"Барселона" жамоаси бош мураббийи Луис Энрике қишки трансфер ойнаси давомида яна бир ҳужумчини сотиб олиш нияти борлиги ҳақида Sport.es интернет-нашри хабар бермоқда.
Испаниялик мутахассис "Барселона" раҳбариятига "Сельта" ҳужумчиси Нолито, "Вильярреал" аъзоси Денис Суарес ёки "Ред Булл Зальцбург" форварди Жонатан Сорианодан бирини сотиб олиш кераклигини маълум қилган. Аммо, клуб раҳбарияти бўлажак трансфер ойнасида ҳеч қандай ҳаражат қилмаслигини айтиб ўтган.
Энрикенинг фикрича, "каталонияликлар" ҳужумчиларидан бири - Месси, Неймар ёки Суарес жароҳат олган тақдирда, улардан бирининг ўрнини боса оладиган футболчи керак. Клуб сафида ҳаракат қилаётган ҳужумчилар Мунир Эл-Ҳаддодий ва Сандро Рамирес ҳозирча Энрикенинг ишончини оқлагани йўқ. Шу сабабдан, "кўк-анорранглилар" бош мураббийи клубга янги ҳужумчини жалб қилмоқчи.
Таъкидлаш керакки, Луис Энрике сотиб олмоқчи бўлган футболчиларнинг барчаси "Барселона" клуби аъзолари бўлишган.