Мана, 2016 йилнинг дастлабки ойи ҳам секин-аста ўз поёнига етиб бормоқда. Одатга январь ойи янги мавсумга тайёрланиш учун энг қулай пайт саналади. Айнан шу ойда барча жамоалар ўз сафини маҳоратли ўйинчилар билан тўлдиришга, имкон қадар назорат учрашувларини ташкил этишга ҳаракат қилади. Чунки, февраль ойида турли мусобақалар ўтказилади ва футболчиларни синовдан ўтказиш учун унчалик қулай пайт эмас.
Ўтган мавсумдан кўнгли тўлмаган футболчилар ҳам янги йилнинг биринчи ойидан бошлаб мураббийлар ишончини оқлашга интилишади. Бугунги мақоламизда янги мавсумда ўзини кўрсатиши кутилаётган бир қатор футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
Руслан Матниязов ўтган мавсумда асосан ўринбосарлар сафида майдонга тушди. Лекин Хоразм футбол мактаби тарбияланувчи саналган 28 ёшли посбон асосий таркибда майдонга тушган ўйинларнинг бирида ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатганди. Ҳа, ўша “Пахтакор” билан Қўқонда бўлиб ўтган баҳсда Руслан Матниязов ўзининг нималарга қодир эканлигини намойиш этганди. “Шерлар” икки очко йўқотишига айнан шу дарвозабон сабабчи бўлганди.
Янги мавсум олдидан Руслан ҳам бошқа жамоадошлари каби машғулотларда тинимсиз меҳнат қилмоқда. Айни дамда жамоамизда дарвозабонлар орасида кучли рақобат вужудга келган бўлса-да, Матниязов асосий таркибга кириш учун бор маҳоратини ишга солишга тайёр.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини жамоамизда ижарага асосида ўтказган Ойбек Нурбоев Тошкентдаги йиғинда “Қўқон-1912” билан шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик. Қорақалпоғистон футбол мактаби тарбияланувчиси саналган 27 ёшли ҳимоячи ўтган йили жамоамиз сафида унчалик кўп ўйин ўтказгани йўқ. Лекин янги мавсумдан унинг умидлари катта. Ойбек Нурбоев ҳам 2016 йилда бор маҳоратини намойиш этишга тайёр.
Маъруф Зокиржонов ўтган йили асосан ўринбосарларимиз сафида тўп сурди. Айтиш жоизки, Зокиржонов ва Матниязовлар ўринбосарларимизнинг еттинчи ўринни олишида катта ҳисса қушишган.
23 ёшга қадам қўйган Зокиржонов 2016 йилги чемпионатда ўзини кўрсатишга ва мухлислар меҳрини қозонишга бел боғлаган.
2016 йилги мавсум биз тилга олиб ўтган футболчилар учун омадли келишини тилаб қоламиз.