Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидовдан: Энг зЎр ЛигА! (ҳазил саҳифа)

Баҳо:
+ | -

Охирги пайтда телеграм-офисимизда нуқул битта жанжал. Йўқ, йўқ, “Реал” ва “Барса” деб ўйламанг, бу масалада ҳозирча реалчиларнинг овози анчайин ўчган, асосий тортишув АПЛ ва Ла-лига борасида кечмоқда. Исмларини айтишим тўғри бўлмас – икки пешқадам журналистимиз туманли альбионнинг соҳир ўйинини мақташ билан, яна учта вакилимиз ла-лига жамоаларининг кўҳна қитъани тиз чўктирганини таъкидлаш билан эринмасдан, икки соатлаб мубоҳаса қиладилар. Ўлай агар, икки томон ҳам ҳеч қачон енгмайди ва ютқазмайди ҳам! Биз – нейтрал, аралашишга-да чўчиймиз.

Аммо яхшиямки жонажон газетамиз бор. Бунда ўзимизга аталган саҳифа мавжуд, бор дардимизни шу ердаги дастурхонга сочамиз-да, ноилож!

Демак, “АПЛ зўрми ё Ла лигами?” деган саволга ўзимнинг жавобимни бермоқчиман. Иккаласидан ҳам ўзимизнинг Олий лига зўр! Куляпсизми, кулманг, исботларим етарли…

… Олий лигамиз ўйинлари шу қадар шиддатлики, бу шиддат қаршисида АПЛнинг пешқадамлари ўртасида ўтадиган классик ўйинлар ҳам бош эгиб, “ассалому алайкум, бой ота-а-а-а!” деб ўтиб кетишади. Бай, бай, учрашувнинг сўнгги сониялари ўтиб бораётганда иккиталаб гол уриш мумкинлигини “Манчестер Юнайтед” тўқсон тўққизинчи йиллардан изламасин, келсин, мана, бизда бу ҳар турда, исталган жамоа томонидан амалга ошириладиган иш бу.

Йўқ, МЮ мавсум бошида келмасин, мавсум тугаётган паллада келсин, ўғил бола гап, ван Гаал: “Манам мураббий бўлиб юрган эканман-да…”, деб “попка”сини отиб юборади. Нега, биласизми? Ван Гаал футболни тушунадиган мураббий-ку, тўғрими? У, саксон дақиқа ўлигини судраб юрган футболчиларга охирги ўн дақиқаликда қаердан куч ато этилганини икки дунё ҳам била олмайди-эй! Ҳинд фильмларидаги “Жоду” ёрдам беряптимикан, деган шубҳага ҳам борса керак. Қайси чемпионатда бор бу манзараки, учрашув тугашига 10 дақиқа қолган, бироқ ижтимоий тармоқдаги ҳамма икки тўп фарқи билан ортда бораётган жамоа “иродали ўйин” кўрсата олишига ишоняпти. Футболчиларимиз ҳам пақиллатиб учтани уриб ташлашмоқда. Э, дамингни ол, АПЛ, деворасан-да шунақа пайтлар.

… Европада жамоаларни ҳар хил жазолар билан жазолашади. Бир жазони ўқиб, кулавериб кўзларимда ёш қолмади ҳисоби. Нимаймиш, ўйин мухлисларсиз ўтказилади! Шу жазо экан Европада, ҳих! Ўша бўм-бўш стадионда ўйин ўтказадиган клуб роса қийналармиш, ўйнагиси ҳам келмасмиш. Бизникиларга ҳайкал қўйиш керак экан-да, а?! Стадион неча йилларки, бўм-бўш! Одам бирдан тўпланиб кетса, қайтанга ҳаяжонланиб, довдираб бошлайдилар. Иккинчи дақиқада тўп ҳам ўтказиб юборадилар. Бизнинг жамоаларимизни жазолаш керак бўлса, стадионга мухлисларни тўлдириб қўйиб жазолаш керак. Кўрасиз манзарани! Хўш, ла-лигачилар, шунақа клубларинг борми “қизил ўлка”да?

…АПЛнинг шиддатли ўйинидан кўзлари ёнаётганлар, стадионларимизга бир қаранг-чи! Баъзи майдонларимизга нисбатан “яшил майдон” деган таърифни ишлатишга ҳам уяласан. Мана шу чим устида (агар буни чим дейиш мумкин бўлса) ҳаракат қилиб, тўпни тўхтатиб олаётган йигитларимизга раҳмат-ей! Футболда оёқ икки ишни амалга оширади – югуриши керак, тўпни идора қилиш керак. Бизнинг футболчиларимизда учинчи вазифаси ҳам бор – ўнғир-дўнғир жойларни юқори инстикт билан пайқаб, ўша ерни босмасдан, яхши жойга қадам қўйиш ё сакраб ўтиш! Югуриб кетаётган ҳужумчи ҳам тўпни, ҳам йўлни, ҳам ўзини бошқариши учун жуда катта талант эгаси бўлиши даркор! Мессиларинг келиб ўйнаб кўрсин, адои тамом бўлади айрим стадионларимизда! Роналду дегичларинг уч кунда 16-касалхонага оғир аҳволда олиб бориларди. Мана шундай майдонларда марду майдон бўлиб ўйнаётган йигитларнинг матонатини тўғри баҳоламаслик, айни адолатсизликдир. Трибунанинг бўм-бўшлиги етмаганидек, ер шари глобусини эслатувчи майдоннинг қаршилигини енгаётган йигитларимизни ўстирган оталарига миллион-миллион раҳмат-ей!

Олий лигамиздаги яна бир ғайритабиий шиддатни ер юзининг бирор бир масканидан топа олмайсиз – жавоб! Биринчи турга қуръа ташланади ва “буёғини ўйла, изла, топ!” деган тақвим бўйича давом этамиз! Буни кўпчилик кўра олмай, бизнинг ПФЛ ҳақида бўлмағур гапларни ёзадилар. Ҳай, ҳай, бу яширин услуб остида қанчалик ҳикматлар яширинганини билмаслар. Аслида, бу – кони фойда. Ҳакамлар ўйиннинг қачон ўтишини билмайдиларми, демак, келишувга чиқа олмаслар, жамоалар қачон ўйнашларини билмайдиларми, демак, ҳакамга қачон чиқишни билмаслар, ва энг асосийси, бояги мухлисларсиз ўйинларни ўтказиш учун бу айни муддао. Мухлислар ўйин қачон ўтишини билиб қолишса, чипта сотиб олгани келадилар-ку, аҳа, мени тушундингиз-а?! Бу ҳали биз билган ҳикматлар, билмаганимиз қанча, эҳҳе!

Ҳозирча шуни хазм қилиб туринглар, телеграмда тортишаётган жўралар! Жавобни кутиб қоламан! Газетада…
“Чемпион” газетаси. 2-сон. 14 январь.

Хайрулла Ҳамидов

Манба: gol.uz
Киритилди: 10:28, 15.01.2016.
Ўқилди: 8687 марта.
Фикрлар: 55 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.