"Арсенал" жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер яқин вақт ичида жамоа таркиби кучайтирилишини маълум қилди.
У қишки трансфер мавсуми борасида ўз фикрлари айта туриб, 10 кун ичида лондонликлар сафига янги футболчи келиб қўшилишини билдирган.
Шу билан у жамоанинг жароҳатланган футболчилари тез орада сафга қайтиши ва қишки трансферлар вақтида жуда кўп футболчи харид қилинмаслигини айтган.
"Умид қиламанки, 10 кун ичида бирор футболчини харид қила оламиз. Бу ерда сон эмас, сифат муҳим. Жароҳатланган футболчиларимиз ҳам тез орада сафга қайтишади.
Тез орада Коклен ўйинларга тушишга тайёр бўлади, у югуриш машқларини бошлаган. Касорла эса февраль ўрталаригача жароҳатидан даволанади. Артета жароҳатидан қутулди. Шу сабабли қишки трансфер мавсумида узоғи билан икки нафар футболчи сотиб оламиз. Вазиятга реал баҳо бериш керак. Ҳеч ким Янги йил арафасида "Менда сизнинг жамоангизни кучайтира оладиган фантастик футболчи бор" деб бонг урмаганди ҳам", - дея Венгернинг сўзларидан иқтибос келтиради ESPN.
Бироз аввалроқ "Базель" футболчиси Муҳаммад Эл-Ненни "Арсенал"да тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида хабар берилганди. Бу футболчини "канонирлар" раҳбарияти 7 миллион фунт эвазига харид қилмоқчи экани айтилган.