Бугун Жанубий Корея профессионал футбол уюшмаси якунига етган 2015 йилги футбол мавсумига оид бир қанча маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, йилига қарийб 950,000 АҚШ доллари миқдорида маош оладиган “Чонбук Хёндэ” клуби ҳужумчиси Ли Донг Гук маҳаллий футболчилар ўртасида энг юқори маош олувчи футболчи мақомига эришди.
Иккинчи ўринни эса “Улсан” ҳужумчиси Ким Шин Вук эгаллади. У йилига 900,200 АҚШ доллари ишлаб топади. Учинчи ўринни эса Жанубий Корея терма жамоаси ва “Сувон” дарвозабони Жонг Сонг Рёнг эгаллади. У бир йилда 602,900 АҚШ долларини “қуртдек санаб олади”.
Кей-лигада тўп сурадиган легионерлар орасида энг кўп маошни эса “Чонбук Хёндэ”нинг бразилиялик легионери Леонардо олади. Унинг йиллик маоши 1 миллион 107 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. “Сеул”нинг колумбиялик ҳужумчиси Молина эса ундан сал камроқ – 1 миллион 75 минг АҚШ доллари ишлаб топади. Ҳамюртимиз Сервер Жепаров эса 2015 йилги мавсумда кей-лигада энг кўп маош оладиган легионерлар орасида учинчи ўринда қайд этилди. Сервер 2015 йилги мавсумда “Улсан Хёндэ” сафида 896,000 АҚШ доллари ишлаб топган.
Футбол мухлисларимизга яхши таниш бўлган болқонлик ҳужумчи Стевитса Ристич (“Чоннам”) нинг йиллик маоши эса 640,000 АҚШ долларига тенг бўлди.
Сервер ўтган мавсумларда ҳам кей-лигада энг кўп маош олувчи футболчилар рўйхатида қайд этилиб келинган. Аммо корейс матбуоти унинг оладиган маоши ўйинига мос эмаслигини бот-бот такрорлаб, танқидларга учраб келган.
Корейс ОАВлари хабарлари асосида ОТАБEК ЙЎЛДОШEВ тайёрлади.