Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мэтр Лобановский ҳикматлари

Баҳо:
+ | -

Нафақат Украина, балки жаҳон футболида ҳам ўчмас из қолдирган Валерий Лобановский кўплаб машҳур юлдузларни тарбиялаб, вояга етказган. Буюк мураббий ҳақида ҳозир ҳам кўп ёзишади. Валерий Васильевичнинг футбол ва мураббийликка оид фикр-мулоҳазаларидан унинг шогирдлари афсонавий қўлёзмалар сифатида фойдаланишмоқда. Мэтрнинг ўзига хос фалсафаси давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳозирда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Марҳамат, уларнинг айримлари билан танишинг.

Ғалабага эришиш учун доимо вақтдан ўзиб юриш талаб этилади.

 Муросасизлик маданияти юксак даражада бўлмоғи даркор.

 Кескин бурилишни вақт белгилаб беради.

 Эркинлик - қонун томонидан тақиқланмаган ишларни амалга ошириш истаги ва имконияти.

 Барча дунёвий неъматлардан ўзини чеклаш - тўғри йўл.

 Ўта муҳим вазифа - ўта беқарор унсур.

 Қисман, ҳатто бир кунга бўлсада сафдан чиқиш ортда қолишга олиб келади.

 Ақидалардан воз кечиш - принципсизлик. Даль талқинига кўра, принцип - чекиниб бўлмайдиган қоида, негиз.

 Муросасизлик билан муаммони йўқотиб бўлмайди: ҳозирнинг ўзида қатъий қарорга келиш лозим, эртага кеч бўлади.

 Бир хил масаллиқдан фойдаланишларга қарамай, турли пазандалар тайёрлаган таомлар турлича таъмга эга бўлади.

 Актёрнинг қўлга киритган совринлар, унвонлар ва даражасидан мағрурланишга ҳаққи йўқ. Футболчи ҳам шундай.

 Ҳаракат - ҳаёт, осойишталик - ўлим. Ҳаракатлана оладиганларга мухлислар талабчан муносабатда бўлишади, меҳрибонлик сезилиб туради. Тош бўлиб қотиб қолган, ўлганларга ҳам муносабат талабчан бўлади, фақат у шафқатсиз.

 Ажойиб намуналардан нусха кўчириш, кимгадир етиб олишга уриниш - келажаги йўқ машғулот. Касбдошларидан ўзиб кетиш - ҳар қандай соҳада илҳом бағишлайдиган иш. Ўйламасдан, енгилтаклик билан қарор қабул қилишдан осонроқ иш йўқ. Лекин энг тўғри қарорни топиш жуда мушкул.

 Таваккалчилик, тажрибалар, юқоридан буйруқ беришларини кутиб ўтирмасдан, бутун масъулиятни ўз зиммасига олишларсиз ривожланиб бўлмайди.

 Мен афсунгар эмасман ва ҳеч қачон бундай мақомга даъво қилмаганман.

 Фақат жамоа учун самара берадиган жиҳатларни тан оламан.

 Ўзимни ноҳақлигини тан олишни ёқтирмайдиган кишилар сирасидан, деб ҳисоблайман. Лекин йиллар давомида тўплаган тажрибам туфайли йўл қўйган камчиликларимни атрофдагилар осон англайдиган тарзда иш тутишга ўргандим. Ошкоралик - мураккаб илм.

 Очиғи, иқтидорнинг нима эканини билмайман. Баъзан омад сизга бахтли тасодиф туфайли кулиб боқади. Нима, бу ҳам иқтидорми? Бундан кўра, буюк мураббий қайси шахсий фазилати ва қандай услублар эвазига мунтазам равишда муваффақият қозонгани ҳақида изланишлар олиб бориши фойдалироқ.

 Ғалабаларда ҳам, омадсизликда ҳам холисона баҳо бериш тарафдориман.

 Омад ҳам кўплаб омиллар туфайли юзага келади, у мавҳум тушунча эмас.

 Мен танқид қилиш нафақат мумкин, балки керак, деб биламан. Агар у ўринли, мантиққа асосланган бўлса, танқид қилинувчига катта фойда келтиради.

 Тан оламан, дастлаб футболга машаққатли, ақлли меҳнатдан кейин мияга бироз дам берадиган восита сифатида қараганман.

 Ўтмиш - мен учун доимо ўтмиш бўлиб қолаверади. Уни қимматли тажриба манбаи сифатида қибул қиламан.

 Келажак бугундан бошланади.

 Фаолиятимнинг илк кунларида уни ўзимнинг асосий ақидам сифатида қабул қилдим. Шогирдларимга шошмасдан назар ташлаб, улар қандай бўлишса, шундайлигича тушунишга интилдим: уларнинг табиати, кайфияти, эҳтиёжи билан қизиқдим, оила ва шахсий ишларига аралашдим, ҳатто футболга умуман алоқаси бўлмаган икир-чикирлар ҳам эътиборимдан четда қолмади.

