Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Месут Озил:«Зидан чирой учун финт ишлатмасди»

Баҳо:
+ | -

«Арсенал» плеймейкери Месут Озил The Times нашрига интервью бериш чоғида ўзининг ҳаёт ақидалари, болалигида энг яхши кўрган футболчиси ҳамда камтарликни сақлаб қолган ҳолда атрофидагиларга кўмаклашишга тайёрлиги хусусида гапириб берди.

Месут ўз ҳаёт тарзига эга, болалигида қандай ўргатишган бўлса, шунга асосан кун кечиради, ўйнайди. У ҳашаматдан йироқда улғайди, аммо ҳамиша оила аъзоларининг меҳрига тўйди.

- Ота-онам мени яхши тарбиялашди, шу боис футбол ўйнашни бошлаганимда манманликка берилмадим, - деди Озил. - Улар менга калондимоқлик салбий одат эканини уқтириб, барчанинг бирдек ҳурматга лойиқлиги, ҳамма билан яхши муносабатда бўлишни ўргатишди. «Сен футболчи сифатида шуҳрат қозонишинг мумкин, аммо бу аканг ёки синглингдан устунсан, дегани эмас. Бир-бирингизни ҳурмат қилинг. Бир-бирингизни қўлланг», дейишарди. Айнан шундай муҳитда улғайдим. Маданиятимизнинг ўзига хослигидан далолат бу.

****

- Лондон кўп жиҳатдан менга Берлинни эслатади. Мухлислар кўчада кўриб қолишса, дастхат сўрашади, биргаликда суратга тушамиз. Ўзим истагандек яшашга ҳаракат қиламан: кино, ресторанга бораман, дўстларим билан шаҳар айланаман - оддий ҳаёт тарзини маъқул кўраман.

Ўтган йили Озил ногирон болаларни «Арсенал» ўйинларига таклиф қилди. Бразилияда жаҳон чемпионати ўтаётган паллада Амазонка яқинидаги бемор кичкинтойларни даволаш учун германиялик шифокорларга пул тўлади. Дастлаб 11та операция ўтказилди, кейинчалик эса Месут бундай тадбирларни кўпроқ уюштириш таклифини ўртага ташлади. Шу тариқа яна 23 нафар боланинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Эндиликда «Озил шифокорлари» Африкада ишлашмоқда.

- Эҳтиёжмандларга кўмаклашишни ёқтираман, аммо ёрдам қўлини мен чўзганимни билишларини хоҳламайман, - дейди Германия термаси аъзоси. - Одатда, бу ҳақда кўп гапирмайман. Қилган ишини миннат қилишдан йироқ инсонлар орасида улғайганман, камтар бўлиш керак. Мақсадим - болакайларга ёрдамлашиш, улар бизнинг келажагимиз. Болалигим ёдимда, менга кўп нарса етишмасди. Гарчи оч қолмасакда, камбағалликда кун кечирганмиз. Кунига 8-9 соат футбол ўйнардим. Мактабда дарслар тугаши ҳамоно майдонга шошардим, у ерда дўстларим ҳамроҳлигида оқшомга қадар тўп сурардик, маҳаллий жамоа билан шуғулланардик. Машғулотлардан сўнг одатда, яна ўйнардик. Зайниддин Зидан энг севимли футболчим эди. Худди у каби финт ишлатишга интилардим. Франциялик футболчи жуда камтар ва ақлли эди. Бир ўзи ўйин масаласини ҳал эта оларди. Кўп ҳаракатларини такрорлаб, унга ўхшашга ҳаракат қилардим.

****

- Авваллари футбол ортидан пул топиб, кун кечириш мумкинлиги ҳақида ўйламасдим. 15-16 ёшга тўлганимда, иқтидорли эканимни айтишди, аммо фаолиятимнинг муваффақият келтиришини тасаввур қилолмасдим. Менга шунчаки футбол ўйнаш ёқарди. Кейинчалик эса севимли машғулотим ортидан пул топишим мумкинлигини англадим. Бу - ажойиб.

