Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Асабни жиловла, шерик ёхуд ажабланарли жанжаллар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Баъзан орасидан қил ҳам ўтмайдиган қалин дўстлар ҳам ўзаро қўл кўтаришга боришларини инобатга олсак, ўта асабий касб вакиллари бўлган футболчиларнинг муштлашишларидан ажабланмаса ҳам бўлаверади. Лекин стадионга ажойиб футбол спектакли умидида келган аксарият мухлисларга бундай муштлашувлар ёқмаслиги аниқ. Умуман, уриш­қоқлик чинакам инсонга хос бўлмаган сифатлардан бўлсада, айрим ўйинчилар ўз камчиликларини яшириш ёки рақибларини қўрқитиш мақсадида жамоадошларига қўл кўтарадилар. Шундай нохушликларга имкон қадар камроқ гувоҳ бўлишга умид қилган ҳолда футболчилар ўртасидаги айрим можароларни ёдга олдик.

Ли Бойер ва Кирон Дайер

Футболчилик фаолиятининг илк даврида Ли ва унинг «Лидс»даги жамоадоши Жонатан Вудгейтлар биргаликда покистонлик талаба йигитни дўппослаш орқали танилишганди. Кейин Бойер ўз жамоадоши билан муштлашишдан ҳам ўзини тия олмади: «Ньюкасл» ўз уйида «Астон Вилла»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлаётган ўйинда у Дайер билан муштлашиб кетди. Ваҳоланки, бу икки жамоадош ўзларининг қофиядош фамилияларидан фойдаланган ҳолда сердаромад фирма ёки мукаммал саҳна дуэтини ташкил этишлари мумкин эди. «Бойер ва Дайер» - ўта жарангдор! Тўғрими? Аммо майдондаги можаро учун учрашув ҳаками «боксчи-қарғалар»ни майдондан четлатди. Таъби тирриқ бўлган «Ньюкасл» бош мураббийи ўйиндан кейин афсус билан шундай деганди: «Улар «Ньюкасл» номига доғ туширдилар. Боз устига, бу доғни бутун мамлакатга намойиш этдилар».

Спортчиларга хос бўлмаган қилиғи учун Ли Бойер 7та учрашувга дисквалификация қилинди, лекин жамоада қолди.

Брюс Гроббелар ва Стив Макманаман

Майдонда «крутой» сифатида ном қозонган Гроббелар ҳақида узоқ ҳикоя қилиш мумкин. Бир куни Брюс «Эвертон» билан бўлган дерби беллашувида бурчак зарбасидан йўллаган тўпни ўз дарвозасидан ўтказиб юборди. Шармандаликка чидай олмаган посбоннинг кўзи ёш Макманаманга тушди. У ўз жамоадошининг ёқасидан олиб, дўппослай кетди. Кейинчалик жаҳлидан тушган Гроббелар ўз қилмишини шундай изоҳлади: «Аслида, голни ўтказиб юборишимда бошқа ўйинчи айбдор эди. Лекин Стив ундан кўра яқинроқ турганди. Шу боис, ундан аламимни олиб қўя қолдим. Хатога йўл қўйган жамодошим эса қора танли йигит эди. Агарда мен уни жазолаганимда, эртасига барча газеталар мени ирқчига чиқариб қўярдилар».

Владислав Радимов ва Фернандо Риксен

«Боксчи-футболчилар» фақат Англияда эмаслар. Уларни бошқа мамлакатда ҳам учратиш мумкин. Мавсумга тайёргарлик кўраётган «Зенит» «Малага»га қарши майдонга тушганди. Вазиятларнинг бирида Шкртелнинг ҳаракати Радимовга ёқмади. Сардор словакиялик жамоадошига танбеҳ берди. Лекин кутилмаганда Фернандо Риксен Мартиннинг ёнини олиб, Радимовга қаршилик кўрсата бошлади. Оқибатда голландиялик «боксчи» нафақат Владиславга, балки Шкртелга ҳам мушт отиб юборди. Шу тариқа Радимов сардорлик боғичидан, Риксен билан Шкртел эса каттагина маблағдан жудо бўлишди.

Крейг Беллами ва Йон-Арне Риисе

Машаққатли машғулотдан сўнг «Ливерпуль» аъзолари караоке барда ҳордиқ чиқаришган, футболчилар навбатма-навбат қўшиқ ижро этишганди. Лекин Риисе нима учундир куйлашни истамади. Бундан жаҳли чиққан Беллами норвегиялик ҳимоячига қўпол ҳазиллар қила бошлади. Табиийки, Йон-Арне ҳам жавоб қайтара бошлади. Рафаэль Бенитеснинг аралашуви можарога нуқта қўйгандек эди. Бироқ кечқурун қаердандир гольф клюшкасини топиб олган Крейг Йон-Арнени бир нечта кучли «узатма»лар билан сийлади. Орадан икки кун ўтгач уэльслик ҳужумчи «Барселона» дарвозасига урган голини ҳам гольф узатмаси кўринишида нишонлади. Шундан кейин «Ливерпуль» аъзолари ўз голларини шу тариқа нишонлайдиган бўлишди.

Марио Балотелли барча жамоадошларига қарши

Ўз жамодошлари билан жанжаллашиш борасида Марио Балотелли - мутлақ чемпион! Биргина «Манчестер Сити»даги фаолияти давомида италиялик ҳужумчи нафақат футболчилар, ҳатто бош мураббий Роберто Манчини билан ҳам жиқиллашишдан тап тортмаган. Унинг «боксчи»лик маҳоратидан Карлос Тевес, Жером Боатенг, Венсан Компани, Майк Ричардс ва бошқа бир қатор ўйинчилар «баҳраманд» бўлишган. Яна бу жанжалкаш футболчининг «Нима учун доимо мен?» деган нозу фироғига нима дейсиз?

Делио Росси ва Адам Льяич

Баъзан мураббийлар ҳам асабларини жиловлай олмай қоладилар. «Фиорентина»да ишлаб юрган пайтида Делио Росси бошқа футболчи билан алмаштирилган Адем Льяични мухлислар гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўйганларига чидай олмади ва шогирдини захира ўриндиғидаёқ тарбиялашга киришди. Оқибатда мураббий жамоадан четлатилди, Италия футбол федерация­си эса уч ойлик дисквалификация билан жазолади.

Жерар Пике ва Алекс Сонг

Гоҳида ажойиб кўнгилхушликлар кераксиз можароларни келтириб чиқаради. Навбатдаги чемпионликни байрам қилаётган «Барселона» футболчилари автобусда шаҳар бўйлаб сайрга чиқишганди. Тўй - тўйдек бўлсин қабилида иш тутган мутасаддилар спортчиларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилишларига қаршилик қилишмади. Натижада Пике билан Сонг ўртасида келишмовчилик юзага келди. Камерунлик футболчи Жерарнинг юзига мушт солди, Пике жавоб қайтармоқчи бўлганида эса Вальдес билан Пуйоль ўртага тушишди. Кейинчалик клуб йигитларнинг керагидан ортиқ қизишиб кетишганини тан олиб, узр сўради. Ана шу машмашадан кейин каталонияликлар байрам тадбирларида спиртли ичимликларни тақиқлаш хусусида бош қотира бошладилар.

Жошуа Бренет ва Мемфис Депай

Бир пайтлари ПСВнинг машғулотларидан бири оммавий муштлашувга айланиб, футболчилар орасида қаеридир кўкармагани қолмаганди. Аввалига Брума билан Хильмарк ўзаро орани очиқ қилишга киришдилар, кейин Бренет ва Депай «эстафета»ни давом эттиришди. Шундан кейин бош мураббий Филипп Коку машғулотни тўхтатишга мажбур бўлди.

Олаф Мельберг ва Фредди Юнгберг

Навбатдаги машҳур можаро ЖЧ-2002га тайёргарлик кўраётган Швеция терма жамоасининг машғулоти чоғида юз берди. Табиийки, ҳар қандай футболчи мундиалда иштирок этишни орзу қилади. Лекин машғулот пайтидаги андак бепарволик оқибатида айрим футболчилар машғулотда жароҳат олиб, тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасидан четда қоладиган бўлишди. Айнан шу боис Фредди Юнгберг ўз жамоадоши Олаф Мельбергнинг қўпол «подкат»­и­ни жуда кескин қабул қилди ва унга муносиб жавоб қайтаришга тутинди.

Дэвид Бэтти ва Грэм Ле Со

Мазкур «томоша» эса «Спартак» билан «Блэкберн» ўртасидаги қарама-қаршиликда юз берди. ЕЧЛ доирасидаги беллашувда инглиз клуби Москвада мезбонларга жиддий қаршилик кўрсата олмай, 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Қизиғи шундаки, учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ меҳмонларнинг икки вакили ўртасида жиддий тўқнашув бўлиб ўтганди. Бэтти ҳамда Ле Сонинг ўртасидан қандай «мушук» ўтганлиги номаълум. Ўйин охирида Москваликлар бош мураббийи Олег Романцев меҳмонлар ўйинига шундай баҳо берганди: «Шогирдларимни «Блэкберн» футболчилари 90 дақиқа давомида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, жиддий қаршилик кўрсатишлари ҳақида огоҳлантиргандим. Маълум бўлишича, инглизлар бизникилар билан эмас, ўз жамоадошлари билан жанг қилишни ҳам ўринлатар эканлар».

Манба: Soccer.ru,

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:11, 25.01.2016.
Ўқилди: 4247 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.