Boxing Day - бу ибора барча футбол мухлисларига яхши таниш. Лекин унинг нимани англатишини ҳамма ҳам билавермайди. Рождество байрами шарафига фақат Англияда йўлга қўйилган навбатдаги футбол марафони анъанага кўра, 26 декабрь куни старт олди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ажойиб «микро-турнир» тарихи ва унга дахлдор қизиқарли маълумотларни янги йил совғаси сифатида тортиқ этишни лозим кўрдик.
Boxing Day - бу сиз ўйлаган нарса эмас
Кўпчилик мухлисларда «Boxing Day Англиянинг энг сара клублари ўртасида 10 кунлик муддат ичида чемпионат ва мамлакат кубоги доирасида ўтказиладиган учрашувларни англатади» қабилида тушунча бор. Аслида ундай эмас. Boxing Day - атиги бир кун. Яъни католикларнинг Рождество байрамидан кейинги кун - 26 декабрь. Шу куни эрталаб инглизлар яқинлари ва ёру-дўстларидан қабул қилган байрам совғалари билан танишиб чиқадилар. Кейин байрам шукуҳига чўмган стадионлар сари йўл оладилар.
Дарвоқе, 26 декабрь санасида мусобақа уюштириш Англияда олис 1860 йилдаёқ урф бўлганди. Ўшанда мухлислар «Шеффилд» ва «Халлам» ўртасидаги дерби гувоҳига айланишган. Ўйин «Шеффилд»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Тўғри, Boxing Day фақат 1957 йилга келибгина Англия чемпионати тақвимидан мунтазам ўрин олди. Мана, 58 йилдан буён 26 декабрь куни стадионларга ташриф буюриш англиялик мухлислар учун Рождествонинг ажралмас қисми саналмоқда.
Boxing Dayнинг эътиборли жиҳатларидан бири - битта шаҳар ёки бир-бирига яқин ҳудудлардаги жамоаларнинг ўзаро куч синашишлари. Боиси, Рождество кунлари жамоат транспортлари деярли ишламайди, мухлисларга эса суюкли жамоалари ўйинига боришлари учун қулайлик яратиш лозим. Таҳсинга лойиқ ғамхўрлик, лекин Англия учун бу одатий ҳол.
Айтганча, совғалар куни фақат футболга дахлдор эмас - зодагонлар хизматидаги ходимлар 26 декабрь куни барча юмушлардан озод этиладилар! Бу ҳам йилда лоақал бир марта стадионга тушиш учун ажойиб имконият!
Boxing Day - Англия
чемпионати фахри
Англияликлар Рождество оқшомидаги беллашувларни яна шунинг учун ҳам севадиларки, ўз чемпионатлари бошқалардан яққол ажралиб туришини исташади. Дарҳақиқат, Boxing Day баҳслари на Испания, на Италияда бор, умуман, бошқа ҳеч қайси мамлакатда йўқ. Шу сабабли, мазкур ажойиб анъанани бекор қилиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. «Футболчи ҳам инсон, у Рождествони ўз оиласи даврасида қарши олишга ҳақли» қабилидаги даъволарга эса ҳеч ким ортиқча эътибор бермайди. Қолаверса, футболчилар байрам кунлари икки баравар кўпроқ ғайрат-шижоат ва завқ билан тўп суришади. Ахир минг-минглаб мухлисларга байрам совғаси сифатида ажойиб ғалаба тортиқ этишдан кўра, завқлироқ юмуш борми?!
Тўғри, футбол ватанидаги азалий анъанадан бехабар айрим ажнабий мутахассислар Boxing Day хусусида салбий фикр билдирадилар. Масалан, «МЮ» бош мураббийи Луи ван Гал Рождествода футболчиларнинг таътилга чиқмасликларини Англия спортининг энг ёмон иллати сифатида кўрсатганди. Лекин шу билан бирга анъанага етарли ҳурмат билан ёндашадиган мураббийлар ҳам бор, албатта. Жумладан, «Арсенал»нинг франциялик устози Арсен Венгер шундай деганди: «Бордию, Boxing Dayни бекор қилишса, аламдан йиғлаб юборган бўлардим. Бу - инглизлар, Англия футболига хос анъаналарнинг ажралмас қисми. Байрам кунларидаги марафонни томоша қилиш учун Англияга бутун Европадан меҳмонлар келишади. Қолаверса, дунёга донг таратишимизда ҳам бунинг аҳамияти катта. Чунки Рождествода ҳамма дам олиб, АПЛ беллашувларини томоша қилади. Мен доимо шундай бўлишини истайман».
