Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри «Олтин тўп»ни топшириш маросимидаги хатти-ҳаракатлари учун билдирилган танқидларга жавоб қайтарди.
Собиқ футболчи Ламин Ямал, Ҳарри Кейн ва маросимнинг ҳамбошловчиси Кейт Скоттга нисбатан ҳурматсизлик қилганликда айбланган эди. Тақдирлаш маросимида Анри Ямалдан ҳазил тариқасида энг яхши ёш футболчига бериладиган совринни эмас, асосий мукофотни қўлга киритишни хоҳлаган-хоҳламаганини сўраган.
«Мен Ламин Ямалнинг мухлисиман. Унинг нафсониятига тегишни асло истамаганман. Агар ҳазил сизга ёқмаган бўлса, буни тушунаман. Аммо ҳамма нарсани бунчалик жиддий қабул қилиш керак эмас.
Ямал — ўйинини томоша қилиш учун пул тўлашга тайёр бўлган футболчилардан бири. Унинг майдондаги ҳаракатлари менга жуда ёқади.
Кейнга эса шундай дедим: “Сен ғалабага ҳақли эдинг, бу совринга муносибсан. Сен меҳнатсеварлик ҳам истеъдод эканини, астойдил ишлаш эса ҳақиқий фазилатлигини исботладинг”.
Табриклайман, Ҳарри Кейн! Жаҳон чемпионатидан кейин мен уни сэр Ҳарри Кейн деб атайман», — дея Анрининг сўзларини келтирмоқда BBC.
Эслатиб ўтамиз, «Олтин тўп»ни топшириш маросими 26 октябрь куни бўлиб ўтди. Бош соврин «Бавария» ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейнга насиб этди.













