Саудия Арабистони Про-лигасининг 12-туридан ўрин олган «Ан-Наср» ва «Ал-Холуд» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Ар-Риёддаги «Ал-Аввал» стадионида ўтган баҳсда мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувни бош ҳакам Холид ат-Турайс бошқариб борди.
Учрашувда ҳисобни 16-дақиқада меҳмонлар ҳужумчиси Жюльен Домингес очди. 24-дақиқада Габриэл Анжело мувозанатни тиклади. 38-дақиқада Садио Мане «Ан-Наср»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи таймга қўшиб берилган вақтда Лоик Эссомба яна ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда эса Криштиану Роналду ўз сўзини айтди. Португалиялик ҳужумчи 66-дақиқада жамоасининг учинчи голини урди, орадан олти дақиқа ўтиб дубл қайд этди. 81-дақиқада эса хет-трикни расмийлаштирди.
Роналду учун бу гол фаолиятидаги 985-голи бўлди. Шу тариқа у «Ан-Наср»нинг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
90+4-дақиқада Домингес дубл қайд этиб, ҳисобни қисқартирди, аммо бу «Ал-Холуд»ни мағлубиятдан қутқариш учун етарли бўлмади.
Саудия Арабистони Про-лигаси. 12-тур
«Ан-Наср» — «Ал-Холуд» 5:3
Голлар: Домингес, 16 (0:1), Анжело, 24 (1:1), Мане, 38 (2:1), Эссомба, 45+2 (2:2), Роналду, 66 (3:2), Роналду, 72 (4:2), Роналду, 81 (5:2), Домингес, 90+4 (5:3).













