Кириш Регистрация
07/10 00:00 Реал Сосьедад 1-1 Атлетико

Товон ёхуд суперкубокни танладингизми, футзалними?

Баҳо:
+ | -

Грек мифологиясида Ахилл деган персонаж бор. Афсоналарнинг ашаддий ишқибози эмасмиз-у, лекин унинг енгилмас паҳлавон бўлгани-ю, териси совут каби мустаҳкамлигини билиш учун юнон асотирларини ёдлаб олиш шарт эмас. Бу ҳақида кўп бора ёзилган ва айтилган. Шунингдек, Ахиллнинг энг нозик жойи товони бўлганини ҳам биламиз. Афсоналарнинг гувоҳлик беришича, уни чақалоқлигида ғайритабиий сувда чўмилтириш натижасида териси совутдек бўлиб қолган экан. Аммо биласиз, чақалоқлар товонидан ушлаб чўмилтирилади. Шу сабабли, Ахилл полвоннинг шу аъзосига сув тегмай қолиб, улғайганида душманлар айнан товонидан жароҳатлаб ўлдиришган экан. 

Агар шу мантиқ бўйича фикр юритадиган бўлсак, ўзбек футболининг энг нозик жойи, яъни товони  - ПФЛ бўлади. Ушбу ташкилотнинг товони эса - тақвим тузувчилар.

Ҳафта бошида ПФЛ бизни янги каромати билан ҳайрон қолдирди - Ўзбекистон суперкубоги чоршанба, яъни ҳафтанинг қоқ ўртасига белгиланди. Дам олиш кунлари бўш турганида айнан чоршанба танлангани-ю, ўйин 15:00га белгилангани ҳам майли, аммо ўша куни соат 16:00да футзал бўйича Осиё чемпионати чорак финали ҳам бўлиб ўтганига нима дейсиз? Эътиборингиз учун, ўша баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Ироққа қарши майдонга тушиб, жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб борди. Муҳимлиги жиҳатидан бундан аҳамиятлироқ ўйин бўладими?

Шу куни ўзбек футболи мухлислари олдида камдан-кам юзага келадиган ноёб имконият туғилди. Осиё чемпионатининг чорак финал ўйинига боришсинми ёки йилда бир марта бўладиган Ўзбекистон суперкубоги баҳсини томоша қилишсин? Бунисини танлаш энди уларнинг ихтиёрида эди.

Аҳамияти жиҳатидан бир-биридан қолишмайдиган икки ўйиннинг деярли бир вақтга белгиланганини  аввал учрамагандир, аммо энди бор. Гап шундаки, ҳозир юртимизда хориждан кўплаб журналист ва мутасаддилар меҳмон бўлиб турибдилар. Улар аслида, футзал бўйича Осиё чемпионатини кузатиш учун келишган. Аммо, меҳмонларни Ўзбекистон суперкубоги баҳси ҳам  қизиқтиргани эҳтимолдан холи эмас. Ахир бундай имконият уларда ҳар доим ҳам бўлавермайди ва суперкубок учун атайлаб Ўзбекистонга келишлари қийин. Шу сабабли, улар бажонидил «Бунёдкор» стадионига ташриф буюриб, «Насаф» ва «Пахтакор» ўртасидаги баҳсни кузатган бўлар эдилар. Агар...

Мана шу «агар»лар кишини хуноб қилади-да. Аслида, «Насаф» - «Пахтакор» ўйини хорижлик ҳамкасбларимизни қизиқтиришининг сабаблари кўп эди. Бу жамоаларнинг ҳар иккиси ҳам Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этади ва уларнинг ўйинини ўрганиш ОАВнинг ҳам вазифаси ҳисобланади. Бу эса футболимиз учун текин реклама вазифасини ўташи мумкин эди. Аммо афтидан, ПФЛга бу нарса ортиқчадек. Тўғри-да, «шунчаки» қабилида ўтказилаётган ўйин учун ташвиқотнинг нима кераги бор?

Хорижлик журналистлар майли, ҳаммасидан ўзимизнинг мухлислар учун кўнглинг оғрийди. Айниқса, «Насаф» ва «Пахтакор» ишқибозларига ачинади киши. Бошқа клуб мухлислари-ку, иккиланмай Осиё чемпионати фойдасига қарор чиқаришгани табиий. Чунки бу ўйинда мундиал йўлланмаси тақдири ҳал қилинди. Аммо «аждарлар» ва «шерлар» мухлислари-чи? Улар нима қилишсин? Ўз клубларини қўллаб-қувватлашсинми ёки Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қилишсин? «Бармоғимнинг унисини тишласам ҳам оғрийди, бунисини ҳам», деганларидек, шу куни ишқибозлар ноқулай аҳволда қолиб кетдилар.

Бу ўринда нафақат стадионга ташриф буюрадиганлар, балки ўйинни телевизорда кўришни режалаштирганлар ҳақида ҳам алоҳида гапириб ўтиш лозим. Тошкентлик мухлисларда-ку, ҳар ҳолда, танлаш имкони мавжуд эди. Футзалдан кўра, футболни устун кўрганлар тинчгина «Бунёдкор» стадионига боришди.

Биласиз, шу вақтга қадар ПФЛ ва тақвим ҳақида жуда кўп гаплар айтилган. Улар орасида бундан-да аччиқроқлари ҳам учраган. Аммо афсуски, ҳали бирор ўзгаришни кўрмадик. Осиё чемпионати ўйинлари жадвали ОФК томонидан анча олдин маълум қилиб қўйилган эди. Спортга жиндек қизиқадиган мутасадди Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда нечанчи ўринни олиши-ю, чорак финалда қачон майдонга тушишини чамалаб олиши унчалик қийин эмасдир? Афсуски, тақвим тузувчилар орасида спортга қизиқадиганлари кўп эмас, шекилли. Акс ҳолда, ҳар икки ўйинни мириқиб томоша қилган бўлармидик...?

Яқин орада бирор ўзгариш бўлмаса, ҳали анча вақт «товон»га тушиб юрамиз, шекилли...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:46, 21.02.2016.
Ўқилди: 3108 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.