****

- Одамларнинг ҳалол ўйнаётганим ҳақидаги гап-сўзларидан қувонаман. Шу тариқа улғайганман, кейинчалик ҳам бу ҳолат ўзгармайди. Болалигимда тош босган майдонда ўйнардик, ҳар сафар йиқилганда жиддий жароҳат олиш ҳеч гап эмасди. Шу боис, симуляция ишлатиш ҳақида умуман ўйламасдик. Эндиликда эса майсада ҳам шундай давом этмоқда. Германиянинг турли ёшдаги термаларида менга қарши тез-тез қўполлик ишлатишар, аммо асло ранжимасдим. Ҳужумчи ортида ўйнаркансан, турли «подкат»ларга тайёр туриш лозим. Рақибларни ғазаб билан эмас, техника эвазига алдаб ўтишни маъқул кўраман. Агрессия - вақтнинг беҳуда сарфланиши демак. Бор эътиборни ўйинга қаратиш лозим.

****

Жорий мавсум ўз ҳисобига 16та голли «пас»ни ёзиб қўйган Озил франциялик ҳужумчи Тьерри Анрининг рекорди (20)ни янгилашга тайёр.

- Анрини ортда қолдириш ҳақида умуман ўйламаганман, - дейди Месут. - Бу рекорддан хабарим бор, аммо асосий эътиборим «Арсенал» муваффақиятларига ҳисса қўшишга қаратилган. Албатта, рекордчи бўлиш ёқимли, аммо барибир, муҳими - жамоа манфаати.

****

- Гол уриш ва самарали «пас» беришни ёқтираман - ҳар иккиси фойда келтиради. Ҳаракатларим орқали ишқибозларга завқ улашишдан роҳатланаман, лекин ўзим эмас, «Арсенал» учун ўйнаётганимни унутмаслигимиз керак.

****

- Жорий мавсум ажойиб қатнаш-япмиз, кўпроқ таваккал қиляпмиз, тезкорликка эътибор қаратяпмиз, бир мақсад йўлида бирлашяпмиз. Тўпни назорат қилиш яхши, ҳужум уюштириш учун имконият туғилса, ундан фойдаланяпмиз.

****

Яқинда Озил «Вилла Парк» стадионини тарк этаётганида «Астон Вилла» мухлислари уни номақбул ишоралар билан кузатиб қўйишди.

- Улар 0:2 ҳисобида ютқазишаётган, жамоалари ноқулай вазиятда қолганди, шундай экан, томошабинлар томонга қараб жилмайдим. Бу кимнингдир жаҳлини чиқарди, айримларнинг эса юзида табассум пайдо бўлди.

Озилнинг хатти-ҳаракатлари «Арсенал»нинг ҳолатини кўрсатаётгандек, гўё.

****

- Жорий мавсум ўзимизга бўлган ишонч ортди, - деди германиялик футболчи. - Буни ўйинимиздан ҳам сезиш мумкин. Рақибларга эркин ҳаракатланиш имкониятини бермаяпмиз. Чемпионлар Лигасига назар солинг: Афинада «Олимпиакос» дарвозасига иккита гол урсак кифоя эди, аммо биз учинчи тўпни ҳам киритдик. Ҳозирда аввалгига нисбатан ғалабаларга чан-қоқмиз.

«Арсенал»га худди шундай кайфият ЕЧЛнинг кейинги босқичида асқотиши мумкин.

- Каталония клуби билан ўйнаш анча мураккаб. «Барселона» айни дамда жаҳоннинг энг яхши жамоаси, буни биз яхши биламиз. Аммо шахсан мен ҳамиша шунга ўхшаш рақибларга қарши майдонга тушишни кутаман. Бу барчамиз учун катта имкониятлар эшигини очади. Биз «Барселона»ни ҳурмат қиламиз, ўз навбатида, улар ҳам «Арсенал»га юқори баҳо беришади. Ўз майдонимизда «Бавария»ни енгдик, шундай экан, каталонияликлардан ҳам қўрқмаймиз. Футболда ҳамма нарсанинг иложи бор. Мухлислар ажойиб қарама-қаршилик гувоҳига айланишади, жамоалардан кўплаб голларни уриш талаб этилади, аммо бизни бу ҳолат асло чўчитмайди. «Барселона» - буюк клуб, бироқ мен Мадриднинг «Реал»ида ўйнаганман. Шундай экан, мазкур баҳс мен учун алоҳида аҳамият касб этмайди.