Boxing Day афсоналари -
ҳақиқатми ёки уйдирма?
Демак, Boxing Dayнинг аслида атиги бир кун, битта турдан иборатлигини билиб одик. Лекин қуйида келтириладиган статистик маълумотлар фақат 26 декабрдаги беллашувларни эмас, Рождество марафонидаги 3та тур учрашувларини ўз ичига олади. Чунки умумий қарашга кўра, Boxing Day футбол бобида 10 кунга чўзилади. Қуйидаги маълумотларда АПЛнинг сўнгги 5та мавсумига дахлдор натижалар келтирилган.
1. Boxing Dayдаги ғолиблик - АПЛдаги ғалаба
Камдан-кам ҳолларда ҳақиқатга тўғри келмай қоладиган анъана. Сўнгги 5 йил ичида фақат «Ливерпуль» 2013|2014 йиллар мавсумида Boxing Dayда етакчилик қилиб, охирги турда чемпионликни «Манчестер Сити»га бериб қўйди. Қолган барча жамоалар марафондаги етакчилик мавқеини мавсум охирига қадар сақлаб қолишган. Табиийки, бу «Лестер» учун ғоят ёқимли анъана!
2. Рождество чемпиони -
АПЛда ҳам чемпион
Бу анъана ҳозирда эртак кўринишини олган. Охирги 5та мавсумда байрамни пешқадам сифатида кутиб олган жамоаларнинг бирортаси финишга чемпион сифатида етиб боролмади. Хусусан, Брендан Рожерс бошқарган «Ливерпуль» ҳам. Унгача «Арсенал», «Челси», «Сандерленд» (!)) ва «Манчестер Сити» клублари шу кўйга тушишганди. Фақат, Роберто Манчинининг «Сити»си ва Рафаэль Бенитеснинг «Челси»си бир амаллаб совриндорлар учлигидан жой олган. Қолганлар шундан ҳам бенасиб қолишган.
3. Boxing Dayдаги муваффақиятнинг асосий гарови - «узун захира ўриндиғи»
Ҳа, «захира ўриндиғининг узунлиги» жамоа муваффақиятидаги асосий омил саналмасада, ўта муҳим жиҳатдир. Бунинг исботи сифатида 2013|2014 йиллар мавсумидаги «Арсенал» натижаларини кўрсатиш мумкин. Ўшанда Арсен Венгер «Вест Хэм», «Ньюкасл» ва «Кардифф Сити»га қарши ўйинларда 19 нафар футболчидан фойдаланганди. Уларнинг 17 нафари дастлабки дақиқалардан майдонга тушишган. Карл Женкинсон ва Никлас Бендтнер эса ўйинга захирадан қўшилганлар. Қизиғи, шу ўйинчилардан фақат 4 нафари - Войцех Шесни, Пер Мертезакер, Бакари Санья ва Санти Касорла тўлиқ 270 дақиқа тўп сурган.
Тўғри, «узун захира ўриндиғи» билан омадсизликка учраган жамоалар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, «Эвертон»ни бошқарган Роберто Мартинес ҳам 19 нафар ўйинчидан фойдаланган. Шунга қарамай, ҳар 3та учрашувда мағлубиятга учраган.
