Биласиз, иқтидорли ҳужумчи Жасур Ҳакимов сўнгги икки мавсумни Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида ўтказганди. Аслида трансфер ҳуқуқи “Пахтакор”га тегишли бўлган Ҳакимов янги мавсумда Бекободнинг “Металлург” жамоаси сафида ижара асосида ўйнайдиган бўлди.
Эртадан старт оладиган Олий Лига-2016нинг илк тури доирасида “Металлург” ва “Сўғдиёна” жамоалари тўқнаш келади. Хўш, Жасур Ҳакимов собиқ жамоасига қарши ўйиндан нималар кутмоқда? Бу борада савол билан иқтидорли футболчига мурожаат қилдик.
- Жасур, Олий Лиганинг янги мавсумидан нималар кутмоқдасиз?
- Янги мавсумдан кўп нарса кутяпман. Боиси бу йил янги жамоада фаолият бошлайман. Бу мен учун қандайдир маънода – синов. Қолаверса, энди “Металлург” жамоаси мухлислари меҳрини қозонишим лозим бўлади. Умид қиламанки, улар кутган ўйинни намойиш эта оламан.
- Хўш, “Металлург” олдига янги мавсумда қандай режалар қўйилди?
- “Металлург” бу йил ўз олдига улкан мақсадлар қўймоқда. Жамоа миллий чемпионатда камида 6-ўринни банд этишни мўлжаллаган. Насиб этса, Олий Лиганинг ҳар бир учрашувида имкон қадар яхшироқ ўйин намойиш этиб, очко йиғишга ва мухлисларимизни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз.
- Жасур, 1-турда собиқ жамоангиз “Сўғдиёна”га қарши ўйнашга тўғри келади…
- Нима демоқчи эканингизни тушундим. Ҳа, “Сўғдиёна” – мен учун қадрдон жамоа. Уерда икки мавсум ўйнадим. Жиззахда кўплаб дўстларим бор. Ушбу жамоага қарши ўйнаш мен учун осон бўлмайди. Лекин мен профессионалман ва ҳозирги жамоам муваффақияти учун майдонда тер тўкаман.
- Янги мавсумда ўз олдингизга қанчадир миқдорда гол уриш вазифасини қўйдингизми?
- Ўтган мавсум 22та учрашувда майдонга чиқиб, рақиблар дарвозасига 7та тўп киритгандим. Насиб этса бу йил энг камида ўтган йилги натижамни яхшилашга уринаман. Имкон қадар чиройли ўйин кўрсатиб, жамоамнинг ғалабаларига ўз хиссамни қўшишни ният қиляпман.
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди.