Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Челси»га қарши ўқувчилар билан ёки "Сити"нинг антиқа таркиби

Баҳо:
+ | -

«Манчестер Сити»нинг антиқа таркиби. Англия кубоги 1|8 финал босқичидан ўрин олган «Челси»-«Манчестер Сити» ўйини «сенсацион» натижа (5:1) билан тугаганидан хабарингиз бордир. Ахир лондонликлар жорий мавсум барчанинг ҳафсаласини пир қилиб улгуришди. «Сити» эса ҳамон чемпионликка даъво қиляпти. Шуларни ҳисобга олсак, «Стэмфорд Бриж»даги натижа дарҳақиқат, кўпчиликни ажаблантирди. Аммо кўринишидан, Мануэль Пеллегрини бунга олдиндан тайёр эди, чоғи. Ҳарқалай, чилилик мутахассис ўйин арафасидаёқ ҳаммани огоҳлантирганди: «Бу ўйинни реал қарама-қаршилик ўрнида кўрмаяпман. Шахсан мен чипта учун бир чақа ҳам тўламасдим. Мухлислар стадионга тушишадими, «Челси» мухлислари ўйиндан роҳатланишадими? Буни билмадим...». Гап шундаки, «Сити» устози Англия футболидаги тиғиз тақвимдан ғоят норози. Зеро, «шаҳарликлар» сафида жароҳатланган футболчилар кўп, боз устига, клубни кубок ўйинидан 3 кун ўтиб, ЧЛда Киев «Динамо»сига қарши сафар баҳси кутиб турганди. Хуллас, Пеллегрини  «Англия кубоги муаммо туғдиряпти», - дея раҳбарларни қандайдир ўзгариш қилишга чақирди ҳамда «Челси» билан ўйинга шунчаки, панжа ортидан қаради, шекилли. Бинобарин, «аристократлар»га қарши учрашувда ўсмирлар жамоасининг нақ 5 нафар аъзосини асосий таркибда майдонга туширди...

Мануэль ГАРСИЯ

(ҳужумкор ярим ҳимоячи, 18 ёш, Испания)

«Сити»даги дебюти - 2015 йил 22 сентябрь

«Шаҳарликлар» Гарсияни 2013 йили Хихоннинг «Спортинг» клуби академиясидан таклиф этишган. Ўша вақт ёш футболчига «Реал» ва «Барселона»дек грандларнинг скаутлари ҳам «қўл узата» бошлагандилар. Аслида Ману Англияга ярим йилдан сўнг, яъни 16 ёшга тўлгачгина кўчиб ўтиши мумкин эди. «Сити» эса кутишга тайёрлигини билдириб, «Спортинг»га олдиндан 250 минг евро тўлади. Гарсия майдонда «10-рақам» позициясида ўйнашга мойил. У айниқса, кескинликни оширувчи тезкор узатмалари билан кўзга ташланмоқда. Яна дриблинг маҳорати ва зарбаси ҳам чакки эмас. Дейлик, 2014 йилнинг октябрида ажойиб голи билан ўсмирлар доирасидаги «Манчестер дербиси»да «Сити»га ғалаба келтирганди. Умуман, испан йигити асосий жамоада ҳам ўз голлари ҳисобини очиб улгурган. Яъни Лига кубогида «Кристал Пэлас»нинг 5:1 ҳисобида мағлуб этилишига ҳисса қўшганди. Мануэль айни пайт «Сити» машғулотлар мажмуасида яшайди ва шаҳар марказига бориш учун асосан трамвайдан фойдаланади. Гарсиянинг эсида қолган илк жаҳон чемпионати - бу Германия-2006 мундиали. Ҳарқалай, Ману Goal.com сайтига берган интервьюсида бу ҳақда шундай деганди: «ЖЧ-2006дан ярим йилча олдин ҳам Деннис Беркгамп ҳақида ҳеч нарса эшитмагандим. Кейин эса унинг ҳаракатлари акс этган видеолавҳаларни тинимсиз томоша қила бошладим. Чунки Деннис ақл бовар қилмас футболчи эди...».

