Сир эмаски, бугунги кун мураббийлари машғулотлар чоғи футболчиларни турли услублар асносида шуғуллантиришади. Айниқса, Европа клубларида ҳам жисмоний, ҳам руҳий томонлама фойдали машқларга мурожаат этилади. Айрим мутахассислар ўз усулларини сир сақлашлари туфайли ҳам шогирдлари билан улкан муваффақиятларга эришадилар.
Ўзбек футболида ҳам айрим янгиликларни жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Хусусан, бу борада ўз ғояларим билан ўртоқлашишни жоиз билдим. Айтайлик, машғулотларда ўзига хос марафондан фойдалансак, қандай бўларкин? Унга кўра, бир футболчи йўлакда тўп билан белгиланган масофани босиб ўтиши лозим. Ўз навбатида, спортчидан тўпни ўзидан узоқлаштирмаган ҳолда, шиддатли тезликда манзилга етиб бориш талаб этилади. Ушбу ҳаракатларнинг маълум вақт давомида такрорланиши унинг чаққонлигини оширади. Шу тариқа тезкор ҳужумчи ва ярим ҳимоячиларни кашф этиш имкони туғилади.
Бошқа бир таклифим эса тўпни дарвоза томон йўналтиришга қаратилган. Аниқроғи, олдиндан белгиланган маълум белгиларни нишонга олиш самара келтириши мумкин. Албатта, ушбу машғулотнинг қай йўсин ривожлантирилиши мутахассисларга боғлиқ. Бу эса ҳужумчиларнинг голли вазиятлар чоғи ўзларини йўқотиб қўймай, аввалдан олган кўникмалари ёрдамида ҳолатни жамоалари фойдасига ҳал этишларида асқотади. Қолаверса, стандарт вазиятлар пайти дарвозани ишғол қилишда ҳам шундай машғулотлар айни муддаодир.
Юқоридаги фикрларни оддий ишқибоз сифатида билдирдим. Албатта, ўз ишининг ҳақиқий устаси саналган мураббийлар шунга ўхшаш услубларни қай тариқа қўллашни жуда яхши билишади. Асосийси, туғма истеъдодларга бой юртимизда ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериб, уларнинг салоҳиятларини юзага чиқаришимиз лозим.
Бу йўлда тиним билмай меҳнат қилаётган мураббийларга келгуси ишларида муваффақият тилайман. Футболчиларнинг эса юксак чўққиларни забт этиш йўлида ўз устиларида кўпроқ ишлашларига тилакдошман. Зеро, ота-боболаримиз бежиз айтмаганлар: «Интилганга толе ёр».
Аҳмад УБАЙДОВ, Самарқанд тумани