Хабарингиз бор, “UzReport TV” телеканали Англия Премер-лигаси ҳамда Европа Чемпионлар лигаси ўйинларини намойиш этиб келмоқда.
Мазкур мусобақалардан ўрин олган учрашувларни шарҳлаб бориш учун “Матч ТВ” телеканалининг машҳур спорт журналистларини таклиф қилиш одат тусига кирган. Шу вақтга қадар телеканалимизда футбол учрашувларини Александр Шмурнов, Георгий Черданцев, Денис Казанский каби таниқли журналистлар шарҳлашди.
Англия Премер-лигасининг 22-туридан ўрин олган ўйинларни шарҳлаб бориш учун “Матч ТВ”нинг яна бир таниқли шарҳловчиси – Александр Елагин телеканалимизга таклиф этилди.
Александр Елагин 1953 йилда туғилган бўлиб, Москва Давлат Университетининг Журналистика факултетини битирган.
Шарҳловчилик фаолиятини 1997 йилда “Рен ТВ” телеканалида бошлаган бўлиб, 2009 йилда “НТВ Плюс” телеканалига ишга ўтган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб "Матч ТВ" телеканалида ишлаб келмоқда.
Таниқли шарҳловчи жаҳон футболида “Манчестер Юнайтед” клубига, Россияда эса “Динамо” Москва жамоасига мухлислик қилади. А.Елагин шарҳловчилик билан бирга, футбол соҳасига оид материаллар муаллифи ҳамдир.
Жумладан, “Футбол бўйича Европа чемпионатлари тарихи: 1960-2004” («История чемпионатов Европы по футболу: 1960—2004») номли китоби Александр Елагин қаламига мансуб.