Бугун, 10 май куни Италия А Сериясининг 36-тури доирасида "Комо" жамоаси сафарда "Верона" устидан ғалаба қозонди. Ушбу муваффақият Сеск Фабрегас шогирдларига турнир жадвалининг 5-поғонасига кўтарилиш имконини берди.
Эътиборли жиҳати шундаки, қолган икки тур натижасидан қатъи назар, "Комо" 6-ўриндан пастга тушиб кетмайдиган бўлди. Бу эса клуб ўз тарихида илк бор 2026/2027 йилги мавсумда еврокубокларда иштирок этишини англатади.
Маълумот учун, Италия чемпионатида 6-ўринни эгаллаган жамоа Конференциялар лигасига, 5-ўрин эса Европа лигасига йўлланма беради. Кучли тўртликдан жой олган клублар эса мамлакат шарафини Чемпионлар лигасида ҳимоя қилади.
"Комо" мавсумнинг қолган икки турида "Парма" ва "Кремонезе" жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйинлар жамоанинг айнан қайси халқаро мусобақада қатнашишига ойдинлик киритиб беради.













