"Уотфорд" жамоаси ҳужумчиси Одион Игало ўтган йилнинг ёзида Хитой чемпионати иштирокчиларидан бири ўзини Осиёга олиб кетиш учун бир неча марта уриниб кўргани ҳақида айтиб берди.
"Мен Англия премьер-лигаси жамоасида ўйнаб, 14та гол урдим. Шунда мен қандай қилиб Хитойга кетишим мумкин. Улар аввал ҳам мени Осиёга таклиф қилишганди. Ўшанда улар "Уотфорд"га трансферим учун 10 миллион бериб, менга ҳафтасига 200 минг фунтдан ортиқ маош тайинламоқчи ва мен билан 4 йиллик шартнома имзоламоқчи бўлишган.
Мен ўшанда 3 кун ухлай олмагандим. Қачонки, сенга бундай ақлни лол қолдирадиган пуллар таклиф қилишса, улардан воз кечиш қийин бўлади. Жамоадаги бир қанча оғайниларим менга бу имкониятни қўлдан бой бермаслик кераклигини айтишди. Лекин мен таклифни рад қилиш қарорига келгандим.
Мен ўшанда ибодат қилдим ва мен учун пул муҳим эмаслигини ич-ичимдан туйдим. Мен билардимки, худо ҳам шундай қарор қилишимни истади.
Мен уларнинг биринчи таклифини қабул қилмаганимдан кейин улар менга янада кўпроқ пул таклиф қилишди. Бу сафар гап ҳафтасига 300 минг фунт тўлаш ҳақида кетмоқда эди. Мен уларга гап пулда эмаслигини айтдим.
Бироз олдинроқ, улар менга яна қўнғироқ қилишди ва мен яна "Йўқ!" дедим. Балки, мен мавсумнинг қолган қисмида гол уришда давом этарман ва улар таклифларини янада ҳашаматли қилиб боришар. Лекин мен қаерда ўйнашни ўзим ҳал қиламан.
Нигерияда яшаган вақтимда Англия чемпионати ўйинларини томоша қилардим ва у ерда ўйнашни фақат орзу қилардим. Агар мен бу лигани ташлаб кетсам, болалик орзуимни пулга сотган бўлмайманми?
Англияда яна 4-5 ёки 6 йил давомида роҳатланиб ўйнамоқчиман.
Мен "Уотфорд" билан чемпионшипдан АПЛга чиқишни уддаладим. Энди пул учун бу қадрдон жамоадан кета оламанми? Биламан, ҳаётда пул ҳам муҳим. Лекин, орзуни сотмайдилар", дейди футболчи.