Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Океан орти саргузашти ёки яна Пирло ҳақида

Баҳо:
+ | -

Ҳаш-паш дегунча, италиялик машҳур ярим ҳимоячи, жарима зарбалари устаси, майдоннни кўра олиши билан барчани ҳайратлантирадиган Андреа Пирлонинг Европани тарк этиб, АҚШ миллий чемпионатига кўчиб ўтганига ҳам 8 ойдан ошди. Хўш, ҳозирги пайтда Пирлонинг океан ортидаги ҳаёти қандай кечмоқда? Унга Қўшма Штатлар нимаси билан кўпроқ манзур бўлмоқда? Қуйида ана шулар ҳақида ҳикоя қилинади.

Андреа Пирло дунёдаги кўплаб футбол ишқибозлар учун шунчаки, тенгсиз тимсолдир. Зеро, у бир қатор йирик клублар шарафини ҳимоя қилиб, ЕЧЛда 2 марта, миллий чемпионатларда 6 марта чемпионликни тантана қилган. Унутилмас 2006 йили эса Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Дарвоқе, Пирло бунгача ўз мамлакатида 3 марта йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган совринга ҳам эга чиққанди. Сериштиёқ ва жўшқин табиатли итальянлар бежиз уни «Моцарт» ёхуд «Профессор», дея улуғламайдилар. Андреанинг «Фикрлайман, шунга қараб ўйнаймай», деб аталган автобиографияси 2013 йили минглаб нусхада сотувга чиқди ва қўлма-қўл бўлиб кетди. Ижтимоий тармоқларда эса Пирлонинг биргина соқолига бағишланган саҳифаларнинг ўзи тиқилиб ётибди. Google тизимига берилган ҳар қандай тезкор қидирув «Андреа Пирлонинг ҳозир яшаётганлар орасида энг буюклардан бири эканини исботловчи 37 далил» каби мақолаларни кўплаб топиб беради. Эътиборлиси, у кўпгина ҳамкасбларидан фарқли равишда, бир эмас, 2 нафар Рим Папаси билан юзма-юз кўришган.

Лекин буларнинг ҳеч бири Пирлонинг Нью-Йоркдаги янги ҳаётига унчалик таъсир қилмаяпти. У ўтган йили ёзда «Нью-Йорк» клуби билан 2,5 йилга мўлжалланган шартнома тузиб, барчани ҳайрон қолдирганди. Мана, шундан буён Пирло Major League Soccerда тўп суриб келмоқда. Эътиборлиси, 36 ёшга кирган брешиялик футболчининг суратлари ҳамон матбуот учун энг «харидоргир маҳсулот»лардан бўлиб турибди. Бугун ҳам унинг машғулотдан чиқишини Американинг спортга оид журналлари ходимлари интиқлик билан кутиб туришади. Ана, узоқдан Пирлонинг қораси кўринди. Андреанинг ташқи қиёфаси чакки эмас: эгнида катак-катак Massimo Piombo пиджаги, соч ва соқоли ҳам рисоладагидек. Сураткаш ёрдамчиси ноутбук экранига тикилиб, футболчи учун манзара танламоқда. Яқин атрофдан ўтиб кетаётган одамлар бу ҳолатга унча эътибор қаратишмайди ҳам. Аммо шу пайт Нью-Йорк бўйлаб саёҳат қилиб юрган 3 нафар италиялик сайёҳ футбол афсонасини таниб қолиб, унга хитоб қилишади: Ciao, Andrea! Фақат, шундан кейингина одамлар Пирло билан ёнма-ён туришганини пайқаб, ундан дастхат олишга уринадилар. Тажрибали футболчи эса сирли жилмайиб, суратга тушишда давом этади...

Шуниси қизиқки, Пирлонинг Америкадаги ҳаёти унинг MLSда тўп сурган яна бир таниқли ҳамкасби, дунёга танилган юлдузлардан бири - Дэвид Бекхэмникидан кескин фарқ қилади. Масалан, Бекс яшаш учун қулайлигини ҳисобга олиб, Лос-Анжелесда истиқомат қилаётган бўлса, Пирло гарчи хавфлироқ саналсада, Манхэттанни танлади. Қолаверса, у Дэвид каби «Кадиллак»да эмас, пиёда юришни афзал кўради. Оқшомлари эса Манхэттандаги «Хай-Лайн» хиёбонида сайр қилади ёхуд Бронксда гольф ўйнайди. Ўтган йилнинг октябрида эса уни Саломон Гуггенхайм музейида ҳам кўришди. Кейинроқ маълум бўлишича, футболчи у ерга италиялик рассом - Альберто Буррининг асарларини томоша қилиш борган экан. Табиийки, бу - футболчилар учун нодир ҳолат. Айтганча, Андреа истаган вақти шаҳардаги «Фелидия» кафесига ҳам бемалол бориб-келмоқда. Маълумотларга қараганда, мазкур кўнгилочар даргоҳ Пирлонинг қайсидир дўстига қарашли экан.

