Зайниддин Зидан 2006 йилги жаҳон чемпионатида Марко Матераццини «сийлаган» кезлари Франция термасини Раймон Доменек бошқарганди. Орадан ўн йил ўтди. Яқинда ушбу мутахассис хорижлик ҳамкасбларимизга интервью бераркан, агар Зидан «Реал» имтиҳонидан ўта олса, Франция терма жамоаси бош мураббийлигида ишлаши мумкинлигини таъкидлади.
- Зиданнинг «Реал»га бош мураббий этиб тайинланишига қандай қарайсиз?
- Матбуотда шов-шув кўтарилди, ахборот каналлари ўз дастурларини тўхтатиб, Зайниддин ҳақида махсус кўрсатув тайёрлашга киришдилар. Ушбу воқеа ҳаммага кучли таъсир ўтказди, фақат Зидандан ташқари.
- Нега ҳамма уни яхши кўради?
- Чунки Зидан соф иқтидор эгаси, майдонда ҳеч ким эплолмаган ишларни бажарган. Шунингдек, Зайниддин камтар-камсуқум, ҳақиқий афсона.
- Зидандаги мураббийлик тажрибаси у қадар катта эмас, фақатгина фарм-клубда ишлаган, холос. Унинг бош жамоадаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Ўйлашимча, барчасини эплайди, зеро ҳозирги мураббийлик касби аввалги йиллардагидан фарқланади. Бугун кимдир машғулотни ўтказса, бошқаси жисмоний тайёргарликка жавобгар. Айни дамда муваффақиятли ишлаш учун футболчилар қаршисида обрўли шахс сифатида гавдаланишнинг ўзи кифоя. Зайниддинда эса бу борада муаммо йўқ. Муҳими - юлдузлар ва бошқа шогирдларини яхлит жамоага айланишини таъминласа бўлгани.
- Нега «Реал» айнан уни танлади?
- Чунки Зидан - машҳур ном. «Қироллик клуби» сафида турли мусобақаларда ғолиб чиққан, жамоа тарихидан муқим жой эгаллаган. Шуни инобатга олсак, мазкур танлов мантиқан тўғри. У Карло Анчелоттининг норасмий ёрдамчиси эди: биринчи марта пўрим кийинган Зайниддиннинг захира ўриндиғида ўтирганини кўриб, қачонлардир «Реал» бош мураббийига айланишини тахмин қилгандим. Кейинчалик Франция термасини бошқаришига ҳам ишонсак бўлаверади.
- Зидан - Франция термаси бош мураббийи? Ушбу фикрингиз қатъийми?
- Дидье Дешамнинг ўрнини эгаллашга унданда муносиброқ номзодни кўрмаяпман. Менимча, бош жамоанинг ҳозирги устози кетиши ҳамоно, ушбу вазифа Зайниддинга топширилади. Бунинг учун эса ундан дастлаб «Реал» имтиҳонидан ўтиш талаб этилади.