Бельгия терма жамоаси тараққиётида унинг амалдаги бош мураббийи - Марк Вильмотс муҳим ўрин тутади. Ушбу мутахассис жамоада 2009 йили Дик Адвокаатнинг ёрдамчиси сифатида иш бошлаганди. Бироқ бельгияликлар голландиялик мутахассис даврида бирорта йирик мусобақада иштирок этолмадилар. Қарангки, раҳбарлик Вильмотс қўлига ўтгач, ишлар юришиб кетди - ҳозирда «Олтин авлод» сифатида эътироф этилаётган ёш футболчилар ЖЧ—2014 саралаш босқичини қийинчиликсиз босиб ўтиб, Бразилия мундиалида чорак финалгача етиб боришди. Кейин Евро-2016 йўлланмасини ҳам ишонарли тарзда расмийлаштиришди. FIFA.сom сайти ижодкорлари янги йил арафасида тобора юксакликка бўй чўзаётган жамоа бош мураббийини безовта қилиб, ундан каттагина интервью олишди.
- Жаноб Вильмотс, жамоангиз янги йилни ФИФА рейтинги етакчиси сифатида қарши олди. Бу хусусда нима дея оласиз?
- Рейтингда биринчи ўринни банд этганимиздан мамнунмиз, албатта. Аммо бу қандайдир соврин эмас, балки жамоамизнинг сўнгги 3 йил ичидаги муваффақиятли ўйинлари ҳосиласи, холос. Дейлик, биз Бразилия мундиали саралаши доирасида 30 имкониятдан 26 очко жамғариб, барча жамоалар орасида 2-яхши натижани кўрсатдик. Евро-2016 саралаши доирасидаги баҳсларда эса 23 очко тўпладик. Умуман, жамоа охирги 3 йилни дарҳақиқат, кўтаринки руҳда ўтказди.
- Ушбу муваффақиятларга муҳим ҳисса қўшганингизни таъкидлай оласизми?
- Терма жамоанинг рисоладагидек ўйин кўрсатиши учун техник бўлимда 40 нафардан кўп мутахассис тер тўкади. Дик Адвокаатга ассистент сифатида келганимдан буён 7 йил ўтди. У жамоанинг равон йўлга чиқиб олишига кўмаклашди, интизом, ўйиндан завқ олиш, тактика ва машғулотлар жараёни масалаларини тўғри ҳал қилди. Шу тариқа ёш, ғалабаларга чанқоқ жамоа шаклланди, унинг пойдевори қўйилди. Биласиз, Бельгия миттигина мамлакат. Аммо биз ҳужумкор услубга асосланган футбол фалсафасига эгамиз. Муваффақиятдаги шахсий ролимга келсак, шу пайтгача гол урган бирор мураббийни кўрган эмасман. Жамоа устозининг вазифаси - тўғри услубни танлаш, бехато қарорлар чиқариш. Мен қайсидир жиҳат бўйича Юрген Клоппга ўхшайман. Манманликни ёқтирмайман, доимо ўз фикримни рўй-рост айтаман. Шогирдларим билан тез-тез мулоқотда бўламан. Мақсадимиз - ёлғиз ўзлари эмас, бутун жамоа учун жон куйдирадиганлардан аҳил яхлит куч шакллантириш. Шундай экан, ҳамжиҳатликнинг аҳамияти катта. Биласиз, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди. Авваллари жамоада «Мен», «Ўзим» дегувчилар кўп эди. Энди эса «Биз» ибораси кўпроқ ишлатилади. Зеро, биргаликда кўп нарсаларга эришиш мумкин. Хуллас, қудратимиз - бирлик!
- Демак, Юрген Клопп - услубингиз илҳомчиси, шундайми?
