Йил ўтгани сари бутун дунёда футбол ривожланмоқда. Хусусан, Осиёда ҳам. Гарчи ҳозирча қитъада барча ишлар кўнгилдагидек кечмаётган бўлса-да, айрим йўналишларга боғлиқ ўзгаришлар борлигини инкор этмаслик лозим. Дейлик, келаси мавсумдан ОФКда клублар масаласи бўйича кўплаб янгиликлар жорий этиладиган бўлди. Табиийки, бу янгиликлар ташкилотга аъзо давлатлар, хусусан ўзбек футболида ҳам амалга татбиқ этилиши шарт. Қуйида ОФК томонидан қўйилаётган янги талаблар ва уларни амалиётга жорий этиш борасида қандай қийинчилик ёки муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида сўз юритсак.
ОНЛАЙН ЛИЦЕНЗИЯ
Яхши биламиз, ОФК даражасидаги мусобақаларда иштирок этиш учун ҳар бир клуб тегишли талабларга жавоб бериши ва лицензия олиши лозим. Шу вақтга қадар лицензиялаш тартиби эскича - яъни қоғозбозлик услубида олиб бориларди. Энди бўлажак мавсумдан эътиборан, янги инновацион ғоялар асосида иш юритишга келишиб олинди - клублар интернет орқали онлайн тарзда тегишли ҳужжатларни тақдим этишлари керак. Бу қандай амалга оширилади?
Энди клублар лицензия учун талаб қилинадиган барча ҳужжатларнинг электрон вариантини тайёрлайдилар ва бевосита ОФК сайтига жойлайдилар. Қитъа футболи раҳбарияти шу тариқа ҳар бир клуб билан ортиқча муаммосиз танишиб чиқиш имконига эга бўлади. Ўз навбатида, клублар вакилларига ҳам осон, энди улар қоғозбозлик қилиб юрмасдан, шунчаки, керакли маълумотларни интернетга қўйсалар, бас. Аммо тақдирнинг қалтис ҳазили шундаки, айнан шу қулайлик клублар учун муаммо келтириб чиқариши мумкин. Қандай? Ҳозир тушунтириб ўтамиз...
МУАММО
Гап шундаки, илгари барча ҳужжатлар тахт қилингач, ПФЛда кўрикдан ўтказиларди. Натижада мутахассислар билан бамаслаҳат камчиликларни бартараф этиш имконияти юзага келарди. Бир сўз билан айтганда, ПФЛ барча ҳужжатларни ростлаб, клублар камчиликларини тўлдириб, кейин ОФКга юборарди. Бу албатта, клубларга анча енгиллик туғдирарди, улар муаммо қолмаганига ишонган ҳолда, ОФКга ҳужжатларни тақдим этишарди. Интернет орқали онлайн иш тизимига ўтиш туфайли шу имтиёз йўқолади. Чунки ҳужжатлар ОФК сайтига жойлангач, уларни қайта ишлаш ва тўғрилаш имкони қолмайди. Шу сабабли, ҳужжатларни интернетга юклаш олдидан етти эмас, минг ўлчашга тўғри келади. Шунда ҳам, «кесиш»дан олдин, яна бир марта ўлчаб олиш лозим. Акс ҳолда, тузалмас хатога йўл қўйиш ҳеч гап эмас.
Албатта, ПФЛ бу борада ҳам клубларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилади. Табиийки, бунинг учун ўзаро яқин алоқада бўлиш талаб этилади. Бу ҳақда йил якунларига бағишланган йиғилишда ҳам алоҳида гапирилди ва ПФЛ ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди. Аммо барибир, онлайн тизимига ўтиш орқали клублар ишида нуқсонлар кўзга ташланиши мумкин. Шунинг учун клублар раҳбарлари энди ҳушёрликни оширишлари шарт.
БОЛАЛАР ФУТБОЛИ
Шу билан бирга ОФК томонидан болалар футболи борасида қўйилаётган талаб ҳам бироз ўзгарди. Аммо илгаригисидан фарқли ўлароқ, бунда бироз енгиллик берилган.
Бунгача ҳар бир клуб академиясида 4та ёш тоифасида жамоа бўлиши шарт қилиб қўйилганди. Энди бу талаб биттага қисқарди ва 3та жамоа етарли эканлиги белгиланди. Ушбу жамоалардан иккиси 15 ва 18 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топиши ва албатта, республика миқёсидаги мусобақада иштирок этиши шарт. Улар эпикировка ва таъминот борасида ҳеч қандай муаммога дуч келмасликлари керак.
Учинчи жамоа эса 13 ёш ёки кичикроқ болалардан тузилади. Эътиборли томони, ҳар бир жамоада албатта, камида 40 нафар ўйинчи шуғулланиши лозим. Шу билан бирга мутахассислар масаласида ҳам талаблар кучайтирилди. Агар илгари футбол мактабларида махсус лицензиясиз мутахассисларнинг фаолият юритишлари ҳолати учраб турган бўлса, энди бунга чек қўйилиши шарт. ОФК айнан мана шу муаммони бартараф этишни қатъий талаб қилмоқда. Агар ходимлар тегишли лицензияга эга бўлмасалар, рўйхатдан чиқариб ташланишлари шарт. Яна ҳар бир клубда техник директор лавозими ҳам ташкил этилиши лозим.
ОФК клубларнинг шунчаки, фаолият юритмасдан, ўзлари жойлашган ҳудуд футболи ривожида ҳам фаол иштирок этишларини истамоқда. Шу сабабли, бу борада турли тадбирлар уюштиришни талаб қилмоқда. Хусусан, болалар футболи бўйича ўтказилаётган турли мусобақалар ҳам клублар ҳисоботида акс этиши лозим.
Хуллас, шундай гаплар. Энди клублар янги мавсумдан эътиборан анча жиддийлашишлари ва камарни маҳкам тортиб, шашт билан ишлашлари лозим. Аслида бу янгиликларни ОФКнинг кўзи эмас, балки ўз футболимиз равнақи учун жорий этишимиз керак. Ахир ишлашдан мақсад ҳам аслида шу эмасми?
Абдулазиз МУРОД