Яқин - ўтмишнинг энг ёрқин юлдузларидан бири Дэвид Бекхэм talkSPORT нашрига интервью берар экан, Жозе Моуриньонинг АПЛга қайтиши, «МЮ»нинг ҳозирги устози Луи ван Гал, Гари Невиллнинг «Валенсия»даги фаолияти ҳақида фикр билдирди.
Барчага маълумки, Моуриньо «Челси»дан кетганидан бери ишсиз. Айни вақтда эса унинг тез орада «МЮ»да иш бошлаши ҳақида миш-мишлар юрибди. Зеро голландиялик мураббий Луи ван Галнинг Манчестерда унчалик омади келмаяпти. Бекхэм эса суҳбат давомида 53 ёшли португалиялик мутахассиснинг мухлиси эканини яшириб ўтирмади. «Шундай муваффақиятли мавсумдан кейин Жозе «Челси»дан кетиши мумкинлигини ким ўйлаб-ди дейсиз? Лекин бу нарса - унинг ёмон мураббий эканини англатмайди. Жозе ҳалиям дунёдаги энг кучли мутахассислардан бири ва умид қиламанки, Моуриньо имкон қадар тезроқ премьер-лигага қайтади».
«АПЛ - бу АПЛ; бу дегани жаҳоннинг энг кучли футболчилари, энг яхши клублари, ишқибозлари ҳамда энг яхши мутахассислари тўпланган чемпионат демакдир. Бунақаси бошқа ҳеч қаерда учрамайди».
Моуриньога боғлиқ ҳайратга қарамай, Бекхэм ўз қалбида голландиялик мураббийга ҳам чуқур ҳурмат сақлайди. Афтидан, жаноб ван Галнинг «қизил иблислар» бошқарувидаги даври ўз ниҳоясига яқинлашмоқда. Аммо Бекхэмнинг фикрича, ван Гал ҳамон барчасини яхшилаш имконига эга.
«Луи жуда тажрибали мураббий. Унинг футболга қарашлари кўпчиликнинг ҳавасини келтиради»,- дейди Англия термасининг собиқ сардори.
«Баъзида янги услусни йўлга қўйиб олиш учун анчагина вақт талаб қилинади. Қолаверса, «Ман Юнайтед»ни бошқариш - ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди».
«Эътиборни натижаларга, жамоа ўйинига қаратинг ва шундан кейин ишқибозлар (улар клуб учун катта аҳамият касб этишади)нинг гап-сўзларига қулоқ тутинг - мухлислардан ван Гал ҳақида фақат илиқ сўзлар эшитасиз».
«Кунларнинг бирида мен у билан учрашиб қолдим ва Луи ўзидан яхши таассурот қолдирди. Биласизми, ўзи «МЮ»да ишлаган ҳар қандай мураббий мунтазам танқидлар остида қолади. Лекин келинг, яхшиси натижалар ҳақида мавсум охирида гаплашайлик».
Энг ачинарлиси, «Манчестер Юнайтед» сэр Алекс Фергюсон 2013 йили мураббийлик лавозимидан кетганидан бери бирор-бир совринни қўлга киритмади. Бекхэмнинг айтишича, шотландиялик мутахассисдан кейин ҳар қандай ҳолатда ҳам клуб мураккаб вазиятни бошидан кечириши аниқ эди. Бироқ совринлардан қолиб кетавериш ҳам ярамайди - клуб дунё миқёсида ўз обрўсини сақлаб туриши зарур, ахир.
«Манчестер Юнайтед»нинг оддий мухлиси сифатида, ўзгаришлар даври сезиларсиз бўлишига умид қилгандим. Аммо бундан қочишнинг иложи бўлмади,- дейди АПЛнинг олти карра чемпиони, Англия кубогининг икки карра соҳиби, ЕЧЛ совринининг эгаси. - Мураббийнинг кетиши - жамоа учун ҳар доим ҳам омадсизлик билан тугайвермайди. Лекин Ферги билан бирга «Юнайтед»дан Кин, Скоулз ва Гиггзлар ҳам кетишди. Шунинг учун жамоа анча кучсизланиб қолди. Дарвоқе, Дэвид Гилл ҳам «МЮ»даги лавозимидан айрилди. Бу инсонлар клуб учун ўта муҳим аҳамият касб этарди».
«Биз сўнгги йигирма йиллик даврда шу қадар кўп совринларни ютиб олдикки, энди бир ёки икки йил ютуқларсиз қолиб кетиш - клуб учун инқирозга айланиб қолди. Ўша пайтлари биздан бирор-бир ўйинда ғалаба қозониш эмас, ўзимиз қатнашган ҳар бир мусобақада ғолиб чиқиш талаб қилинарди».
«Манчестер Юнайтед» илгари қандоқ бўлса, ўшандоқ турибди. Уни севиш ҳам, ёмон кўриш ҳам мумкин. Лекин у дунёдаги энг катта клублардан бири ва шунинг учун ҳам обрўсини сақлаб қолиши лозим. Бунинг учун фақат битта йўл бор - совринларга эга чиқиш».
Дэвид сўз орасида собиқ жамоадоши, айни пайтда Испаниянинг «Валенсия» клубини бошқараётган Гари Невиллни ҳам ёдга олди. «Валенсия» бошқарувини қўлга олиш - жуда дадил қарор. Зеро Гари испан тилини умуман билмасди. Лекин у футболда эгаллаш мумкин бўлган барча билимларни ўзлаштирган. Аслини олганда, бу вазифа Гари учун катта синов, негаки, «Валенсия»нинг мухлислари бутун Испаниядаги энг қизиққон ишқибозлардир. Улар ҳар доим жамоадан ғалаба кутишади».
Суҳбат якунида Дэвид ўз ишларига ҳам бироз тўхталди. «Менинг МЛСдаги ишларим секин-аста олдинга қараб силжимоқда, жойида қотиб тургани йўқ. Америка чемпионатига ишончим баланд. Мен учун ўз клубим - болаликдаги орзу. Чунки бунда ҳаммасини ўзинг танлайсан: клуб номи, ўйинчилар, либос ранги... Муҳими, бу орзу вақт ўтгани сари реалликка айланмоқда».
talkSPORT И.Раҳимов тайёрлади