Январь ойида Қатарда ўтадиган Осиё чемпионати гуруҳ босқичи илк ўйинида Жанубий Корея олимпия терма жамоаси Ўзбекистонга рақиблик қилишидан хабарингиз бор.
Корейслар бош мураббийи Шин Тэ Йонгнинг хужум чизиғида ишонган футболчиси Рю Сунг Ву ҳисобланади. 22 ёшли бу футболчи Германиянинг “Байер” клубида тўп суради. Корейс ОАВлари футболчининг бу йилги мавсумда ўз клуби сафида биронта ўйинда майдонга тушмаганлигидан хавотирда. Ишонган ҳужумчиларида ўйин амалиёти йўқлигига қарамай бош мураббий Шин Тэ Йонг унга ишонч билдиришда давом этмоқда. Рю Сунг Вунинг камчилиги сифатида унинг бўйи пастлиги (172 см) айтилмоқда. Аммо барибир футболчи бундеслиганинг етакчи клуби сафида тўп суришини ва унинг тезлиги ниҳоятда юқорилигини унутмаслик лозим. Бугун Рю Сунг Ву Кореянинг “Sports World” нашрига қуйидагича фикр билдириб ўтди:
“Байер” сафида майдонга туша олмаганлигимдан афсусдаман. Лекин ўзим шуғулланишдан сира тўхтамадим. Жисмоний ҳолатимни муттасил яхшилаб бордим. Саломатлигим ҳам жойида. Мен олимпия терма жамоамиз билан Рио олимпиадасига боришни истайман. Мен ҳужумкор ўйинни хуш кўраман. Қатарда Рио олимпиадаси чиптасини чўнтакка солиб қайтишни ўйлаяпман. Ўйлайманки, бизнинг жамоа бунга қодир”.
Корейс ОАВлари хабарлари асосида Отабeк ЙЎЛДОШEВ тайёрлади.