Мюнхеннинг «Бавария» клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзининг Англия ишлашни исташи борасидаги гап-сўзлардан кейин инглиз етакчи клублари мураббийларининг босим остига қолиб кетгани учун узр сўради.
«Мен ҳаммаси шундай тус олганидан афсусдаман. Мен ўзимнинг футболчилар ва мураббийлик фаолиятим давомида ҳам ўз ҳамкасбларимга доимий равишда ҳурмат билан муносабатда бўлиб келганман. Шунинг учун юзага келган вазият учун мураббийлардан узр сўрайман. Менда шундай [бошқа мураббийларни босим остида қолдириш] режа йўқ эди», дея Гвардиоланинг сўзларидан иқтибос келтиради ESPN.
Эслатиб ўтамиз, каталониялик мутахассис мавсум якунига етгач, жамоани тарк этади. У бунга Англияда ишлашни хоҳлаётгани билан изоҳ берганди. Сўнгги маълумотларга кўра Гвардиола «Манчестер Сити»ни бошқаради. Бироқ, шу кунга қадар унинг «Манчестер Юнайтед», «Челси» ва «Арсенал» жамоаларини бошқариши борасида ҳам турли миш-мишлар тарқалганди.