****

- Ортга назар ташласак, «Арсенал»­нинг Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритмаганини кўрамиз, - деди Озил. - «Тўпчилар» сафида ҳамиша ажойиб футболчилар бўлишган, улар доимо сермазмун ва ҳужумкор ўйин намойиш этишга эътибор қаратишган. ЕЧЛда зафар қучишга қодирмиз, деб ўйлайман. Узоқ вақтдан буён «Арсенал»ни қўллаб-қувватлаётган мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Севимли жамоалари Европанинг энг кучли клубига айланишини анчадан бери кутишяпти.

****

Дарвозамизни Петр Чехдек тажрибали посбон қўриқлаётганидан хурсандмиз. Мабодо рақибларимизда қулай имконият пайдо бўлса, чехиялик кипер вазиятни ўнглашини биламиз. Бу бизга янада кўпроқ куч бағишлайди, ўзимизга бўлган ишончимиз ортади. Петр дарвозадан туриб ўйинни назорат қила олиш салоҳиятига эга. Қолаверса, бошқа дарвозабонларимиз хусусида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин.

Месут суҳбат давомида ўзининг собиқ устози, яқинда «Челси» бош мураббийлигидан истеъфога чиққан Жозе Моуриньо ҳақида ҳам гапирди. Эслатиб ўтамиз, Озил Мадриднинг «Реал»ида айнан португалиялик мутахассис қўл остида ўйнаган.

- Жозе билан содир бўлган воқеа мени ажаблантирди, - деди Месут. - У ажойиб мураббий. Шуниси аниқки, Моуриньо қайси клубда ишлашидан қатъий назар, муваффақиятга эришади. Бу мутахассис чиндан ҳам беназир. Шогирдларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди, жамоа манфаатларини ҳимоя қилади, футболчилардан максимум даражада фойдалана билади. Унинг келгусидаги ишларида омад, бахт ва соғлиқ ҳамроҳлик қилишига тилакдошман.

****

- Лондон, хусусан, «Арсенал»да пайдо бўлишимнинг асосий сабабчиси - Арсен Венгер, - дейди Озил. - У ажойиб инсон. Бу мураббий қўл остида жамоа доимо ЕЧЛнинг «плей-офф» босқичига йўл олади. Ушбу мутахассиснинг биз билан бирга эканидан хурсандмиз. Арсен футболчиларни қандай тайёрлашни билади, улкан тажрибага эга. Англияга Венгер қўл остида малакамни ошириш, ундан нимадир ўрганиш мақсадида ташриф буюрдим.

«Арсенал» устози ўз навбатида, Месутни беэътибор қолдирмайди. Яқинда франциялик мутахассис шундай чиқиш қилди: «Агар сизга футбол томоша қилиш ёқса, демак Озилнинг ўйинларига бефарқ эмас экансиз».

****

Яқинда кўпчилик немис футболчисининг ҳам «Арсенал», ҳам Германия термасидаги ҳаракатларидан норози бўлдилар.

- Ҳозир яхши ўйнаяпман, шу боис танқидчилар жимиб қолишди. Фаолиятим давомида шундай кунларни бошдан кечирдимки, натижада ОАВда мен ҳақимда қандай хабарлар тар-қалаётганига эътибор қаратмай қўйдим. Муҳими - футболдан роҳат олишда давом этиш, мен айнан шундай қиляпман. Бу эса муваффақият сари дадил илдамлашимда асқотмоқда.

****

Месут Германиянинг ЖЧ ғолиблиги ёнига Евро-2016 чемпионлигини ҳам қўшиб олишига ишонмоқда.

- Албатта, бунга қодирмиз. Европа кубогини ҳам ўзимизники қилишимизга шубҳам йўқ.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:04, 07.01.2016.
Ўқилди: 2782 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.