Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Олдинга ташланган қадам

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Лондоннинг «Арсенал» клуби  устози - Арсен Венгер ёзги трансферлар вақти бирор-бир йирик харидни амалга оширмай, барчани ҳайрон қолдирди. Ваҳоланки, жамоада кучайтирилишга муҳтож позициялар топиларди. Масалан, таянч ярим ҳимоя чизиғига истеъдодли ижрочи лозимлиги шундан кўринганди. Тўғри, «тўпчилар» Морган Шнайдерлин номзоди устида ўйлашди, аммо француз мутахассисининг сусткашлиги натижасида у «Эмирейтс» эмас, «Олд Траффорд»га кўчиб ўтди. Венгер қайсидир вақтда бўшлиқни Франсис Коклен ёрдамида тўлдиришга ҳам уринди, аммо ноябрнинг охирларида бу футболчи жароҳатланиб, камида 3 ойга сафдан чиқди. Шу боис, Арсен Венгер қишки бозорда бироз фаоллашди ва қўлидаги рўйхатда исм-шарифлари битилган Кондогбиа, Видаль, Криховяк, Бендер ва Крамер қолиб, ҳали унча танилмаган миср-лик футболчи - Муҳаммад ал Неннини шогирдлари қаторига қўшиб олди. Бу табиийки, ҳамкасбларимизни мулоҳазага ундади: хўш, Муҳаммад қайси хусусиятлари билан «Арсенал»га ёрдам бера олади?

1. Ҳақиқий таянч

«Арсенал» устози 2013|2014 йиллар мавсумидан токи Кокленнинг «Эмирейтс»га қайтгунига қадар соф таянч ярим ҳимоячисига эҳтиёж сезмади: Рэмзи, Артета ва Фламинидан иборат учлик мунтазам равишда бу ишни бажаришга тайёр турди. Лекин муаммо шундаки, бу футболчилар табиатан бақувват бўлишмагани боисми, «Арсенал» мудофаасида камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Ал Ненни эса юқоридаги футболчилардан фарқли равишда, чидамли ва жисмонан кучли йигит. Жумладан, у «Базел»нинг ЕЧЛ доирасида «Ливерпуль» ва «Реал»га қарши кечган ўйинларида ўртача 11,5 километрдан масофа босиб ўтиб, бу борада ўз клубдошларидан анча ўзиб кетди.Таянч ярим ҳимоячиси учун энг зарур омил айнан чидамлилик эканини инобатга олсак, мисрлик футболчининг Венгер эътиборини бежиз ўзига қаратмагани ойдинлашади. Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш лозим: Муҳаммад дейлик, Андреа Пирло каби ўткир ва самарали «пас» берадиган футболчилар сирасига кирмайди. Аммо «Арсенал» ўйинчиларидан устунроқ тарафи бор - у ўта тартибли ва барқарор футболчи. Шунингдек, тўпни ўзида ушлаб туришда ҳам беназир. Муҳими, Муҳаммад рақибдан тўпни олиб қўйишда ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракатланадики, деярли қоида бузмайди. Шунинг учун ал Ненни ҳакамлар томонидан аҳён-аҳёнда огоҳлантирилади, холос. Қанчалик қизиқарли туюлмасин, энг кўп қоида бузиладиган жойда тўп сурадиган Муҳаммад ҳали бирор марта майдондан четлатилмаган. Хуллас, мисрлик футболчи агар жамоага киришиб кетса, Венгернинг ғояси - таянч зонасини 3 нафар ҳужумкор ярим ҳимоячи ёрдамида ёпиш масаласи ўз-ўзидан барҳам топади.

 

2. Венгер фалсафасига мослашиш

Маълумки, француз мутахассиси ўзига ишониб топширилган жамоа ўйинини мунтазам равишда ўрин алмашишлар, кўпдан-кўп тўп узатмалари ва турли комбинациялар асосида ташкил қилиб келмоқда. Бошқача айтсак, «Арсенал»ни «Барселона»нинг инглизча кўриниши, дейиш мумкин. Ал Ненни эса ижобий хусусиятлари билан жамоа ўйинига янада кўрк бағишлашга қодир. Зеро, у ҳам узоқ, ҳам яқин масофага тўпни бирдек аниқ етказиб беради. Жумладан, Европа Лигасининг 2015|2016 йиллар мавсумида Муҳаммад амалга оширган узатмаларнинг аниқлик даражаси 92,4 фоизни ташкил қилди. Шубҳасиз, бу «Ба-зел»даги энг яхши натижа. Қолаверса, мисрлик йигит битта ўйинда шерикларига ўртача 92 марта «пас» беради. Таққослаб кўринг: Коклен премьер-лига ўйинларида бундан икки баравар паст кўрсаткич қайд этади  - битта ўйинда ўртача 46та узатма.

 

3. Универсаллик

Таъкидлаганимиздек, «Арсенал» ҳозирча кўпроқ ҳимоявий ҳаракатларга ихтисослашган ярим ҳимоячига эҳтиёж сезмоқда. Ал Ненни эса нафақат «бузғунчи», балки ижодкорлик хусусиятига ҳам эга. Чунки унинг техникаси яхши ва майдонда енгил ҳаракатлана олгани учун box-to-box усулидан кўп фойдаланади. Бунинг натижасида «Базель» аксарият ўйинларда рақибларидан устун келди. Боз устига, Муҳаммад йилдан-йилга ўз ўйинини кучайтириб, янги хусусиятларни ўзлаштирмоқда. Масалан, у рақиб дарвозасини узоқ масофалардан нишонга олишни ҳам бошлади. Натижалари чакки эмас: олдинги 2,5 йилда «Базель» учун атиги 4та гол урганди, жорий мавсумнинг ярмига келиб эса, ўз ҳисобига 7та гол ёзиб қўйди. Муҳаммад «Арсенал»да Коклен ўрнини эгаллар экан, барибир, таққосламай иложимиз йўқ - Франсис охирги марта гол урган ўйин бундан 2 йил аввал кузатилганди.

 

4. Ғолиблик туйғуси

Ал Ненни Швейцария супер-лигасида 3 мавсум ўйнаб, уларнинг барчасида чемпионликка эришди. Албатта, Швейцария чемпионати ва АПЛни ўзаро таққослаш кулгули. Лекин шуниси аниқ, унда ғолиблик руҳи шаклланиб улгурди. Бошқача айтсак, Муҳаммад гарчи ёш бўлсада, ғалабалар, совринлар нималигини тушунди ва уларга қандай эришиш мумкинлигини ҳам билади. Бунгача Петр Чех ва Алексис Санчес мисолида кўрдикки, туғма етакчилик ва ғолиблик руҳига эга футболчилар «Арсенал»га керак ва жамоа улар билан жорий мавсум чемпионликни кўзламоқда. Мана энди ал Ненни ҳам шундай етакчилар сафидан ўрин олса, ажабмас.

P.S.: «Арсенал»га хос жароҳатлар эпидемияси ва ёзда унчалик ёш бўлмаган Фламини, Артета ва Росицки билан келишувлар ниҳоясига етишини инобатга олсак, жамоанинг Муҳаммад ал Неннига эътибор қаратган ривожланиш учун қў­йилган катта қадамдир. Бу мисрлик футболчининг ўзи учун ҳам яхши имконият. Негаки, ўзи ёқтирган жамоаси - «Барселона»га АПЛ орқали етиб олиши бирмунча осонроқ. «Арсенал» эса вақтида Алекс Сонгни «Барса»га пуллаб, бу борада тажриба оширган. Тўғри, Сонг Каталонияда кутилганидек ўйнаб кетолмади. Лекин «Арсенал» мухлислари ал Неннининг бундай омадсиз йўлдан бормаслигига умид қилишмоқда. Кўрамиз, воқеалар қандай ривожланаркин? Зеро, Муҳаммад аввало, Англияда ишлаш учун рухсат олиши лозим.

Манба: FootballHD.ru,

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:15, 07.02.2016.
Ўқилди: 2474 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.