ФИФА президентлиги учун сайловдаги номзодлардан бири, иорданиялик шаҳзода Али ибн Ал-Ҳусайн АҚШ футбол федерацияси томонидан "сирли равишда қўллаб-қувватланмоқда". Бу ҳақда ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттернинг маслаҳатчиси Клаус Штолькерга асосланиб, ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатган.
"Шаҳзода Али ибн Ал-Ҳусайн ўз номзодини қўйиш арафасида умидсиз ҳолатда эди. Осиё футбол федерацияси унинг номзодини қўллаб-қувватламасди. Шу вазиятда АҚШ футбол федерацияси уни қўллаб-қувватлаш орқали ФИФАда ўз таъсирини кенгайтириш бўйича қарор қилди", дейди Штолькер.
"Америкаликлар, ҳозир Швейцариянинг Цюрих шаҳрига ташкилот офисига келиб ўтирганлар ФИФАнинг аҳамиятини тушуниб қолишди. АҚШ ўз ҳудудида ва Жанубий Америкада кўп мухлисларга эга бўлган бу спорт турига жиддий эътибор қарата бошлади. Улар ФИФАни ким бошқарса, сиёсий таъсирга ҳам эга бўлишини англашди. Бундай таъсир кучини ("soft power") етарли даражада баҳоламаслик тўғри бўлмасди", дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.
Шаҳзода Али 2015 йилнинг майида ФИФА президентлиги учун ўтказилган сайловда Йозеф Блаттернинг ягона рақиби бўлганди.
"У "коррупцияга қарши чиқди" ва ўз маошини хайрия ташкилотларига йўналтирди. Уни футбол соҳасидаги топ-менежер деб аташ қийин", дейди Штолькер.
Штолькернинг фикр билдиришича, сайловда ғалаба қозониш учун энг яхши имконият ОФК раҳбари, шайх Салмон ибн Иброҳим Ал-Халифада бўлиб турибди.
ФИФАнинг янги президентини аниқлаш учун сайлов 26 февраль куни Цюрих шаҳридаги йиғилиш вақтида ўтказилади. Янги президент 4 йил муддатга сайланади.