Пойтахтимизда ўтказилган футзал бўйича Осиё чемпионатида финалга қадар етиб бориб, ўз тарихида тўртинчи марта Осиё вице-чемпионига айланган Ўзбекистон терма жамоаси қисқа муддатли танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлайди. Март ойида Ўзбекистон чемпионатининг 4-тур учрашувлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шундан сўнг терма жамоамизнинг Колумбияда ўтказиладиган мундиалга тайёргарлик босқичи бошланиши кутилмоқда. Тошкентдаги мусобақа якунлангач, термамиз бош мураббийи Хосе Мария Мендез Осиё чемпионатининг ҳал қилувчи ўйинларини кўриш мақсадида пойтахтимизга ташриф буюрган отаси билан Испанияга жўнаб кетганди. Биз таътилни давом эттираётган футзалчиларимиздан бири Жамолиддин Шариповдан интервью олдик.
- Жамолиддин, Осиё чемпионатининг чорак финал баҳси якунлангач, аксарият футзалчиларимиз сингари сиз ҳам кўзингизга ёш одингиз. Ўша онларни яна бир бор эсласак...
- Албатта, бу севинч ёшлари эди. Шунча йиллик меҳнатнинг самараси ўлароқ, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганди. Нафақат мен, балки бошқа жамоадошларим ҳам финал бонги янграганидан сўнг хурсандчиликдан кўзимизга ёш олдик. 14-Осиё чемпионати футзалимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган бўлди. Ўша - Ироққа қарши кечган учрашувдан сўз барчамиз ўзимизда йўқ хурсанд эдик. Бундан аввалги қитъа чемпионатларида мақсад сари бир қадам қолар, лекин йўлланмани қўлга киритишнинг имкони бўлмасди. Ниҳоят, пойтахтимиз учинчи маротаба мезбонлик қилган мусобақада орзуларимиз ушалди.
- Гуруҳ босқичининг илк учрашувида Саудия Арабистони термаси қийинчилик билан мағлуб этилди. Мазкур баҳснинг шундай мураккаб ўтишига нима сабаб бўлди?
- Ҳар қайси мусобақанинг дастлабки ўйини ҳамиша мезбон учун қийин кечган. Ҳа, Саудия Арабистони Осиё чемпионати дебютанти эди. Лекин бу уларнинг кучсиз эканлигини кўрсатмайди. Саудиянинг Қирғизистон ва Ливан билан учрашувларда қандай ўйин намойиш этганини кўрдингиз. Майдонга чиқиб келаётганимизда ҳаммамизда ҳаяжон бор эди. Арена мухлислар билан лиқ тўлганди. Барчамизни «Халқимизнинг ишончини оқлай олармиканмиз?» деган савол қийнарди. Бу бир томондан бизга босим юкларди. Ана шу босим биринчи бўлимда яққол кўзга ташланиб қолди. Иккинчи бўлимда эса ўз ўйинимизни топиб олдик ва керакли натижага эришдик.
- Қирғизистон билан ўйин бизга чорак финал эшикларини очарди. Жуда ҳам қизиқарли кечган учрашув сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ҳақиқатан ҳам, ён қўшниларимиз билан бўлиб ўтган баҳс жуда мураккаб кечди. Чорак финалда Эронга тушиб қолмаслик учун ҳам жамоалар бу ўйин-да ғалаба қозонишлари керак эди. Табиийки, биз мухлисларимизни хушнуд этиш баробарида гуруҳ ғолиби сифатида чорак финалга чиқишни мақсад қилгандик. Учрашув олдидан кўпчиликда бироз хавотир ҳам йўқ эмасди. Мазкур баҳс кутилганидек қийин кечди ва якунда биз кичик устунлик билан ғалаба қозониб, муддатидан аввал 1-ўринни эгаллаган ҳолда чорак финалга йўл олдик.
- Ярим финалдаги рақиб - Таиланд термаси жуда ҳам кучли эди. Ғо-либнинг «лотерея»дан аниқлангани ҳам шундан далолат. Биздан пенальти тепувчилар олдиндан маълум эдими?
- Худди шундай. Гуруҳ босқичидан чиққанимиздан кейин ҳар эҳтимолга қарши пенальтилар тепишни ҳам машқ қилгандик. Жамоадошларим ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлашди. Агар навбат бизга ҳам етиб келганида, бу вазифани бажаришга тайёр эдик.
- Финалда Эронга қарши ўйнадинглар. Бундан аввалги ўзаро тўқнашувларда қитъамизнинг тенгсиз жамоаси йирик ҳисобларда зафар қучганди. Аммо бу сафар рақибдан ҳеч бир жабҳада қолишмадинглар...
- Учрашувга чиқишдан олдин жамоамиз билан кичик йиғилиш ўтказиб, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, ишқибозлар учун ўйнашга келишиб олдик. Финалгача ғалабаларимиздан хурсанд бўлиб келган мухлисларимизнинг кайфияти битта ўйинда тушиб кетмаслиги учун ҳаракат қилдик. 11 карра Осиё чемпионига айланган Эрон термасини мағлуб этишимиз ҳам мумкин эди. Агар сўнгги дақиқаларда юзага келтирилган қулай вазиятлардан фойдалана олганимизда, Осиё чемпионлигини қўлга киритармидик...
- Испаниялик мутахассис ҳақида қандай фикрдасиз?
- Хосе Мария Мендез жуда кучли мураббий ҳисобланади. Нафақат Осиё, балки бутун дунёда ҳам катта обрўга эга мутахассис. Шу пайтгача ҳеч бир мураббийдан олмаган сабоқларимизни ўргатмоқда. Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишида Мендезнинг ҳиссаси жуда ҳам катта бўлди. Бу мураббий билан шартнома узайтирилган. Насиб қилса, Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига ҳам испаниялик мутахассис бошчилигида борамиз.