"Реал" жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду 5 февраль куни ўзининг 31 ёшини нишонлаган кунида мухлисларига видеомурожаат тайёрлади. Бу мурожаат футболчининг твиттердаги расмий аккаунтига жойлаштирилган.
"Мен сизларга мени доим қўллаб-қувватлаб келганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Сиз биласизки, бугун мен 31 ёшга тўлдим. Айни дамда мен бахтиёрман. Ҳозир мен фаолиятимнинг чўққисида турибман. Ўйинимдан ва шахсий ҳаётимдан завқ олиб яшаяпман. Бунинг учун сизларга раҳмат! Биз ҳамиша биргамиз. Бундан кейин ҳам менга мухлислик қилишда давом этасиз деган умиддаман. Мен эса майдонда ва ундан ташқарида максимум даражада ўзимни намоён қилишда ва сизларни хурсанд қилишда давом этаман. Барчангизга яна бир бор раҳмат!", деган у.
Жорий мавсумда Роналду "Реал" таркибида Испания чемпионати доирасидаги 22 ўйинда майдонга тушди ва 19та гол урди.
11 январь куни 2015 йилги ўйинлар учун "Олтин тўп" мукофотини топшириш маросимида унга эмас, Лионель Мессига мукофот топширилди. Лекин у 2013 ва 2014 йилларда ФИФА томонидан йилнинг энг яхши ўйинчиси сифатида тан олинганди.
Ўтган йилнинг майида Роналду дунёнинг энг бой футболчиси экани эътироф этилган. Унинг "Реал"да ва бошқа манбалардан (реклама, ҳомийлик маблағлари) ишлаб топадиган маблағи йилига 73 млн еврони ташкил этиши аниқланган.