Осиё Чемпионлар Лигаси дастлабки турида Саудия Арабистонида «Ал-Наср» меҳмони бўлган «Бунёдкор» жуда муҳим ғалабани қўлдан чиқарди. Ваҳоланки, ўйин давомида «қалдирғочлар» иккита тўп фарқи билан олдинда боришаётганди.
ТОПҚИР ЛУШАН
Саудия Арабистони клубларига қарши баҳслар ўзбек жамоалари учун доимо муаммо бўлиб келган. Айниқса, сафар ўйинларида йирик ҳисобдаги мағлубиятлар оддий ҳолатга айланиб қолганди. Сергей Лушан бошчилигидаги «Бунёдкор» эса Саудия клубларига қарши ўйин формуласини топди, назаримизда. Бу ҳақдаги фикримизни шарҳ сўнггида баён қиламиз.
ТЕЗКОР ГОЛ ВА ПРЕССИНГ
Лушан жамоаси майдоннинг рақиб томонидаёқ прессинг қўллай бошлади. Бундай услуб 3-дақиқадаёқ наф келтирди. «Ал-Наср» посбони Абдуллоҳ ал-Эназий ўз жарима майдончасини тарк этиб, тўпни тепиб юбормоқчи бўлганида ҳужумчиларимиз унга нисбатан босим уюштиришди. Натижада, посбон тўпни Ҳамдамовга бериб қўйди. Достон эса бўш қолган дарвозани ишғол қилди.
Саудия Арабистони чемпионатида мавсумнинг ўртасини ўтказаётган «Ал-Наср»нинг ўз ўйинини топиб, руҳий тушкунликдан чиқиб кетиши учун кўп вақт керак эмасди. Улар ҳужум ташкил қилиш йўлларини излаш билан банд бўлишаётганида ҳамюртларимиз прессинг эвазига рақибдан тўпни олиб қўйиб, кетма-кет бир неча марта хавфли қарши ҳужум ташкил қилишди. Жумладан, шундай ҳужумларнинг бирида ҳисобдаги фарқ ошиши керак эди. Чап қанотдан Комилов узатма берди ва Ўринбоев тўпни дарвозабоннинг устидан оширди. Ҳимоячи дарвозага кираётган тўпни қайтарди. Забиҳилло бироз ишончлироқ зарба берганида, «қалдирғочлар» ўйин бошиданоқ рақибни «нокаут»га учратган бўлишарди.
Шунга қарамай, иккинчи гол ҳам Сергей Лушан шогирдларининг ҳисобига ёзилди. Ўйиннинг 33-дақиқасида Ўринбоев жарима майдончасининг ўнг томонидан узатма берди ва Шакер Зуаги 11 метрли нуқта устида бош билан зарба бериб, дарвозани ишғол қилди. Тўп Эназийнинг қўлидан тўрга бориб тушди.
ТАЖРИБАСИЗЛИК
Рақибнинг ўйини қовушмаганидан «Бунёдкор» футболчилари бироз хотиржамликка берилишди. Керак бўлмаган пайтда Акром Комилов олдинга ўтиб кетди. Ваҳоланки, жамоамиз бўлимнинг сўнгги дақиқаларида тартибли ҳимояланиб, ҳисобни ушлаб қолиши мумкин эди. Айнан Комиловнинг бўш қолган ҳудудидан Миерзежевски ва Ҳазозий «девор» услубида ҳужум ташкил қилишди. Адриан дарвозабонимиз билан яккама-якка вазиятга чиқди ва ўткир бурчак остида зарба йўллади. Тўп устунга тегиб қайтди. Ушбу вазият гол билан якунланмаган бўлса-да, мезбонлар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатди. Дастлаб Маркиньоснинг чап қанотдан кириб йўллаган зарбасини Зуҳуров қайтарди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган вазиятда эса Шараҳилий оёғининг тагига Ашурматов ташланаётганини кўрди ва «ўхшатиб» йиқилиб берди. Жанубий кореялик ҳакам дарҳол 11 метрли нуқтага ишора қилди. Рустам мана шундай паллада бироз тажрибасизлик қилганини таъкидлаш лозим. Пенальтини Миерзежевски бехато амалга оширди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
«Ал-Наср» иккинчи бўлимни ҳужумкорлик билан бошлаши аниқ эди. Жамоамиздан эса рақибнинг шаштини пасайтириш талаб этиларди. Айрим вазиятларни инобатга олмаганда, футболчиларимиз деярли бу ишни уддалашди. 62-дақиқада Ҳазозийнинг бош билан берган кучли зарбасини Зуҳуров қийинчилик билан қайтарди. 75-дақиқада эса Ҳамдамов ўнг қанотда бир ҳимоячидан ўтиб кетди ва жарима майдончаси ичида тўпни ўзига бўйсундириб, чап оёқда кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди - 1:3.
ХОТИРЖАМЛИК
«Бунёдкор» учрашув тақдирини ҳал қилгандек кўринган вазиятда мезбонлар тезда ҳисобни яна кичик кўринишга келтириб қўйишди. Миерзежевски жарима майдончамиз ичида тўп учун курашда устун келди ва тўпни орқароқда турган жамоадошига етказиб берди. Ҳимоячиларимиз Яҳё аш-Шеҳрийнинг 16 метрдан зарба йўллашига қаршилик қила олишмади. Тўп Зуҳуровнинг қўлига тегиб, тўрга бориб тушди. Тўғри, одатда ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида 2та тўп билан олдинда бораётган жамоа ўйинни ғалаба билан якунлайди. Аммо бу ОЧЛ, халқаро ўйин, унда 1 сонияга бўлса-да, бўшашиш мумкин эмас. Аммо «Бунёдкор» бўшашди. «Наср»нинг иккинчи голи жамоани тезда «ўйинга қайтарди».
Орадан кўп ўтмасдан Баҳодир Насимов жарима майдончамиз остонасида рақиб ҳужумчисини чалиб йиққитди. Ҳуссайн Сулаймоний чап оёқ билан тўпни жонли девор устидан жуда чиройли оширди. Нариги бурчакни ёпиш пайида бўлган Зуҳуров тўпни қайтара олмади - 3:3.
Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас ар-риёдликлар чап қанотдан жарима тўпини ўйинга киритишди ва Ҳазозий бош билан хавфли зарба берди. Муроджон бу сафар «Бунёдкор»ни қутқарди.
ХУЛОСА
Албатта, Чемпионлар Лигасини сафардаги ғалаба билан бошлаш «Бунёдкор»га жуда катта устунлик берарди, аммо ғалаба қўлдан чиқарилди. Бир ҳафтадан кейин бўладиган жавоб баҳсида «қалдирғочлар» хатолардан хулоса чиқарган ҳолда, худди шундай ҳаракат қилишса, ғалабани расмийлаштиришади. Бунинг учун Лушан шогирдларидан яна тезкор гол, юқори прессинг, тартибли ҳимоя, вазиятлардан унумли фойдаланиш ва энг муҳими, «Ал-Наср» ўйинни ҳис қилиш имкониятини бермаслик талаб этилади. Ишонамизки, «Бунёдкор» бу вазифани уддалайди.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газтеаси