Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ўз сўзига содиқ Бакка

Баҳо:
+ | -

Италия футболида азалдан «Милан дербиси» муҳим ўрин тутади. Бу ўйин вақти «Интер» ва «Милан»нинг турнир жадвалидаги ҳолатию, қандай спорт формасида эканлиги мутлақо унутилади. Хуллас, «россонерлар» ва «нерадзурралар» ҳар қандай вазиятда бир-бирларига чинакам кураш тақдим этишади. 31 январь куни бўлиб ўтган охирги дербида «Милан»нинг қўли баланд келди - 3:0. Ўйиндан олдин «россонерлар» ҳужумчиси Карлос Бакка охирги вақтларда майдондаги роли анча ўзгарганини айтиб, яна қўшимча қилганди: «Якшанба куни қизчамнинг туғилган санаси. Шундай экан, унга совға тайёрлашим керак. Қандай гол уришим муҳим эмас. Шунчаки, рақиб дарвозасини нишонга олсам ва жа-моам ғалаба қозонса, бас». Қарангки, у ўз сўзи устидан чиқиб, «Милан»нинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва йирик ҳисобли ғалабага муносиб улуш қўшди.

- Сиз бунгача Бельгия ва Испания чемпионатидаги дерби ўйинларида ҳам гол ургансиз. Итальянча дерби хусусида нима дея оласиз?

- Кўпчилик ҳозир «Интер»нинг ишлари унча юришмаётганини таъкидламоқда. Эҳтимол шундайдир, аммо дербида ҳаммаси унутилади. Яъни жамоаларнинг учрашувдан олдинги ҳолатларига қараб, хулоса чиқариш асло тўғри эмас. Бундай баҳсларда 3 очко олиш учун бор куч билан ўйнаш ва фақат ғалабани кўзлаш керак. Яна масъулиятни тўла англаб, иштиёқни максимал даражада намойиш қилиш талаб этилади.

- Хўш, қайси дерби «қайноқ»роқ - Севильяникими ёки Миланники?

- Севильяда дербига эътибор ақл бовар қилмас даражада баланд. Бу ҳақдаги муҳокамалар ўйинга бир ой қолганидаёқ бошланади. Ресторанга кирсанг ёки кўчада сайр қилиб юрсанг, албатта, кимдир олдингдан чиқади ва дербида ғалаба қозониш шартини қўяди. У ерда бошқа ҳар қандай учрашувда ютқазиш мумкин, аммо фақат дербида эмас. Бошинг балога қолишини истамасанг, бир иложини топиб, ўйинни ўз жамоанг фойдасига ҳал этишинг шарт.

- Айни пайт «А» сериясидаги фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Ҳа. Лигада энг муҳими - тактика. Хайриятки, бунга мослашиб олдим. Ҳар сафар майдонга тушаётганимда, ўз салоҳиятимга ишончим ортаётганини сезаман. Мана, бир нечта гол уришга эришдим ва шу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Мақсадим - рақиб дарвозасига кўпроқ тўп киритиб, «Милан»нинг имкон қадар юқорига кўтарилишига ҳисса қўшиш. Хуллас, бор маҳоратимни ишга солишни, «Милан»га сидқи-дилдан хизмат қилишни хоҳлайман.

- Бир қарашда, мавсум стартига нисбатан олганда, анча ўзгардингиз...

- Ҳа, шубҳасиз, шундай. Айниқса, ўйиннинг тактик жиҳатлари устида қаттиқ ишладим. Ҳарқалай, Испанияда машғулотлар бошқача ўтарди.

- Синиша Михайлович ўйинлардан олдин сизни асосан қандай сўзлар ёрдамида курашга шайлантиради?

- Аслида мураббийнинг ўйинлар арафасида нимадир дейишига ҳожат йўқ, айниқса, дербилардан олдин. Шунчаки, ҳар бир футболчи эътиборини жамласа, бас. Хусусан, менда иштиёқ масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Кумирларингиздан бири - Роналдо «Милан дербиси»да ҳар икки клуб учун гол урган...

- Буни биламан. Ёшлигимда Колумбияда «А» серияси ўйинларини кузатардим. Ўша вақт Фаустино Асприлья ва Иван Кордоба каби ҳамюртларим Италияда ўйнашарди. Табиийки, Роналдонинг ўйинларини ҳам қунт билан кузатиб, ундан кўп нарсаларни ўрганганман. Умуман, «Милан»да доимо савияли ҳужумчилар тўп суришган. Умид қиламанки, мен ҳам жамоа футболкасини кийиб юришга муносиб эканлигимни тўла-тўкис исботлай оламан.

- Ким билан ўйнашингиз қулайроқ - М~Байе Ньянг ёки Луис Адриано?

