Жамоамизнинг Тошкентдаги йиғини давом этмоқда. Кеча бир маҳаллик машғулот билан чекланган футболчиларимиз бугун Қаршининг “Насаф” клуби билан назорат ўйинида куч синашишди. Учрашувдан олдин жамоамиз сафига янги футболчиларни келиб қўшилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Хусусан ўтган мавсум давомида Мальдив мамлакати чемпионатида қатнашиб ғолибликни қўлга киритган дарвозабон Алишер Аҳмедов яна бир бор жамоамизга таклиф этилди. Мухлисларимизнинг ёдларида бўлса икки йил олдин “Навбаҳор”да маълум вақт давомида мавсумга тайёргарлик кўрганди. Бундан ташқари “Бунёдкор” жамоасидан ёш футболчилар Нодир Мавлонов ва Сардор Азимовлар ҳам кўрикдан ўтиш учун таклиф этилди.
Қибрайда бўлиб ўтган ушбу учрашувда мураббийларимиз жамоа сафида шуғулланаётган футболчиларни амалда нималарга қодир эканликларини билиб олишди. 90 дақиқалик баҳс давомида футболчиларимиз кучли рақибга муносиб тарзда қаршилик кўрсатишган бўлсада, якунда имкониятни бой беришди. “Насаф” футболчилари биринчи ва иккинчи бўлимларда биттадан тўп киритиб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишгач танаффусдан кейин захирадан сафга қўшилган Акбаршо Рашидханов ягона жавоб тўпига муаллифлик қилди. Қаршиликларнинг голларига эса Илдар Маматказин ва Илҳом Шомуродовлар муаллифлик қилишди.
Учрашувни жамоамиз қуйидаги таркибда ўтказди: Акмал Ортиқов, Дилшод Жабборов, Обид Жўрабоев, Қаҳрамон Маҳаммаджонов, Отабек Валижонов, Санжар Асқаралиев, Алишер Маҳмудов, Тоҳир Шамситдинов, Азизбек Турғунбоев, Мўйдин Мамазулумов, Акрам Баҳриддинов. Захирадан майдонга тушганлар: Алишер Аҳмедов, Ботир Тўрабоев, Нодир Мавлонов, Тимур Аюпов, Ғайрат Жўраев, Азиз Умаров, Аъзам Алиев, Акбаршо Рашидхонов, Сардор Азимов.