Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ҳаким Фузаилов: «Ўзбекистон ЖЧнибемалол ўтказа олади»

Баҳо:
+ | -

Машҳур мутахассис Ҳаким Фузайлов билан суҳбатимиз айнан футзал бўйича Осиё чемпионати ва унда Тожикистон термасини иштироки хусусида бошланди...

- Ҳаким ака, сизнингча, Тожикистон терма жамоасининг омадсиз иштирокига нима сабаб бўлди?

- Очиғи, натижа бундай бўлишини кутмагандик. Таиландга қарши кечган ўйинда йигитлар жуда яхши ҳаракат қилишди. Ҳатто, ушбу баҳсда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Ҳисоб бизнинг фойдамизга 2:1 бўлиб турган бир пайтда юзага келтирилган вазиятлардан оқилона фойдаланганимизда, ҳозир бундай ҳолатга тушмас эдик. Голга тортадиган учта 100 фоизлик имконият кўкка совурилди. Катта футболдаги «Сен урмасанг, сенга уришади», ақидаси футзалда ҳам ўз исботини топди. Футзалчиларимизнинг бирга-бир вазиятлардан унумли фойдалана билмасликлари рақибга қўл келди. Таиландликлар хатоимизни кечиришмади ва аксинча, жазолашди. Унутмаслик керак, Таиланд ғолиблик учун асосий даъвогарлар сирасига киради. Қолаверса, бизнинг термамиз Осиё чемпионатидаги энг ёш таркибга эга жамоалардан бири эканлигини ҳам унутмаслик керак. Иккинчи ўйинда эса муваффақиятсизлик йигитларимиз руҳиятига салбий таъсир қилдими ёки катта куч йўқотишгани учун тиклана олишмадими, яна мағлубиятга учрадик. Бу сафар Вьетнамга имконият бой берилиши оқибатида, чорак финалга йўлланма ола билмадик.

- Осиё чемпионатига олиб борилган тайёргарликдан қониққанмидингиз?

- Шундай деса ҳам бўлади. Дастлаб Душанбе шаҳрида шуғулландик. Кейин Ўзбекистон термаси билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун Тошкентга келдик. Дастлабки баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Иккинчисида эса 2:11 ҳисоби билан ютқаздик. Ўхшашликни кўряпсизми, гуруҳнинг илк ўйинида ҳам йигитлар ўзларидан яхши таассурот қолдиришганди. Иккинчи учрашувда эса чарчаб қолиш натижасида йирик ҳисобда ютқаздик. Афтидан, жисмоний тайёргарликда бироз муаммолар борга ўхшаяпти. Осиё чемпионатига келишдан аввал эса Қайроққумда қисқа муддатли йиғин ташкил этилди.

- Қитъа чемпионатидаги ташкилотчилик ҳақида нима дея оласиз?

- Мусобақа юқори савияда ўтказиляпти. Машғулотлар учун ажратилган шароитлар ҳақида ҳам ижобий фикрдаман. Меҳмонхоналар, транспорт хизмати, хуллас, барчаси аъло даражада. Ўйлайманки, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига ҳам бемалол мезбонлик қила олади.

- Билишимча, бугунги кунда Тожикистон футбол федерациясида ишлаётган экансиз...

- Худди шундай. Жорий йил январидан федерацияда иш бошладим. Мени ТФФнинг техник департаментига директор ўринбосари лавозимига таклиф қилишганди. Бундан ташқари, барча ёш тоифасидаги футбол ва футзал терма жамоаларига масъул (куратор) этиб тайинланганман.

- Тожикистон футболи тараққиётнинг қайси йўлидан боряпти?

- Бу борада янги дастур ишлаб чиқилиб, 2016-2020 йиллар мобайнида спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш кўзда тутилган. Йилдан-йилга футбол инфратузилмаси яхшиланиб боряпти. Футболга ҳомийлик қилиш истагини билдирганлар ҳам кўпаймоқда.

- Бизда болалар футболини ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралади. Сизлардачи?

- Бизда ҳам болалар ва ўсмирлар футболига катта эътибор қаратиляпти, клуб қошида академиялар ташкил этиляпти. Пойдеворни мустаҳкам қилмай, иморат қуриб бўлмайди, дейишади. Буни бевосита футболга ҳам татбиқ этиш мумкин. Лекин мазкур жараён осон кечмайди. Мақсадни амалга ошириш учун йирик маблағ ва куч сарфланиши керак. Қолаверса, оммавий футболга ҳам эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Соғлом жамият яратишда спорт, хусусан, футбол етакчи ўринда туради. Миллионлар ўйинини ҳаваскор сифатида танлаган болалардан ҳеч бўлмаса 2-3 нафаридан яхши савиядаги футболчи етишиб чиқса, бу қилинган меҳнатнинг илк самараси сифатида қабул қилинади.

- Тожикистон футболида натижалар ҳам ижобий кўриниш касп этмоқда. Фикримизга «Истиқлол» клубининг ОФК кубоги финалида ўйнагани исбот бўла олади...

- Тўғри, Қувайт клубларининг мусобақадан четлатилиши натижасида жамоамиз ҳал қилувчи баҳс иштирокчисига айланди. Лекин футбол тарихида натижа қолади. Тожикистон чемпионатида «Истиқлол» клуби билан рақобатлашадиган 3-4та жамоа етишмаяпти.

- Ўз майдонида ўйнаган «Истиқлол»га финал учрашувида нима етишмади?

- Менимча, бироз омад камлик қилди. Бутун ўйин давомида ташаббус майдон эгалари томонида бўлди. Лекин «Истиқлол» футболчилари юзага келтирилган қулай вазиятлардан фойдалана олишмади.

- Марказий Осиё футбол федерациясининг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган. Бу янги ташкилотнинг келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ушбу ташкилот минтақа футболини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Ўзбекистон минтақамиздаги футболи тез ривожланиб бораётган давлат ҳисобланади. Стадионлар, футбол инфратузилмаси, клубларнинг моддий-техник базаси, ОЧЛда иштирок этаётган жамоаларнинг савияси, умуман, ҳамма йўналишларда ютуқларга эришяпсизлар. Болалар футболига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида муносиб тарзда иштирок этиб келишяпти. Демак, ташкилот офисининг Тошкентда бўлишини тўғри қарор сифатида баҳолайман.

- Мураббийлик фаолиятини давом эттириш истагингиз йўқми?

- Нега энди? Албатта бор. Фақат ҳозир эмас. Айни пайтда ТФФ билан шартномам бор ва мамлакат футболини янги босқичга олиб чиқиш учун ўз ёрдамимни беришим керак.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:29, 24.02.2016.
Ўқилди: 5583 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.