Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Хосе Мария МЕНДЕЗ:«Савиядаги фарқ йўқолмоқда»

Баҳо:
+ | -

Тошкентда ўтказилган мини-футбол бўйича навбатдаги Осиё чемпионати якунига етгач, Ўзбекистон терма жамоасининг испаниялик устози - Хосе Мария Мендез иш услуби кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Зеро, бу мутахассис юлдузларсиз жамоа билан ҳам қитъа вице-чемпиони мақомини таъминлади. Шу боисми, Россиянинг Footballreview.ru сайти ходимлари терма жамоамиз бош мураббийини турли мавзулар кўтарилган суҳбатга тортишди.

— Жаноб Мендез, Ўзбекистонда бўлиб ўтган чемпионатда шогирдларингиз 4-бор кумуш медалларга эга чиқишди. Ўзингиз аслида бундан-да яхшироқ натижани кутмаганмидингиз?

— Биласизми, олдимизга 2та вазифа қўйилганди: ЖЧга йўлланма олиш ва қитъа чемпионатида совриндор бўлиш. Асосийси, бу вазифаларни бажардик. Менимча, нафақат Тошкент, балки бутун Ўзбекистон 10 кун давомида чинакам футзал ҳавоси билан яшади. Финал ўйини белгиланган спорт саройи ўз бағрига 3 минг томошабинни сиғдира олади. Лекин шу куни залга келганлар сони бундан 3 баравар кўп эди. Қолаверса, 2006 ва 2010 йиллари Тошкентда ўтган ўйинларда Ўзбекистон термаси эронликларга 1:5 ҳамда 3:8 ҳисобларида ютқазган бўлса, ҳозирга келиб, рақиб билан савия борасидаги фарқ минимал даражага тушди. Афсуски, финалда иккинчи голни кераксиз вақт йўл қўйган хатомиз туфайли қўйиб юбордик. Аммо шу билан бир қаторда очиқ тан олишимиз керак, финалдаги рақибимиз - Эрон термаси дарҳақиқат, қитъа биринчилигининг тенгсиз фаворити эди.

— Сизнингча, эронликлар ниманинг эвазига 7та ўйинда 7та ғалабага эришишдию, тўплар нисбати 46:4 кўринишига келди?

— Маълумки, бу терма жамоа дунё­да кучли бешликка киради. Қолаверса, Эронда футзал бўйича ички чемпионат баҳслари ҳам ҳавасга арзигулик даражада йўлга қўйилган. Энг муҳими, уларда захира ўриндиғи жуда-жуда узун. Чунончи, жамоа бош мураббийи Назем Тошкентга олиб келмаган спортчилардан яна битта худди шундай кучли терма тузиш мумкин. Умуман, ҳозирги даврда эронлик спортчилар фаолиятларининг энг чўққисида туришибди. Ўйлашимча, улар Колумбияда ҳам медаллар учун курашишади.

— Чемпионатнинг бош «сенса­ция»си сифатида Япония термасининг муваффақиятсизлигини айтиш мумкин...

- Фикрингизга қўшиламан. Ватандошим - Мигель Родриго кўп йиллардан буён иш олиб бораётган шундай ажойиб жамоанинг омадсизлиги барчани бирдек «шок» ҳолатига тушириб қўйди. Менимча, японлар рақибларга менсимай қарашгани учун ҳам шундай муваффақиятсизликка учрашди. Японлар илк мағлубиятдан шунчалик ҳайратга тушиб қолишдики, натижада 5-ўрин учун кечган «плей-офф» босқичида Қирғизистон термасига қарши баҳсда керакли руҳий ҳолатни таъминлай олишмади ва йирик ҳисобда енгилишди. Шу тариқа ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун сўнгги имкониятдан ҳам маҳрум бўлишди.

— Истаймизми-йўқ, Осиёнинг кўплаб терма жамоаларига хорижлик мутахассислар устозлик қилишаётгани эътиборни тортаверади...

— Биз - испанлар Осиё чемпионатига 4та жамоани тайёрладик: Япония, Ўзбекистон, Вьетнам ва Малайзия термаларини. Қатар жамоасида португалиялик мураббийни кўрдик. Мен Таиланд термасидан кетганимдан кейин у ерда голландиялик Виктор Херманс иш бошлади. Таъкидлаш лозим, Таиланд термаси унинг фаолиятидаги 6-жамоадир. Бу мутахассиснинг ишига қойил қолмай, илож йўқ. Қирғизистон термасида эса россиялик мухлисларга яхши таниш Андрей Полховский фаолият юритмоқда.

— Ҳа, турнирда хорижлик мураббийларни кўп кўрдик. Аммо Бел­градда ўтган Европа чемпионатига қиёсласак, Осиёда ўйинчиларни маҳаллийлаштириш масаласига унчалик эътибор қаратилмас экан...

— Очиғи, мен истеъдодли чет элликларни маҳаллийлаштириш масаласини ёқламайман. Ўзим фаолият юритган терма жамоаларда маҳаллийлаштирилган ўйинчилар ўйнашмаган. Мисол учун, Тошкентга ҳам фақат Қатар термасигина маҳаллийлаштирилган футзалчиларга умид боғлаган ҳолда келди. Яъни таркибида 2 нафар бразилиялик ва бир нафар мисрлик футзалчи бор эди.

— 7 йилдан буён Осиёда ишлаяпсиз. Нима деб ўйлайсиз, қитъада мини-футбол етарли суръатда ривожланяптими?

