жисмоний ва руҳий тайёргарлик каби мавзуларда маъруза ўқиди. Куннинг иккинчи ярмида эса тингловчи мураббийлар учун ЎФФ сунъий қопламали майдонида амалий машғулотлар олиб борилди. Кун якунида фикрлар алмашинуви, савол-жавоблар ҳамда хулосалар учун вақт ажратилди. Биз ўз навбатида, айрим иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.

 

Ислом Аҳмедов (ФИФА ва ОФК инструктори):

- Олий лига ҳамда турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз мураббийлари учун ташкил этилган бир кунлик ўқув-семинар ғояси ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов томонидан илгари сурилди. Асосий мақсадимиз - ҳар бир мураббийнинг ўзига ишончини ошириш. Чунки мураббий биринчи галда, ўзига ишонмаса, қандай қилиб бутун жамоани ғалабалар сари етаклайди? Профессионал ишим юзасидан дунёнинг кўплаб футболи ривожланган давлатларида бўламан, таниқли мураббий ва мутахассислар билан суҳбатлашаман. Бир нарсани айтишим мумкин, бизнинг мураббийлар улардан қолишмайдилар. Фақат биргина ва энг катта камчилик - бу ишончнинг етишмаслиги. Билим бўлиши мумкин, лекин ишонч ва ишонтира олиш қобилияти етишмаса, мураббий деярли ҳеч нарсага эришолмайди. Фикримни миллий жамоамиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Бош жамоамиз кетма-кет 5та учрашувда ғалаба қозонди. Шунчаки эмас, рақибларни ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Бу бош мураббий Самвел Бабаяннинг футболчиларда ишонч уйғота олгани самарасидир. Бабаяннинг ютуғи нимада? У футболчиларда жавобгарлик ҳиссини оширмоқда. Яна ёшларга ўзларини кўрсатишлари учун имконият беряпти. Мураббийлар шу йўлда ишлашса, ғалабаларимиз салмоғи ошаверади.

Биласиз, февраль ойида 4та жамоамиз ОЧЛ баҳсларига киришади. Шу клубларимиз бош мураббийларига семинар чоғи тегишли кўрсатмалар беришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, ОЧЛда қатнашадиган клублар устозлари масъулиятли ўйинлар олдидан ўз футболчиларига тегишли гапларни топиб айтадилар. Энг муҳими, мураббийлар маъруза ва амалий машғулотларга катта қизиқиш билан қарашди. Ўзи бундай семинарларни тез-тез ўтказиш керак. Ахир мураббийлар ҳеч қачон ўзларича йиғилишиб, замонавий футбол талаблари, ундаги ўзгаришлар ҳақида гаплашишмайди-ку. Ўтган йилдан ёш мураббийлар учун ҳам худди шундай семинарларни йўлга қўйдик. Умуман, федерация бу йўналишда катта иш олиб боряпти. Болалар билан ишлайдиган мураббийларга кўпроқ замонавий билимлар бериб, керак бўлса, уларни назоратга олишимиз керак. Кейингина мураббийлик йўналишида ўсишни кутишимиз ва бунинг натижасида истеъдодли футболчиларнинг кашф қилинишига эришишимиз мумкин.

 

Бахтиёр Ашурматов («Навбаҳор» бош мураббийи):

- Семинар бир кунга мўлжалланган бўлсада, шахсан менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаяннинг маърузаси маъқул келди. Самвел Вячеславлович ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ғалабага эришиш омиллари ҳақида гапирди. У хусусан, замонавий тенденциялар асосида футболчиларни руҳан тайёрлаш, ҳар бирини уйғотиш учун тўғри сўзларни топиб гапириш муҳимлигини урғулади. ФИФА тасарруфидаги семинарларни ўтказиб келаётган Ислом Аҳмедов фойдали маълумотларни етказди. Ислом ака кўзга кўринган мутахассислар, мураббийлар билан доимий алоқада, тез-тез замонавий футбол тенденциялари ҳақида мулоқотда бўлади. Ўша суҳбатлар асносида олган билимлари, тушунчаларини биз билан ўртоқлашди. Айтиш мумкинки, унинг кўрсатмалари эндиликда эскирган айрим тушунчалардан анча фарқланади. Ҳар бир мураббий ўз клубига қайтиб, назарий ва амалий машғулотларда эшитган - кўрганларини футболчиларига етказишига ишонаман. Ўз ўрнида, мен ҳам олган билимларимни «Навбаҳор»да амалиётга татбиқ этаман. Ўтган мавсумни 8-ўринда якунладик. Кўпчилик буни «Нав­баҳор» учун ижобий натижа ўрнида қабул қилди. Лекин шахсан мен натижадан умуман қониқмадим. Яна олимпия терма жамоасидаги қисқа фаолиятим чоғи ўзим учун керакли хулосаларни чиқардим. Ҳали жуда кўп ишлашим, изланишим керак. Бунинг учун хориж клубларига бориб, малака оширишни ҳам ўйлаб турибман. Келажакда қаерда ишлашимдан қатъий назар, мураббийлик билимларимни ошириб боришим шарт. Минг афсуски, бугунги кунда Наманганда болалар футболига эътибор паст. Бунда «Навбаҳор»да ишлаган ҳар бир мураббийнинг айби бор. Ўз ўрнида, вилоят футболига масъул раҳбарларнинг ҳам. Биз - мураббийлар ташкилий ишлар билан банд бўлиб, ёшлар футболига эътибор бермай қўйдик. Мана, яқинда вилоят ҳокими ўзгарди. У киши билан учрашув чоғи ҳам шу мавзуда суҳбатлашдик. Якдил хулосамиз келажакда Наманган заминидан яна Одил Аҳмедов каби футболчиларни чиқариш кераклиги бўлди. Бунинг учун кўп ишлаш керак, масъуллар эса маблағ томонидан қўллаб-қувватлаб туришлари лозим.   

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:19, 22.12.2015.
Ўқилди: 2704 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.