 

Берсант Целина (вингер, 19 ёш, Косово)

«Сити»даги дебюти: 2016 йил 9 январь

Целина собиқ Югославиянинг Признен шаҳрида туғилган. Ҳозирда бу жой деярли Косово ҳукумати назоратида. Берсант 2 ёшга тўлган пайти унинг оиласи Норвегияга кўчиб ўтади. Қисқаси, Целина айнан Скандинавия мамлакатида, аниқроғи, «Стремсгодсет» академиясида таҳсил олган. «Сити» раҳбарияти эса норвегияликлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйган. Ана шу муносабат ўлароқ, Берсант Манчестер клуби тизимидан жой олди ва орадан 2 йил ўтиб, илк профессионал шартномага эга бўлди. У чақмоқ тезлиги ҳамда айёрона зарбалари эвазига ҳар икки қанотда вингер вазифасини бажариши, ҳаттоки, ҳужумчи сифатида тўп суриши мумкин. Целина фаолиятидаги энг қизиқ ҳолат терма жамоа танловига боғлиқ. У ўсмирлар даражасида Норвегия термаси учун барқарор ўйнади. Кейин эса Косовода норасмий миллий жамоа тузилди ва 2014 йили ёш йигитча унинг илк ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Иккиланиш шу билан якунлангани йўқ. Яъни Целина ўтган йили Норвегия ёшлар термаси либосини кийди. Лекин жамоа мутасаддилари унга захира футболчиси сифатида қарашди. Натижада ўртада тушунарсиз можаро юзага келди. Якунда норвегияликлар Берсантга асосий таркибдан жой кафолатлашни исташмади ва футболчи якуний қарорини эълон қилди: «Тамом, мен Косово учун ўйнайман». Эндиликда 19 ёшли тезкор йигитча косоволикларни сардор сифатида майдонга олиб тушмоқчи. Умуман, январь ойида «Селтик», «Мидлсбро» ва «Дерби Каунти» клублари Целинани ўз сафларига таклиф қилишди, аммо Мануэль Пеллегрини уни ижарага жўнатишни қатъиян тақиқлаб қўйди. Ахир Самир Насри ва Кевин де Брюйне жароҳатланишган, уларга муносиб ўринбосар эса йўқ.

 

Алейш ГАРСИЯ (ярим ҳимоячи, 18 ёш, Испания)

«Сити»даги дебюти: 2016 йил 21 февраль

Алейш - «Вильярреал» тарбияланувчиси. У ўтган мавсум охирида примеродаги дебютини нишонлаганди. Демакки, агар ёзда «Сити»нинг эътиборига тушмаганида, жорий чемпионатда «Сариқ сувости кемаси» асосий таркибида бемалол ўйнаши мумкин эди. Айтиш жоиз, «шаҳарликлар» Гарсия учун нақ 2 млн. фунт тўлашди. Аммо клубда ҳеч ким уни дарҳол катталар жамоасига қўшишни ўйламади. Бу табиий ҳол. Оддий айтганда, инглизлар Алейш аввалига ўсмирлар таркибида ўйнаб, Британиянинг мураккаб футболига мослашишини исташди. Мануэль Гарсия ва Целина анчадан буён асосий таркиб вакиллари билан шуғулланаётган бўлсалар, Алейшга бундай имконият яқиндагина берилди. Яъни у «Лес-тер»га қарши ўйин (1:3) олдидан илк марта асосий жамоа машғулотларида иштирок этди. Гарсия асосан ярим ҳимоянинг охирги позициясида ҳаракатланади, лекин шунинг баробарида ҳужумга яхши қўшилади. Тўп узатиш қобилияти ва зарбаси ёмон эмас. Дейлик, Испаниянинг U-18 тоифасидаги терма жамоасида 2та ўйинда 2та гол урди. Шунингдек, Англияда ҳам ёшлар ўйини чоғи беқиёс гол муаллифига айланди.

