Россиянинг «Матч ТВ» телеканали шарҳловчиси Геннадий Орлов «Спартак»нинг эндиликда собиқ яримҳимоячисига айланган Роман Широков ҳақида фикр билдираркан, Европада россиялик футболчиларга қизиқиш қолмаганини таъкидлаб ўтди.
«Широков эркин агент мақомида юрибди, аммо у бирор жойда ўйнаши осон эмас. Чунки унинг характери ҳар бир мураббийни Романни таклиф этиш олдидан ўйлантириб қўяди. Боз устига қайси клуб у талаб қилган миқдорда катта пулни бериши мумкин?»
«Россия терма жамоаси манфаатидан келиб чиқсак, Широков тезроқ бирор клуб топиши керак. Аммо унга ким таклиф билан чиқаркин? Хориж клубларими? Ким у билан қизиқади? Кокорин «Арсенал»га ўтиши ҳақида бир ой тўхтамай гапиришди, аммо лондонликлар буни тасдиқлагани йўқ», дея гапирди Орлов.
Европа жамоаларининг қизиқиши борасида тўхталган шарҳловчи қизиқиш бўлаётганлар орасида Виталий Денисовнинг борлигига эътибор қаратди.
«Ҳозир вазият шундайки, россиялик футболчиларга Европадан мутлақо қизиқиш йўқ. Ҳатто «Лацио» қизиқиш билдираётган Виталий Денисов ҳам россиялик эмас, балки Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси», - дея Орловдан иқтибос келтиради «Советский Спорт» нашри.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «Лацио» Виталий Денисов сотиб олиш борасида Москванинг «Локомотив» клуби билан музокара бошлагани хабар қилинганди.