4. Boxing Dayни сўнгги поғонада якунлаш - қуйи дивизион йўлланмасини расмийлаштириш
Сўнгги йилларда жамоалар бу ривоятни фаоллик билан инкор этмоқдалар. Мисол учун, ўтган мавсум сўнгги ўринда турган «Лестер» 2-даврада ўзини ўнглаб, чемпионшипга қулашдан қутулиб қолди. Ундан аввалги мавсумда «Сандерленд» худди шундай қаҳрамонликни қайд этган. Қисқаси, охирги 5 йил ичида янги йилни охирги ўринда қарши олган 5та жамоадан 2таси - «Блэкберн» ҳамда «КПР»гина АПЛни тарк этди. Айни пайт шундай қисматни бошдан кечираётган «Астон Вилла»нинг элитада қолишига умид кам - бирмингемликлар ҳаддан зиёд кўп очко йўқотишди.
5. Boxing Dayнинг 2-даврага таъсири кучли
Бу айни ҳақиқат. Ўтган мавсумдаги «Челси»ни ёдга олиш кифоя. Жозе Моуриньо учун Рождествогача ва ундан кейинги давр турлича кечди. «Уайт Харт Лейн»да «Тоттенхэм»га қарши баҳс (3:5)дан кейин португалиялик мутахассис тамоман бошқача услубни танлади. Тўғрироғи, шу пайтгача ҳужумкор ўйин кўрсатган «Челси» такомиллашган автобусга айланиб, якунда шоҳсупага кўтарилди.
Boxing Day-2015дан ўрин олган эътиборли 3та ўйин
1. «Ливерпуль»-«Лестер»-1:0
Бир ҳафта муқаддам АПЛнинг мавсумдаги бош «сенсация»чиси «Битлз» асос солинган шаҳарга ташриф буюрган мухлисларни қон қақшатиб қайтганди. Риёд Маҳрез қайд этган «дубль» ва Шинжи Оказакининг голи эвазига «тулкилар» «Эвертон»дан қимматли 3 очкони тортиб олгандилар. Аммо бу гал пешқадамга осон бўлмаслиги аниқ эди: аввалги турда «Уотфорд»дан 0:3 ҳисобида енгилган «қизиллар» ўз мухлислари кўз ўнгида ғалаба учун бор куч-маҳоратларини ишга солишди. Натижада турнир карвонбошиси бу сафар ортга қуруқ қайтди.
2. «Челси»-«Уотфорд»-2:2
Агар мавсум аввалида кимдир «Уотфорд»ни Рождество арафасида «Челси»дан юқорироқ поғонада юришини тахмин қилганида, уни телбага чиқаришлари аниқ эди. Бироқ бугун бу айни ҳақиқат! Қолаверса, Кике Санчес Флореснинг яхши маънодаги «чапани йигитлари» аввалги турда «Ливерпул»ни сўзсиз таслим бўлишга мажбур этишди. Лекин Моудан қутулган «Челси» ҳам анойи эмас - жамоа 1та тур олдин «Сандерленд» устидан ишончли ғалабага эришди. Қўшимчасига, Гус Хиддинк «кўклар»даги парокандаликка барҳам бера оладиган мутахассисдек туюлмоқда. Агар 26-санада Оскар пенальтидан тўпни осмону-фалакка йўналтирмаганида, Хиддинк «Челси»си ғалабали одимини давом эттирарди. Аммо меҳмонлар ҳам бўш келишмади ва улар турнир жадвалида «Челси»дан ҳамон анча юқоридалар.
3. «Саутгемптон»-«Арсенал»-4:0
«Тўпчилар»нинг Рождество марафонидаги муваффақиятли иштироклари юқорида зикр этилди. Бундан ташқари, уларнинг «авлиёлар»дан ўзига хос реванш олиш учун ҳаракат қилишларига шубҳа йўқ эди. Зеро, жорий йилнинг январь ойи (аввалги марафон доираси)да «авлиёлар» 2:0 ҳисобида зафар кучишганди. Қарангки, бу сафар «тўпчилар» дарвозасига урилган голлар сони 2 баравар ошиб, «Саутгемптон» янада ишончли ғалабани тантана қилди. Шу тариқа «Арсенал» яна якка пешқадам бўлиб олиш имкониятидан унумли фойдаланолмади.
Манба: Championat.com,
С.РАҲМОНОВ тайёрлади