 Ўйинчиларсиз мураббий бўлмайди. Фақат жамоа устози ва футболчиларнинг мақсади бир бўлса, муваффақиятга эришиш мумкин.

 Мен босқичма-босқич эришиладиган тараққиёт тарафдориман. Шогирдларимни маълум муддат захирада қолдириш орқали тоблайман.

 Биринчи навбатда, футболчининг одоб-ахлоқи ва иродасига эътибор қаратаман. Кейинчалик ундаги универсаллик ва функционал имкониятларни ҳисобга оламан. Ўз ҳиссиётларимни ҳеч қачон ҳеч ким билан муҳокама қилмайман. Сир сақлаган пайтларда уларда қандайдир маъно бўлиши мумкин, кимгадир ошкор этиш эса мени ҳам, суҳбатдошимни ҳам изланишдан тўхтатади.

 Футболдаги «табиий сараланиш» аллақачон йўқ бўлган. Ҳозирда маълум табиий иқтидорга эга бўлган ва доимий машғулотларда бу фазилатларини янада ривожлантира оладиган ижрочилар танлаб олинади.

 Жамоа ўйинига рақибнинг қандай қаршилик кўрсатишига қараб баҳо бериш лозим.

 Қатъият ва изчилликнинг йўқлиги жамоага очколар танқислигидан кўра кўпроқ зарар келтиради. Футболчилар ўртамиёна мақомга кўникма ҳосил қилишади ва кичик муваффақиятдан сўнг ўзларини бахтиёр сеза бошлайдилар.

 Футболчидан уддалай олмайдиган вазифани талаб қилмаслик керак. Унинг устун жиҳатларини юзага чиқарадиган янги услубни яратиш ёки ушбу позицияга бошқа бир ижрочини топиш лозим. Бу рецепт эмас, принцип.

 Вақт ўтиши билан футболчиларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиб боради. Демак, улардаги талабчанлик ҳам ортади. Буни ҳисобга олиш лозим.

 Ўзининг жисмоний ва маънавий имкониятларини тўла намойиш этиш фазилати футболчиларда тажриба тўплаш, етуклик ортидан пайдо бўлади.

 Умуман, захира масаласи энг мураккаб иш, менинг назаримда. Биз шунга интилмоғимиз керакки, жамоада (терма жамоа назарда тутилмоқда) чинакам рақобат ҳукм суриши шарт. Қайсидир позицияда жароҳат ёки савиянинг пасайиши туфайли ўйинчи алмаштириш зарурати туғилса, бу жамоанинг савиясига салбий таъсир этмаслиги лозим.

 Ўйин арафасида барчанинг фикри бир нуқтада жам бўлиши муҳим. Ишончим комилки, шундай шароитда мураббий кўнглидан кечган фикрлар футболчиларга етиб боради. Яъни, «узатувчи» ҳам, «қабул қилувчи» ҳам битта «тўлқин»да бўлади.

 Ғоя барча учун шунчалик таниш бўлиши даркорки, уни ҳар ким ўзи яратгандек тушунсин.

 Стадионга бормайдиган мухлиснинг футбол ҳақида гапиришга ҳаққи йўқ.

 Терма жамоанинг битта ўйини ички чемпионатнинг 5-6 беллашуви билан баробар. Ёки тахминан бир йиллик умрга тенг.

 Бир нафар юлдузни харид қилиб унга фантастик маош белгилаш - жамоани барбод қилиш билан баробар.

 1986 йили Кубок эгалари кубогини қўлга киритдик. 1987 йили эса ички чемпионатда 10-поғонани эгалладик. Ўйинчилар ўзларига нисбатан талабчанликни пасайтириб юборишди, аввалги муваффақият билан яшадилар. Мана шунинг учун ҳам «МЮ»да ЕЧЛда ғолиб чиқишгани ҳақида ҳатто шивирлаб гаплашиш ҳам тақиқланган. Қоидани бузганга йирик жарима нақд.

 «Менинг услубим оддий принципга - хатоларга йўл қўймаслик ва ишончли ҳаракат қилишга асосланган», - деган эди швециялик теннис юлдузи Бьорн Борг.

 Мураббий - ижодкор шахс. Ижодкор эса хатога йўл қўйиши мумкин.

 Мураббий доимий тарзда сабоқ олиши лозим. Борди-ю, ўзини етук деб ҳисобласа, мураббийликдан чиқади. Вақтни алдаб бўлмайди. У ҳаммасини жой-жойига қўяди.

 Мураббий ҳеч қачон жамоанинг барча вакилларига бирдек ёқмайди. Бу - аксиома.

 Мураббий бир лаҳзага бўлсада унинг нуфузини белгилаб берадиган кишиларга устозлик қилаётганини унутмаслиги лозим. Ахир футболчи робот эмас, унинг ҳам юраги бор. Мураббий футбол соҳасини қанчалик яхши билса, ўз шогирдларининг ички кечинмалари, ҳол-аҳволидан ҳам шунчалик яхши хабардор бўлмоғи лозим.

Манба: Football.ua,

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:53, 02.02.2016.
Ўқилди: 4725 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.