Япония футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамкорликда ташкил этган “Sport for tomorrow” футбол фестивали 1 март куни старт олди.
Тошкентдаги “Жар” спорт мажмуасида ўтказилаётган ушбу турнирнинг очилиш маросимида Япония футбол ассоциацияси, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда меҳмон жамоалар вакиллари сўзга чиқиб, ушбу мусобақа барча учун фойдали бўлишига умид қилаётганликларини, Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати иштирокчилари учун эса, қитъа биринчилигига тайёргарлик кўришнинг бир босқичи вазифасини ўтаб бериши мақсад қилинганини таъкидлашди.
Очилиш маросими ниҳоясига етгач, турнирнинг дастлабки ўйини ўтказилди. Унда Темур Олимхўжаев бошчилик қилаётган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Туркманистонга қарши майдонга тушди.
Ўйинни тўлалигича ўз назорати остида ўтказган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўйинни йирик — 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлади.
Учрашувнинг биринчи бўлимида кўплаб хавфли вазиятлар яратилганига қарамай, ўзбекистонликлар фақат битта гол билан кифояланди. Учрашувнинг 30-дақиқасида Расул Йўлдошев узатиб берган тўпни Алфайзи Неъматов боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Биринчи бўлим ниҳоясида Шухрат Неъматов рақиб жарима майдончаси ичига кириб бориб, дарвоза томон хавф солган паллада қўполлик билан тўхтатилди. 11 метрлик жарима тўпини Абубакр Мўйдинов ноаниқ амалга оширди ва биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлим эса голларга бой бўлди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси таркибида ҳаракат қилганлардан Бахром Соатов, Шуҳрат Неъматов, Асадбек Собиржонов ҳамда Абдунозир Абдураҳмонов ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди.
Туркманистон ўсмирлари 11 метрлик жарима тўпидан биргина гол киритди. Ушбу голга Мейлис Хошмирадов муаллифлик қилди — 5-1.
Шу тариқа Ўзбекистон U-16 терма жамоаси ушбу халқаро ўртоқлик турнирини ғалаба билан бошлади.
“Sport for tomorrow-2016”
01.03.2016, Тошкент, “Жар” стадиони
Ўзбекистон U-16 – Туркманистон U-16 5:1
Голлар: Алфайзи Неъматов (30), Баҳром Соатов (55), Шуҳрат Неъматов (64), Абдунозир Абдураҳмонов (76), Асадбек Собиржонов (68) — Мейлис Хошмирадов (76 пен.)
Ўзбекистон U-16: 12.Жасурбек Умрзоқов (1.Хожиакбар Жўраев, 80), 3.Шохзамон Хайруллаев, 4.Ихтиёр Холдоров, 7.Остон Ўрунов, 8.Валерий Акопов (36.Шуҳрат Неъматов, 30) (6.Мардон Абдуллаев, 69), 9.Баҳром Соатов (23.Ғайрат Азизхўжаев, 76), 10.Расул Йўлдошев, 11.Асадбек Собиржонов (14.Иброҳим Ғанихонов, 80), 16.Алфайзи Неъматов (32.Абдунозир Абдураҳмонов, 57) , 17.Абубакир Мўйдинов, 19.Ислом Каримов.
Туркманистон U-16: 1.Ботир Гайлиев, 8.Ботир Тачназаров, 7.Сейран Бердиназаров, 4.Роман Галкин, 11.Мейлис Хошмирадов, 5.Мирза Бекназаров, 14.Аҳмат Гурбанов, 2.Саҳетмурад Режебов, 12.Гурбанмамет Гулиев, 15.Умут Назаров, 18.Атамурот Рамазонов.
Захирадан майдонга тушганлар: 16.Денис Иконников, 3.Гарли Гарлиев, 9.Хакмурат Аннабайрамов, 13.Мейлис Диниев, 6.Эзизхан Кешайев