 

Давид Фопаля (ҳужумчи, 19 ёш, Франция)

«Сити»даги дебюти: 2016 йил 21 февраль

Фопаля ҳам худди Алейш Гарсия каби «Сити» тарбияланувчиси ҳисобланмайди. У Англияга аввалги йили кўчиб ўтди - текинга. Гап шундаки, «Ланс» клуби 2014 йили Давидни «Уотфорд»га қўйиб юборишни истамади. Футболчи бундан шунчалик ранжидики, клуб раҳбариятига шартномасини узайтирмаслигини ва келишув муддати якунланиши билан ҳеч қандай афсусланишсиз дуч келган жамоага йўл олишини билдирди. Эътиборлиси, Фопаля шу можародан олдин ҳам, кейин ҳам «Ланс»нинг асосий таркибида бирор марта ўйнагани йўқ. Мана, энди «Сити» асосий жамоасидаги дебют ўйинидаёқ гол урди. Ҳар кимга ҳам биринчи голини «Стэмфорд Бриж»да нишонлаш насиб этмайди, аммо ҳисоб... Айтганча, франциялик футболчи бунгача «Манчестер»нинг ўсмирлар жамоасида 11 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 4 марта ишғол қилганди.

Тосин АДАРАБИОЙО

(марказий ҳимоячи, 18 ёш, Англия)

«Сити»даги дебюти: 2016 йил 21 февраль

Тосин айнан Манчестерда туғилган ва «Сити» академиясида барча босқичларни босиб ўтди. У шунчалик тез ва ақл бовар қилмас даражада ўсиб-улғайдики, беихтиёр ёқа ушлайсиз. Эътибор беринг, Тосин 14 ёшида U-18 тоифасидаги терма жамоада дебют қилди, 16 ёшида эса унинг сардорига айланди. «Табиатан етакчиман, бу ҳақиқат менинг бир қисмим», - деганди ҳимоячи Manchester Ewening Newsга берган интервьюсида. Адарабиойо айниқса, Венсан Компанининг ҳаракатларидан ҳайратланади. Шунинг учун ҳам «Сити» машғулотлар базасида мудом бельгияликни диққат билан кузатиб, ундан нималарнидир ўзлаштиришга уринади. «Компани каби юқори савияга чиқиш учун астойдил ишлашим керак. Тўғри, келажакда Венсандан ҳам яхшироқ бўлишдан умидворман» - бу футболчининг ўтган ҳафта айтган гапи. Адарабиойо «Сити»да эндигина дебют қилган бўлсада, у «асосий» билан анчадан буён таниш. Мисол учун, ўтган йили ноябрда ЧЛ доирасидаги 2та ўйин («Ювентус»-0:1 ва «Боруссия» М.-4:2) «заявка»сидан жой олганди.

 

Брэндон БАРКЕР (вингер, 19 ёш, Англия, «Челси» билан ўйинда захирадан майдонга тушди)

«Сити»даги дебюти: 2016 йил 21 февраль

Баркернинг асосий жамоада эндигина дебют қилгани - бу «Манчестер Сити» ёшлар тизимига боғлиқ энг катта сир. Ахир Брэндон 2013|2014 йиллар мавсумида академиянинг энг яхши футболчиси, деб топилганди. Ўшанда ёш йигитча 32та ўйинда 13та гол урган ва ўз тезлигию, ностандарт ҳаракатлари билан барча мураббийларни ҳайратга солганди. Жорий мавсумга келсак, Брэндонни аввалига чемпионшип вакили - «Ротерхэм»га ижара асосида беришди. Эътиборлиси, Баркер бу клубдаги илк ўйинидаёқ гол урди. Аммо кейинчалик қандайдир тушунарсиз муносабат ўлароқ, футболчи назардан мутлақо четда қолди. Яъни «Ротерхэм» мураббийи уни кулгули тарзда ўйин тугашига 4-14 дақиқа қолганидагина майдонга туширишни одат қилди. Табиийки, бу ҳолат «Сити»га ҳам, футболчининг ўзига ҳам сира маъқул келмади. Натижада Брэндон ортга қайтди ва ниҳоят, илк марта чинакам имкониятга эга бўлди.

Манба: Sports.ru, А.ҚОДИРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:14, 03.03.2016.
Ўқилди: 3778 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.