- Ўйинчилик даврим ҳам жамоадошларимни олға бошлардим. Фалсафамнинг асосий мазмуни ҳар бир ўйинда голга тортадиган 7-8та яққол вазиятни юзага келтиришдан иборат. Мураббий ўз шогирдларини ҳужумкорликка даъват этса, бу жамоа руҳиятига ижобий таъсир қилади, футболчиларда ўз кучларига нисбатан ишонч ҳисси ортади. Мисол учун, ноябрь ойида Италия термасига қарши кечган баҳс (3:1)да энг яхши жамоалардан бири эканлигимизни тўла исботладик. Демоқчиманки, шунчаки, ғалаба қозонганимиз эмас, ишонарли тарзда зафар қучганимиз аҳамияти катта.
- Футболчилик даврингиз бундеслигада сизни «жанговар тўнғиз» лақаби билан «сийлашган» экан...
- Бу лақабга эътирозим йўқ. Ахир немислар ўйинимни ёқтирганликлари учун менга эҳтиром кўрсатишган-ку.
- Бельгия энг кучли футбол салтанатларидан бирига айланаётгани хусусидаги гапларга қандай қарайсиз?
- Шубҳасиз, шундай! Мақсадимиз - мавқени янада мустаҳкамлаш. Ҳар 2 йилда ўтказиладиган йирик мусобақаларда мунтазам иштирок этишни истаймиз. Жаҳон чемпионатларида лоақал чорак финалгача, қитъа биринчиликларида эса ярим финалгача кўтарилсак, ажойиб иш бўларди.
- Хўш, Бельгия термаси Евро-2016да «сенсация» кўрсата оладими?
- Мен фантазиячи эмасман. Ҳозир кўпчилик терма жамоа атрофида шов-шув кўтармоқда. Мен эса шунчаки, 3 йил аввалги жамоа билан айни пайтдагисини солиштириб кўряпман. Юксак марраларни кўзлашимиз табиий - майдонни доимо ғалаба билан тарк этишни истаймиз. Ўйлашимча, айни пайт Бельгия термасини қитъанинг энг кучли 5-6та жамоаси қаторига қўшиш мумкин. Муҳими, жамоамиз жуда ёш, ғалабаларга чанқоқ. Ўзим ҳам шундайман. Хусусан, Франция-2016га ишонч билан йўл олишимиз аниқ. Лекин ҳар қандай ҳолатга шай туришимиз зарур. Ахир тўпнинг дарвоза устунлари ёки тўсинидан қайтиши, сифатсиз ҳакамлик ва бошқа бир қатор омилларни аввалдан аниқлашнинг иложи йўқ.
- Дарҳақиқат, жамоангизда ноёб ёш иқтидорлар жуда кўп. Уларни қаердан топяпсизлар?
- Биздаги аксарият ёш иқтидорлар Франция, Италия ва Голландияда таҳсил олишган. Бельгия клублари ўз ақидаларига содиқ қолишяпти. Улар камтарона бюджет билан ҳам ЕЧЛда қудратли жамоаларга муносиб қаршилик кўрсата олишларига шубҳа қилмайдилар. Энг катта ўзгариш - бу ёш авлодга чинакамига ишона бошлаганимиз. Чунончи, авваллари бундай қилинмасди.
- Яқинда Бельгия ўсмирлар термаси (U-17) ЖЧ бронза медалини қўлга киритди. Унинг таркибида ўйнаган ёшларга бош жамоанинг навбатдаги авлоди сифатида қараш мумкинми?
- Агарда ишонч бўлса, йирик ғалабаларга эришиш ҳеч гап эмас. Бельгияликлар ҳам сўнгги йилларда шу ҳақиқатни тушуниб етишди. Нафақат футбол, масалан, теннисда ҳам. Шунингдек, Бельгия спортида ватанпарварлик хислати кучаймоқда. Бу нарса спортчига ишонч бағишлаш билан биргаликда мухлисларга лаззат беради.
- Терма жамоа бошқарувини қўлга олганингизда анча ёш эдингиз. Ваҳоланки, миллий жамоани одатда мураббийлик фаолиятининг сўнгги босқичларида қабул қилишади. Ўзи клубларга устозлик қилиш ҳам режаларингизда борми?
