Аёл – борлиқ кўзгуси. Унинг гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок. Шу боис уни авайлаб-асраган юртнинг келажагини порлоқ деб нақл қилишади. Шу маънода, буни Ўзбекистонимизга ва унинг бири-биридан латофатли, оқила ўзбек аёлларига нисбатан қўлласак, хато бўлмайди.
Бугун ўзбек аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг юксак ғамхўрлиги, ардоғи, эътиборида. “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида соғлиқни сақлаш тизимида жиддий янгиланишлар юз берди: замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғуруқхоналар қурилди. Оналик ва болалик муҳофазаси устувор йўналишга айланди.
Бу юксак эътиборнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, етук билим, тегишли малакага эга бўлган оқила ва доно аёлларимизга ҳаётнинг барча жабҳасида ўзларига муносиб ўрин эгаллашлари учун кенг йўл очилди.
Истиқлол туфайли меҳнатда бахти очилган аёллар жуда кўп. Уларнинг орасида қанчадан-қанча ҳунарманд онахонлар, чевар опалар, фермер аёллар, турли-туман касб соҳибалари бор. Давлатимизнинг юксак унвонларию нишонларига сазовор бўлган фидойи ва меҳнаткаш, элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган аёлларимизнинг саноғига етиб бўлмайди. Уларга таъзим қилгим, раҳмат айтгим келаверади.
Мухтасар айтганда, бугун ўзбек аёлининг қалбида янграган туйғуга қулоқ тутсангиз, унда беадад шукроналарни эшитасиз. Унинг шодонлигидан хабардор бўласиз.
Бугун 8 март – Ҳалқаро хотин-қизлар куни. Шу муносабат билан “Қўқон-1912” ПФК раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар, клуб ходимлар ҳамда мухлисларимиз номидан азиз аёлларимизни байрам билан табриклаймиз! Табиат уйғониб, тобора чирой очаётган мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларни, сизлар орқали бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрмиз. Биз ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас Она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси, деб улуғлаймиз.
Яна ва яна бир бор сизларни баҳор ва нафосат айёми бўлмиш 8 март байрами билан самимий табриклаймиз.
Умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!
Хонадонларимиздан шоду хуррамлик, қут-барака аримасин!
БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ ОНАХОНЛАР, ОПА-СИНГИЛЛАР!