- Мен Нью-Йоркда ҳатто одам энг гавжум ресторанларда ҳам бемалол тушлик қиляпман. Италияда эса бунинг сира иложи йўқ эди, - дейди Пирло. Чиндан ҳам, узоқ йиллар давом этган мухлислар эътибори, полиция қуршовидаги юришлардан сўнг Нью-Йоркдаги хотиржамлик Андреага жуда манзур тушмоқда.

- Италияда баъзида шундай кунлар ҳам бўлгандики, биз уйимизга бехавотир етиб олиш учун кийиниш хонасида ярим кечагача қолиб кетардик, - деб эслайди у. - Чунки рақиб жамоа ишқибозларининг автобусга ҳужум қилишлари ҳеч гап эмасди.

Ўтган йилнинг июнь ойида Пирлонинг «Ювентус» билан тузган шартномаси ниҳоясига етди ва у ўзини АҚШ чемпионатида синаб кўришга қарор қилди. Қизиғи, вақтлар келиб, воқеалар ривожи шундай тус олишини футболчининг ўзи ҳам кутмаганди. Ҳаттоки, «Ювентус» билан тузилган шартномасининг сўнгги ойлари ўтиб бораётган вақт ҳам Пирло футболдаги ишлари шунчалик юришиб кетишига ишонмаганди:

- Аслида доимо Америка чемпионатида тўп суришни хоҳлаганман. Лекин бу яна 2-3 йилдан сўнг рўй беради, деб ўйлагандим.

Эътиборлиси, Нью-йорклик футбол ишқибозлари ҳам худди шу гапни айтишлари мумкин. Аслида-ку, шаҳар суперюлдуз ҳисобланган спортчиларга жуда бой. Масалан, Алекс Родригес, Илай Мэннинг, Кармело Энтони каби юлдузлар айнан шу ерда яшашади. Яна бир диққатга сазовор жиҳати шуки, гарчи Пирло жамоа сафига мавсум ўртасида қўшилган бўлса-да, унинг охирига келиб, голга ҳаммуаллифлик қилиш бўйича 3-ўринга кўтарилиб олди. Қолаверса, унинг маҳорати клуб ўринбосарлари учун ўзига хос намунадир.

- Пирлонинг ҳаракатларини кузата туриб, футболчи сифатида катта ўсишга эришасан, - дейди NYC FC клубининг энг умидли ёшларидан бири Кири Шелтон. - Қайсидир лаҳзаларда шундай буюк футболчи билан елкама-елка тўп сураётганимга ишонолмай қоламан, ҳатто...

Пирлонинг трансферидан сўнг лигадагилар ҳам унча-мунча пул ишлаб олишни мўлжаллашганди. Жумладан, Дон Гарбер (MLS раҳбари ва NFLнинг собиқ вице-президенти)нинг айтишича, италиялик афсонанинг лигада пайдо бўлиши шов-шув борасида фақат Бекхэмнинг трансферига ютқазиши мумкин, холос.

- Пирло АҚШга келганидан сўнг футболга умуман қизиқмайдиган одамлар ҳам стадионларга кела бошлашди. Шахсий электрон манзилимга эса «О, Худойим, мен «Нью-Йорк»нинг кейинги ўйинини албатта, стадионда кўришим шарт» қабилидаги мактублар тинмай келиб тушмоқда, - дейди Гарбер.

Ҳозирги кунда Пирло ёзуви туширилган футболкалар савдоси роса авжига чиққан. Ҳисобчиларнинг айтишларича, Андреа либосининг харидоргирлиги бўйича айни пайт лигада 4-ўринда бормоқда. Бу эса табиийки, клубга инвестицияларни жалб қилишда жуда қўл келади.

Навбатдаги масала - Андреанинг маоши. Маълумки, Пирло «Нью-Йорк Сити»да йилига 2,3 миллион доллар иш ҳақи олади. Бу эса лигадаги ўртача маошдан 46 баравар кўп демакдир. Ўз ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, АҚШ миллий чемпионатидаги кўплаб ўйинчилар ҳаваскор саналиб, футбол улар учун асосий даромад манбаи эмас.

Пирлонинг келажаги ҳақида нима дейиш мумкин? Кўринишидан, Андреани Америкадаги ҳаёт тўла қониқтиряпти. Янги чемпионатда иштирок этаётганига 8 ойдан ошди, ҳурмати ҳам чакки эмас. Кундалик ҳаёт учун мўлжалланган либосларни ҳамон Италиялар махсус буюртма асосида харид қиляпти. Бўш вақтларида эса америкача футбол қоидаларини ўрганиб, бу ўйинни ТВ орқали мунтазам кўришга одатланди. Инглиз тилини ўрганиш борасидаги ютуқлари ҳам ажойиб: ҳар ҳолда, Бродвейда «йўқолиб» қолмаяпти. «Нью-Йорк Сити» билан тузган шартномаси тугашига эса, 2 йилдан камроқ вақт бор. Кейин нима бўлади?

- Фаолиятимни шу ерда давом эттириш нияти йўқ эмас, - дейди жарималар устаси жилмайиб. - Бу мен учун жуда қизиқ...

Манба: FootballHD.ru,

И. РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:32, 11.03.2016.
Ўқилди: 3411 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.