"Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди. "Қалдирғочлар" саралаш босқичи доирасида ўз майдонида БААнинг "Аш-Шабоб" клубини мағлубиятга учратди.
Сергей Лушчан шогирдлари учрашувни жуда фаол бошлади ва дарҳол ҳужумга ташланишди. Жарима майдончаси ташқарисидан йўлланган зарбани Салим Абдулла муштлари билан қайтарди. Тўпни эгаллаган вакилларимиз дарҳол янги комбинация ташкил қилишди. Жарима майдончасининг чап томонига узатилган тўпни Зуаги дарҳол ўнг томонга ўтказди. Натижада Шомуродов бирга бир вазиятда зарба бериб, дарвозани ишғол қилди!
Тезкор гол дубайликларни бироз довдиратиб қўйди. Бундан фойдаланган тошкентликлар кетма-кет яна бир нечта ҳужум ташкил қилишди. Ўйиннинг 15-дақиқаларига бориб Азиз Ҳайдаров жамоадошлари ташаббусни қўлга ола бошлашди, жамоамиз ҳимояда бехато ўйнашга интилди.
"Бунёдкор" жуда яхши ўйнаш билан бирга яратилган вазиятларни голга айлантиришда ҳам юқори самарадорлик кўрсатди. Учрашувнинг 35-дақиқасида ҳисоб 2:0га етди. Чап қанотда Комилов ва Ҳамдамов икки марта товон билан узатмалар бериб, рақиблардан ўтиб кетишди ва Акром дарвозабон майдончаси яқинига узатма берди. Шомуродов ҳимоячиларни ортда қолдирди ва дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйин назорати жамоамиз томонида бўлди. Ҳисобда олдинда бораётган Лушчан шогирдлари ҳужум ташкил қилишда давом этишди. Шомуродовнинг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмаган бўлса, Нурматов деярли бирга бир вазиятда дарвозани ишғол қилишига ҳимоячи халал бериб қолди. "Аш-Шабоб" эса иккинчи 45 дақиқаликда битта голга тортадиган вазият яратишди. Жуниньо 10 метрлардан дарвозага аниқ зарба бера олмади — тўп дарвоза устидан ўтиб кетди.
Шу тариқа, "Бунёдкор" ишончли ғалабани қўлга киритди ва гуруҳ босқичида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. "Қалдирғочлар" "В" гуруҳида Саудиянинг "Ан-Наср", Эроннинг "Зоб Оҳан" ва Қатарнинг "Лахвия" клублари қарши баҳс олиб боради.
ОЧЛ, саралаш плей-офф
"БУНЁДКОР" - "АШ-ШАБОБ" - 2:0 (ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯ)
Голлар: Элдор Шомуродов (2, 35)
Огоҳлантиришлар: Достон Ҳамдамов (68) — Муҳаммад аш-Шамирий (24), Ҳассан Сафар (60), Карлос Вильянуэва (90+3)
"Бунёдкор": 25.Муроджон Зуҳуров, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 3.Акромжон Комилов, 7.Шакер Зуаги, 10.Элдор Шомуродов, 15.Жавлон Мирабдуллаев, 17.Достонбек Ҳамдамов (Минори Сато 81), 19.Забиҳилло Ўринбоев (Баҳодир Насимов 58), 22.Рустамжон Ашурматов, 29.Отабек Шукуров (Шаҳзодбек Нурматов 63), 71.Александар Алемпиевич
"Аш-Шабоб": 18. Салим Абдулла, 3. Муҳаммад аш-Шамирий, 4.Муҳаммад Марзуқ, 7.Азиз Ҳайдаров, 10.Карлос Виллануэва (с), 11.Энрике Луваннор, 15.Довуд ал-Балуший (Халифа Абдулла 46), 22. Маней Муҳаммад, 25. Маҳмуд Қосим, 26.Ҳассан Сафар, 99. Жуниньо (Рашид Ҳассан 83).
Бош ҳакам: Ким Донг Жин (Жанубий Корея)