Кириш Регистрация
07/10 00:00 Реал Сосьедад 1-1 Атлетико

Шаҳбоз Эркинов: «Малайзияда қолмаслигимни сабаби бор»

Баҳо:
+ | -

«Навбаҳор»да тўп сурган Шаҳбоз Эркинов бу йил «Машъал» шарафини ҳимоя қилади. Ушбу ҳужумчи ўтган йили 13та гол билан чемпионат тўпурарлари пойгасида Игорь Сергеев (23та гол) ва Баҳриддин Ваҳобов (21)дан сўнг учинчи ўринни эгаллаган эди. Шаҳбоз бу сермаҳсулликни янги жамоасида янада ошириш истагида. 

- «Машъал» раҳбарияти менга ўтган мавсум якунланиши ҳамоно таклиф билан чиққанди, - дея сўз бошлади ҳужумчи. - Олдимда бир нечта вариантлар бор эди. Лекин барчасини ўйлаб кўриб, муборакликлар таклифини қабул қилдим. Бу жамоа бир неча йилдан бери барқарор ўйин намойиш этиб келяпти. Шу жиҳат қарор қабул қилишимда муҳим роль ўйнади. Орада Малайзияга ҳам бориб келдим. Аммо очиғини айтсам, ўша пайт жисмонан тайёр эмасдим. Шу боис, ортга қайтишга мажбур бўлдим. Аслида, Малайзия клубида қолишим ҳам мумкин эди. Лекин бунинг учун февралгача кутишимга тўғри келарди. Бу эса менга маъқул эмасди. Биласизми, Малайзиядан таклиф кутилмаганда келди. 2 январь куни менга қўнғироқ қилишди ва 4 январда у ерга учдим. Шартнома имзолаш 90 фоизга аниқ дейишгани учун боргандим. Бир ҳафта ичида иккита ўйинда майдонга тушдим. Мен ҳали жисмонан юқори даражага чиқмагандим. Мураббийлар «Февраль ойи охиригача шу ерда шуғуллан, агар барчаси яхши бўлса, шартнома тузамиз» дейишди. Мен эса бу таклифга кўнмадим. Ўзбекистонга қайтиб, «Машъал» таклифини қабул қилдим. Келажакда хориждан яна таклиф тушса, албатта, ўзимни синаб кўраман.

- «Машъал»даги рақобатга тайёрмисиз?

- Албатта. Биринчи галда мени жуда илиқ тарзда кутиб олишгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Футболчилар билан аввалдан танишмиз. Бу борада муаммо йўқ. Ҳамиша рақобат тарафдори бўлиб келганман. Футболчи шундагина ўсишга эришади.

- Бахтиёр Ашурматовнинг «Навбаҳор»дан кетиши сизнинг жамоани тарк этишингизга сабаб бўлдими?

- «Навбаҳор»дан кетишим деярли аниқ бўлиб қолганди. Жамоа молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолганди. Аслида, «Навбаҳор»га айнан Бахтиёр Ашурматов сабаб боргандим. Менимча, икки йил ёмон ўтгани йўқ. Тўғри, молиявий муаммолар бўлди, аммо футболчилар шунга қарамай, ҳар бир ўйинда майдонга фақат ғалаба учун тушишди. Агар шу жамоа сақланиб қолганида, бу йил янада яхши натижа кўрсатардик. Бахтиёр ака жамоадан кетгач, мен ҳам Наманганда узоқ ушланиб қолмадим.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:24, 23.02.2016.
Ўқилди: 3052 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.