Лондоннинг «Арсенал» клуби таянч ярим ҳимоячиси Кристиан Нёргор бор-йўғи бир мавсумдан сўнг жамоани тарк этиши мумкин. Журналист Гэри Жейкобнинг берган маълумотларига кўра, «канонирлар» раҳбарияти 32 ёшли даниялик футболчини сотиб юборишга тайёр.
Нёргор ўтган ёзда «Брентфорд» клубидан трансфер қилинган эди. Бироқ у Премьер-лига доирасида «Арсенал» либосида майдонда бор-йўғи 56 дақиқа ҳаракат қилди, холос. Шундай бўлса-да, мураббийлар штаби ундан бошқа мусобақаларда (кубок баҳсларида) тез-тез фойдаланиб турди.
Тажрибали ярим ҳимоячи жорий мавсумда барча турнирларни ҳисобга олганда 19 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та голли узатмани ёздириб қўйишга улгурди.
Футболчининг «Арсенал» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали мутахассислари айни дамда Дания терма жамоаси аъзосини 7 миллион еврога баҳоламоқда.













