Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқич илк тур ўйинлари доирасидаТошкентнинг "Пахтакор" ҳамда Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клублари ўртасида кечган учрашувдан сўнг ҳар икки жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда дастлаб, меҳмон жамоа бош мураббийи Гиоргос Донис қатнашди.
- Учрашув тенгкурашлар остида кечди. “Пахтакор” биринчи таймда анча мазмунли ўйин анмойиш этди. Биз эса иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнадик. Биринчи голни киритгач бизда яна бир жуда қулай имконият юзага келганди. Аммо ўша вазият гол билан тугамади.
Бугун ўтказиб юборилган голларда дарвозабонимизнинг айби бор. Лекин бутун айбни унга ағдариш ҳам тўғри бўлмайди. Ҳимоя чизиғи вакиллари ҳам хушёр ўйнашлари лозим эди.
Ўзбек жамоаларини жуда хурмат қиламан. Ўтган йили “Локомотив” билан ўйнаган эдик. Сизнинг клубларингиз анча тажовузкор ўйин намойиш этишади.
Ҳозирча жавоб ўйини ҳақида ўйлаётганим йўқ. Боиси бизни олдинда “Ал Иттиҳод” билан бўладиган жиддий матч кутиб турибди. Шу баҳсни ҳам ўтказгач, “Пахтакор” билан жавоб ўйини хусусида бош қотираман, - дейди тажрибали мутахассис.