- Иккиси услуб бўйича бир-биридан кескин фарқланади. Адриано асосан техникага урғу қаратади ва биз ўзаро яхши тушуниб тўп сурамиз. Ньянг эса анча ҳаракатчан йигит, ўнг томонда ҳам, чапда ҳам бирдек ўйнай олади. Шундай ҳужумчининг жамоамизда қолганидан бағоят хурсандман.

- Гонсало Игуаин - «А» серияси тўпурарлар пойгасининг яққол пешқадами. Сизнингча, у чемпионатнинг энг яхши ҳужумчисими?

- Албатта, Гонсало ажойиб футболчи, шунингдек, ажойиб клубда ўйнаяпти. Ҳарқалай, «Наполи» футболчиларининг кўп йиллардан буён бирга тўп суришаётгани ҳам Игуаинга қўл келяпти.

- Умуман, «А» сериясини қандай тасаввур қилгандингиз? У сиз ўйлаганчалик эканми ёки...?

- Кўряпманки, рақобат мен кутгандан ҳам кучлироқ. Лигада савияли футболчилар кўп. Дейлик, Испанияда чемпионлик учун қайси клубларнинг кураш олиб боришини ҳамма олдиндан билади. «А» сериясида эса умуман бошқача.

- Қизиқ, лигадаги қайси ҳолатдан кўпроқ ҳайратландингиз?

- Камтарин клублардаги айрим футболчиларнинг савиясидан. Лигадаги кучли рақобатнинг сабаби ҳам шу.

- «Милан»нинг соврин учун курашишига нима зарур?

- Албатта, ижобий натижалар ва озгина омад. Шунингдек, ўйиндан роҳатланишимиз ҳамда ўз кучимизга тўлиқ ишонишимиз муҳим.

- Демак, ҳамма гап футболчилар руҳиятида, шундайми?

- Маълум маънода, ҳа. Ҳарқалай, бизга айнан ишонч етишмаётгандек.

- Клубнинг мавсумдаги бош мақсади нима?

- Еврокубокларга қайтиш. Бунинг учун айниқса, турнир жадвалидаги рақобатчиларга очко бермаслигимиз лозим.

- «Милан» Италия кубоги финалига яқинлашди. Римда ўтувчи ҳал қилувчи баҳс ҳақида ўйлаётгандирсиз...

- Ҳозирча йўқ. Финал май ойига белгиланган. Унгача олдимизда кўплаб ўйинлар борки, эътиборни шу баҳсларга қаратганимиз маъқул. Қолаверса, «Александрия»га қарши ўтадиган жавоб учрашувини ҳам унутмаслик керак.

- Жорий мавсум еврокубокларни қўмсаяпсизми?

- Ҳа, қўмсаш ҳисси бор. Ахир «Севилья»да қолиб, ЧЛда ўйнашим мумкин эди. Лекин афсусланишимга ҳожат йўқ - «Милан» билан ҳам муваффақият қозонишга уриниб кўраман.

- Асосан қарши ҳужумларга таяниб тўп сурувчи жамоада форвард ролини бажариш қандай?

- Бу қийин, албатта. Фақат олдинда ўйнашга нима етсин... Аммо бу футбол. Мен доимо мураббий талабига мос ҳаракатланишга интиламан. «Милан»да битта нарсани тушундим: ҳужум - бу жамоа ҳимоясининг биринчи чизиғи.

- Синиша Михайлович билан ўйин-лар давомида етарлича тўп қабул қилмаётганингиз хусусида гаплашдингизми?

- Албатта. Лекин ҳозир умумий ҳолат анча яхшиланди. Ҳар ҳолда, мавсум стартида роса қийналгандим. Ке-йинчалик машғулотларда камчиликлар устида ишладик. Мана, 4-4-2 ёки 4-4-1-1 тактик услубига ўтганимиздан буён ўйинимиз анча кучайди.

- Юзага келган деярли ҳар бир имкониятдан фойдаланасиз. Бунинг сири...

- ...Машғулотлар чоғи тинмай ишлашдан ташқари, ўйин вақти соф ақлга таяниб ҳаракатланишим муҳим. Ўзи табиатан доимо ижобий натижани кўзлайман. Мисол учун, «Эмполи» билан ўйинда тўпни қабул қилгач, адашишим мумкинлиги ҳақида ҳаттоки, ўйламадим ҳам. Шунчаки, бор эътиборни тўпга қаратиб, ҳимоячиларга иш қолдирмадим.

- «Милан» кийиниш хонасидаги энг ҳазилкаш персонаж ким?

- Антонио Ночерино. У мудом ҳазиллашишни ёқтиради ва барчанинг кайфиятини кўтаради. Яна Кевин-Принс Боатенг ҳам жуда кўнгилчан йигит.

- Оилангиз ҳам Италияга жойлашиб, мослашиб олдими?

- Биз ҳаммасидан хурсандмиз: янги тил, янги маданиятни ўзлаштиряпмиз, янги дўстлар орттиряпмиз.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:32, 12.02.2016.
Ўқилди: 2731 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.