Пеп Гвардиола мавсум якунланганидан сўнг бош мураббийлик лавозимини тарк этса-да, «Манчестер Сити» билан ҳамкорликни давом эттиради.
Бугун «шаҳарликлар» ва мураббий Пепнинг клубдаги 10 йиллик фаолиятидан сўнг ўз лавозимини тарк этишини эълон қилишди. Ушбу давр мобайнида жамоа билан жами 20 та соврин қўлга киритилди.
«Ман Сити» клубининг маълум қилишича, 55 ёшли каталониялик мутахассис «City Football Group» холдингининг глобал амбассадори (элчиси) лавозимини эгаллайди. Унинг мажбуриятларига холдинг таркибига кирувчи клубларга техник маслаҳатлар бериш, муайян лойиҳалар устида ишлаш ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш киради.
Эслатиб ўтамиз, «Ман Сити» — «City Football Group» холдингининг бош клуби ҳисобланади. Ушбу холдинг таркибига, шунингдек, «Баия» (Бразилия), «Ломмел» (Бельгия), «Нью-Йорк Сити» (АҚШ), «Мельбурн Сити» (Австралия), «Монтевидео Сити Торке» (Уругвай), «Жирона» (Испания), «Йокогама Ф. Маринос» (Япония), «Труа» (Франция), «Шэньчжэнь Пэн Сити» (Хитой) ва «Палермо» (Италия) каби клублар киради.