- Албатта. Қачон, қаерда? Булар энди алоҳида мавзу. Мана, Бельгия термаси билан 7 йилдан буён ишлаяпман. Энди ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрман. Табиатан узоқ муддатли лойиҳалар устида ишлашга мойилман. Менимча, мураббийликнинг асл моҳияти ҳам шунда. Демоқчиманки, мақсадсиз ишларга сира қўл урмайман. Ахир ҳаммасини пул ҳал қилавермайди. Ишлашга чорлайдиган бошқа омиллар ҳам бисёр.
- Сизнингча, клуб ва терма жамоага устозлик қилиш ўртасида фарқ каттами?
- Клубга мураббийлик қилиш тамоман ўзгача. Дейлик, термада мураббийнинг ўз шогирдлари билан ҳамкорлик вақти чекланган: 3 ойда кўпи билан 2-3та ўйин бўлади. Клубда эса ҳар 3 кунда учрашув. Демак, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилиш учун вақт етарли, мағлубиятларни унутиш осонроқ, барча ўйинчилар ёнингда. Терма жамоа устози аксинча, дунёнинг турли бурчакларига тарқалиб кетишган шогирдларини назорат қилиб туришга мажбур. Бундан ташқари, ҳар қайси ўйинчининг ўз клубида қайси тактика бўйича тўп суришини ҳам инобатга олиш талаб этилади.
- Яна бир неча кундан кейин «Олтин тўп»нинг навбатдаги соҳиби аниқланади. Сизнингча, бу гал соврин кимга насиб этади: Месси, Роналду, Неймар...
- Бу футболчилар орасидан энг яхшисини танлашнинг иложи йўқ. Роналду бир неча йилдан буён «Реал»да юксак савиясини кўрсатмоқда, сермаҳсул, муҳими, деярли жароҳатсиз ўйнамоқда. Месси ҳам шундай, гарчи яқинда илк марта жароҳатга йўлиққан бўлсада. Неймар эса кун сайин кучлироқ ўйин намойиш этяпти, уни тўхтатишнинг иложи йўқдек, гўё. Хуллас, танланган учликнинг савияси жуда баланд. Менимча, номзодлар орасидан ғолибни аниқлаш учун қуръадан фойдаланилса, адолатлироқ бўларди...
- Йилнинг энг яхши мураббийи мақомига Хосеп Гвардиола, Луис Энрике ва Хорхе Сампаоли номзоди кўрсатилган. Даъвогар ҳаамкасбларингизга қандай баҳо берасиз?
- Уларнинг ҳеч қайси бири билан шахсан таниш эмасман. Жамоалари ўйинларига қараб баҳо беришнинг ҳам иложи йўқ. Чунки ҳар бир мураббийнинг иш шароити ўзгача.
- Хўп, унда кимни фаворит сифатида тилга оласиз?
- Агар қўлга киритилган ютуқларга қарасак, Луис Энрикени. Чунки у «требл» қайд этди. Бу ҳайратланарли натижа.
- Талаб даражасидаги жамоавий муҳитни шакллантириш ҳар қандай мураббийни қийнаб қўядиган оғир юмуш ҳисобланади. Бу борада мураббийнинг индивидуал фазилатлари қанчалик қўл келиши мумкин?
- Муваффақиятда қандайдир 5-10 фоиз улуш мураббийга боғлиқ. У жамоа руҳияти ҳар бир ўйинда талаб даражасида бўлишига жавобгардир. Қарорларни ҳам ўзи қабул қилади. Лекин майдонга фақат футболчилар тушадилар. Натижани ҳам улар яратадилар. Демак, астойдил тер тўкишлари талаб этилади. Зеро, ўйин футболчилар учун машаққатли меҳнат эмас, лаззат манбаи бўлиши даркор. Айнан шу жиҳатни таъминлаш - мураббийнинг бош вазифаси!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади