«Реал» клуби жамоа ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг сўзлари сабаб юзага келган вазият юзасидан расмий баёнот бериб, Хитой халқидан узр сўради.
Аввалроқ Мбаппе ўзини диктатор сифатида тасвирлаган мемлар ҳақида фикр билдирган эди.
«Мени энг кўп кулдиргани — мени хитойлик диктатор қиёфасида тасвирлаган мем бўлди. Дўстларим билан мулоқотда ундан тез-тез фойдаланаман», — деган эди француз футболчиси. У Мао Цзэдунни назарда тутган.
Ушбу гаплардан кейин Хитойнинг учта компанияси Мбаппе иштирокидаги реклама лойиҳаларидан воз кечди. Шунингдек, мамлакатда Испания чемпионати учрашувлари трансляцияси вақтинча тўхтатилди.
Кейинчалик Мбаппенинг ўзи Хитой халқидан узр сўради. Испания Ла Лигаси ва унинг раҳбари Хавьер Тебас ҳам омма олдида узр билдирган.
“Реал Мадрид” клуби футболчимиз Килиан Мбаппенинг яқинда айтган гаплари туфайли Хитой халқида юзага келган салбий ҳис-туйғулар учун узр сўрайди.
Клубимиз Хитойга, унинг тарихи, маданияти ва фуқароларига, шунингдек, “Реал”га меҳр ва ҳурмат билан муносабатда бўладиган миллионлаб хитойлик мухлисларга чуқур ҳурмат билан қарайди.
Клуб Килиан Мбаппенинг омма олдида билдирган узрини қўллаб-қувватлайди. Футболчи ўз сўзларидан афсусда эканини билдириб, Хитой халқига бўлган ҳурматини тасдиқлади.
“Реал Мадрид” маданиятлар ўртасидаги ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниш қадриятларига содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, клуб Хитой ва унинг фуқаролари билан боғлаб турган дўстлик ва меҳр ришталарини янада мустаҳкамлаш истагини билдиради", — дейилади клуб баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли Мбаппе жорий мавсумда «Реал» сафида 13 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.













