Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Жоазиньо:«Россия термасида бажонидил ўйнайман»

Баҳо:
+ | -

«Краснодар»нинг бразилиялик футболчиси Жоаозиньо россиялик ҳамкасбларимизга интервью бераркан, жиддий жароҳат олган пайтдаги ҳолати, руслар ўлкасидаги ҳаёти, хотиралари, Бразилияда истиқомат қилувчи катта оиласи ҳамда ота-онасининг ҳаёти қай тариқа яхши томонга ўзгаргани ҳақида гапириб ўтди.

- Кучли оғриққа бардош бериш қийин кечганди, - дейди ўтган йилнинг 13 мартида оёғидан жиддий жароҳат олган Жоаозиньо. Ўшанда «Урал»га қарши баҳснинг 32-дақиқасида Владимир Хозин билан тўп учун курашда бразилиялик футболчи оёғини синдириб олганди. Орадан уч кун ўтиб, мухлислар ёқимтойи ва «Краснодар»нинг энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчисини Мюнхенда операция қилинди. - Кейин нима бўлганини эслолмайман. Тиббий амалиёт, реабилитация. Кучли оғриқ ва қимирлай олмаслик туфайли суткалаб ухлолмасдим. Дарвоқе, шикастланишим ҳамоно Сергей Галицкийнинг менга алоҳида самолёт тақдим этганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Натижада, мени дарҳол Германияга олиб кетишди. Муолажа ўтказган шифокорларга катта раҳмат, улар ўзимга келишимда ёрдам беришди. Менга ишонишаётганини сезиб турардим. Аввалги даражамни тиклаш борасида аниқ бир тўхтамга келолмай турганимда, Сергей Галицкий шартномани узайтиришни таклиф қилди. Клуб президенти мендан умиди катта эканини айтди. Бу эса, жуда муҳим.

- Чиндан ҳам аввалги ҳолатни тиклай олмайман, деб ўйлаганмисиз?

- Ҳа, майдонга тушиб, ҳеч нарсани эплай олмаслигимни тасаввур қила бошладим. Ишқибозлар кутишади, ҳамма умид боғлайди, мен эса ишончни оқлай олмайман. Дастлабки учрашувларда чиндан ҳам ўйиним қовушмади. Аммо мамлакат кубоги доирасидаги «Анжи»га қарши баҳс(3:1)ни эслайман. Ўйин якунланиши арафасида тўпни эгаллаб, жарима майдонига яқинлашдим-да, дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олдим. Копток юқори тўққизликдан жой эгаллади. Шундагина аввалгидек ўйнашим мумкинлиги, барчаси аста-секин ўхшаётганини тушуниб етдим.

- Чемпионатнинг дастлабки қисмидаги муваффақият айнан сизнинг номингиз билан боғлиқ. «Ростов» (2:1) ҳамда «Кубань»(3:2)га қарши кечган ўйинларда захирадан майдонга тушиб, голли узатмаларни амалга оширдингиз.

- Албатта, уринишларим жамоамизга самара келтирганидан бахтиёрлик туйдим. Аммо шуни ҳам унутмаслик жоизки, биринчи вазиятда Вандерсон ажойиб тарзда ўйнади. Иккинчисида эса Фёдор Смоловнинг ҳаракатларига қойил қолмай илож йўқ.

- Ўтган йили Россия фуқаролигини олиш мақсадида ҳужжат топширгандингиз. Бу борадаги иш қандай кетяпти?

- Бразилиядан сўнгги ҳужжатларнинг келишини кутяпмиз, айнан шу қоғозлар ҳаммасини ҳал қилади. Расман тасдиқланмагунича мазкур масалада аниқ фикр билдиролмайман...

- Машҳур шарҳловчининг айтишича, сизларга ватанпарварлик етишмас экан. Гўёки, бразилияликлар пул учун фуқароликларини алмаштиришаркан...

- Келинг, ҳақиқатга тик боқайлик. Биринчи навбатда, иккинчи уйим - «Краснодар»га фойда келтирмоқчиман. Бу ердагиларнинг менга кўп ёрдами тегди, шундай экан, легионерлар лимитига тушмаслик учун россияликка айланишим шарт. Боз устига, 5 йилдан буён Россияда яшаяпман, маҳаллий тилни ўрганяпман, анъаналар билан танишяпман - буларнинг бари менга ёқяпти. Фаолиятим тугаганидан кейин ҳам шу ерда қолмоқчиман. Қачондир клубда ишлашни таклиф этишса, яхши бўларди.

- Машҳур россиялик футболчилар терма жамоада бошқа миллат вакилларининг ўйнашига қарши эканликларини билдиришди. Сизнинг мазкур масаладаги фикрингиз қандай?

- Бу уларнинг фикри. Яна бир бор айтаман: фуқароликни «Краснодар» ва ўзим учун оляпман. Мабодо, Россия термасига чақиришса, орзуим амалга ошади, бош жамоа сафида ўйнаш бахт-ку. Акс ҳолда, Евро-2016, жаҳон чемпионати, умуман, барча мусобақаларда ушбу термага мухлислик қилавераман.

- Ватанингиз билан сизни нима боғлаб туради?

- Хотиралар. Мен туғилиб-ўсган шаҳарча сайёҳларга ёқмаса керак, шунга қарамай, у ерни яхши кўраман. Кўчалар, оилам, соҳил... 7 акам ва уч синглим ҳамон Убатубеда яшаб, ишлашмоқда.

- Катта оилада энг кенжа ўғил бўлиш яхшими?

- Осон эмас. Оиламиз бадавлат эмасди, болалигимда асосий вақтимни тўп билан ўтказардим. Уйга қайтганимда эса акаларим ва отам мени норози қиёфада кутиб олишарди. Улар: «Жо, футбол яхшиликка етакламайди. Кўп пул тополмай, ҳеч нарсасиз қолиб кетасан», дейишарди. Катталарга ёрдам беришга тўғри келарди: бозорга бориб, улар билан апельсин сотардим. Қутиларни ташиганим учун менга пул беришарди. Ишлаб топганим фақат тушликка етарди. Лекин шу ҳам оиламга қандайдир ёрдам берар, харажатларнинг маълум қисмини қопларди.

- Ота-онангиз ҳозир футбол ҳақида қандай фикрдалар?

- Миллионлар ўйинига иштиёқимни сўндирмай, ҳаракатда давом этганимдан хурсандлар. Энди уларнинг ишлашига ҳожат йўқ. Ўз уйлари, хўжалик ишлари бўйича ёрдамчилари бор. Ота-онамнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиролганимдан бахтиёрман.

Манба: Championat.com,

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 23:26, 03.02.2016.
Ўқилди: 2145 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.