— Шубҳасиз, Осиёда ушбу спорт тури жадаллик билан тараққий топмоқда - кўпсонли томошабинлар, телевизион трансляциялар ва ҳоказо... Фикримча, Марказий Осиё давлатларида мини-футболнинг оммалашишига «Қайрат» клубининг УЕФА кубогидаги муваффақияти ҳам ижобий таъсир қилмоқда. Ўз навбатида, Қозоғистон термасида хориждан чақирилган футзалчилар қатори талайгина истеъдодли маҳаллий ўйинчилар ҳам етишиб чиқмоқдалар. Қисқаси, Какаудек тажрибали мураббийнинг услуби яққол сезилмоқда.

— Айтингчи, Ўзбекистон термаси Европа жамоалари орасида қандай кўринарди?

- Ўйлайманки, бугунга келиб, қитъа­лар орасида савия борасидаги фарқ унчалик катта эмас. Масалан, биз декабрь ойида Беларусга сафар уюштириб, анчагина кучли ҳисобланган мамлакат терма жамоаси билан 2 марта куч синашдик. Биринчи ўйин­да узоқ парвоз таъсир қилгани учунми, рақибга 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Иккинчисида эса мезбонларни 5:2 ҳисобида ишончли тарзда енг­дик. Январда эса Алматида Қозоғистон термаси билан учрашиб, икки марта 1:3 ҳисобида ютқаздик. Лекин ўйин борасида қолишмадик. Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим зарур, термамиздаги кўплаб ўйинчилар айнан Қозоғистон чемпионатида тўп суришади. Россия супер-лигасида эса фақат дарвозабонимиз Рустам Умаров («Новая Генерация» клубида)гина ўйнаган, холос.

— Ўзбекистон терма жамоасини Колумбияда ўтажак ЖЧга ҳам сиз олиб борсангиз керак...

— Шу ҳафта оилавий ишларим сабабли, уйга -  Галисияга кетаман. Ке­йин мени Польшага саёҳат кутмоқда. У ерда ФИФА кўрсатмасига биноан, лекция ўқишим зарур. Тошкентга қайтганимдан кейин эса, федерация раҳбарлари билан кўришиб, барча масалага ойдинлик киритиб оламиз.

— Албатта, Белграддаги Европа чемпионатини ҳам кузатганингиз тайин. Зеро, вақтида сиз билан Галисиянинг «Лобелье Сантьяго» клубида ҳамкорлик қилган Венансио Лопес устозлигидаги ҳамюртларингиз олтин медалларни қўлга киритишди...

— Ҳа, дўстим Венансионинг муваффақиятидан чексиз қувондим. Чунончи, у чемпионатга тайёрлаган жамоа фаворитлар қаторига киритилмаганди. Чиндан ҳам, Испания термасида юлдузлар йўқ. Аммо Белградда юқори даражада руҳлантирилган, мураббий кўрсатмаларига оғишмай амал қилган ҳақиқий жангчиларни кўрдик. Худди шу жамоавий бирдамлик охир-оқибат, чемпионликни таъминлади.

— Финал ўйинидаги йирик ҳисоб сизни ҳайрон қолдирмадими?

— Ўйлашимча, Россия термасидан қайсидир паллаларда омад яққол юз ўгирди. Аниқроғи, 2та тезкор гол русларни тамомила издан чиқариб юборди. Аслида россияликлар вазиятни тезда ўнглашни ўйлашди. Аммо Испания термасининг тажовузкор ҳимояси бунга имкон бермади.

— Сизнингча, Россия термаси ноқулай ҳолатдан чиқиб кетиши мумкин эди, шундайми?

— Албатта! Ҳатто ҳисоб 1:4 бўлиб турганида ҳам, бу иложсиз эмасди, қийин бўлсада. Шахсий фикримча, россияликлар финалга жисмонан тайёр бўлганлар, аммо руҳан эмас. Жамоа ўйиндан олдин ноқулай ҳолатлардан чиқиш йўлларини умуман ўйлаб кўрмагандек туюлди. Кўпчилик катта умид боғлаган Робиньо эса доимо ҳисобда олдинда боришга ўрганиб қолган. У тўпни жуда ажойиб тарзда назорат қилади. Дейлик, яккакурашларда Робиньодан устун келишнинг деярли иложи йўқ. Испанлар эса буни билиб, унинг тўпни олиб юришига унча қаршилик кўрсатишмади. Лекин бу пайт вақт россияликлар фойдасига ишламаётганди... Шунингдек, финал ўйинида испанларнинг тезлик борасида рақибдан устунлик қилишгани ҳам мени анча ҳайратлантирди.

— Евро-2016да иштирок этган бош­қа термалар ҳақида нима дея оласиз?

— Қозоғистон термасининг «бронза»си - мураббийлар штаби олиб борган ажойиб иш натижаси. Португаллар эса фақатгина Рикардиньога боғланиб қоладиган даражада кучсиз эмасдилар. Италия термаси эгаллаган ўрин жамоа салоҳиятига мувофиқ тушмади. Сербларни эса захира ўриндиғининг торлиги уялтириб қўйди. Хуллас, менимча, Колумбиядаги жаҳон чемпионатида Бразилия ва Испания термаларига қуйидаги жамоалар асосий рақиб бўлишади — Россия, Италия, Эрон ва Аргентина. Хусусан, Аргентина термаси ке­йинги 2 йил ичида анча ўсишга эришди.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:24, 02.03.2016.
Ўқилди: 3938 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.