Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Олдию, пачоқ қилди

Баҳо:
+ | -

«Милан» ҳужумчиси М~Байе Ньянг яқинда йўл транспорт ҳодисасини содир этиб, яп-янги «тойчоқ»ни металл чиқиндисига айлантирди. Ана шу нохуш ҳодиса Championat.com сайтини «Тўқликка шўхлик» қилган бир қатор футболчилар ҳақида алоҳида ҳикоя қилишга ундади.

Артём Милевский

Ҳозирда Руминиянинг «Кондордия» клубида тўп сураётган бу футболчи асосан йўқ жойдан ўзига муаммо орттириб олиши билан ҳам танилган. Хусусан, Артём Туркиядаги фаолияти давомида маст ҳолда автомобиль бошқариб, катта тезликда йўл четидаги тўсиққа урилганди. Оқибатда қимматбаҳо «Феррари» бутунлай ишдан чиқди. «Ҳа, айб ўзимда, ҳаммасини тушуниб турубман... Лекин менга ачинишнинг ҳожати йўқ. Ахир Руни ва Роналду ҳам «Феррари»ни пачоқлашган-ку», - деганди ҳужумчи йўл транспорт ҳодисасидан кейин. Қизиғи шундаки, мазкур фалокатдан бир йил бурун Милевскийга тегишли «Мазерати» ўзининг шахсий ҳовлисида ёниб кетганди.

Дарвоқе, Артём «Реал»даги Роналду ҳақида айни ҳақиқатни айтганди. Португалия терма жамоаси сардори «МЮ»да тўп суриб юрган кезлари Манчестер кўчаларидан бирида катта тезликда ҳаракатланаётган «Феррари»ни бошқаролмай, бетон тўсиқ билан тўқнашиб кетганди. Шу тариқа баҳоси 200 минг фунтга тенг машина бир уюм чиқиндига айланган.

 

Райан Таниклифф

«Қизил иблислар»нинг яна бир аъзоси 2012 йили 60 минг фунт эвазига янгигина Rande Rover сотиб олди. Бироқ 19 ёшли футболчининг қувончи узоққа чўзилмади - ҳис-ҳаяжонини жиловлай олмаган Таниклифф бир соатдан кейин катта тезликда йўл четида турган фургонни уриб юборди. Натижада 2та машинага ҳам жиддий путур етди. Ҳозирда «Фулхэм» сафида чемпионшипда ўйнаётган Райан энди ўзини анча босиб олган, ҳарқалай, автомобилни эҳтиёткорлик билан бошқарадиган бўлди.

 

Андрей Ешенко

Чопқирликни ҳамма хуш кўради, лекин меъёр тушунчасини унутмаслик лозим. «Кубань» клуби собиқ аъзоси ўтган йили ўз «тойчоғи»ни 170 километр|соат тезликда «чоптириб», кейинчалик умуман юрмайдиган ҳолатга келтириб қўйди. Чунки у бетон тўсиқларнинг мустаҳкамлигини текшириб кўрганди. Шу тариқа яхшигина «кишнаб» турган «Ниссан» кераксиз металл парчаларига бўлинди...

 

Макс Майер

«Шальке» клуби ярим ҳимоячиси қишки таътилни Майамида ўтказиб, шаҳарда ҳаракатланиш учун 600 минг евро турадиган «Ламборгини»ни танлади. Афсуски, Макс спорт автмобилини бошқариш маҳоратига ортиқча баҳо бериб юборди ва кучли ёмғир пайти тезликни кескин оширди. Натижада машина аввал тўсиқ, кейин бошқа автомобилга урилди. Хуллас, арзимаган эҳтиётсизлик оқибатида таътил асаббузарликка айланди. Бундан ташқари, Макс шу фалокат туфайли анчагина маблағидан ҳам айрилиши ҳеч гап эмасди. Фақат, суғурта компанияси унинг жонига оро кирди.

Никлас Бендтнер

Даниялик таниқли ҳужумчи 2009 йили «Арсенал»да тўп сурарди. Навбатдаги машғулотларга йўл олган Никлас «тўпчилар» базасига яқин жойда тўсатдан ўз машинасини бошқаролмай қолди. Шу тариқа катта дарахтга урилган «Астон Мартин» таъмирлаб бўлмайдиган ҳолатга келди. Хайриятки, футболчининг ўзи омон қолди. Лекин ЧЛ доирасида «Олимпиакос»га қарши кечган учрашувда майдонга тушолмади.

 

Карим Бензема

Франциялик ҳужумчи ҳам 2009 йили 2 марта йўл транспорт ҳаракати сабабчиси бўлди. Аввалига унинг эҳтиётсизлиги туфайли бинойидек «Жип» Мадрид кўчаларидан бирида йўл четига чиқиб кетди. Ўшанда автоулов тўсиққа урилиб, носоз ҳолга тушди. Орадан атиги бир ой ўтгач, Карим туғилган кунини нишонлади ва тадбирни ўзига хос пойга билан хотирада қолишини таъминлашни кўзлади. Афсуски, меъёридан ошириб юборилган тезлик оқибатида ҳужумчи машина бошқаруви назоратини йўқотди. Қарабсизки, бинойидек «Ламборгини» саноқли сониялар ичида худди «Жип» каби чиқиндига чиқди. Ҳа, «Тўқликка шўхлик» шу бўлса  керак-да..

 

Артуро Видаль

Чилида бўлиб ўтган Америка кубоги турнирида мезбонлар ишончли ва мазмунли ўйин кўрсатиб, якунда чемпионликни қўлга киритишди. Аммо тарихий ғалаба тантаналари жиддий кўнгилсизликка уланиб кетди: Чили термаси етакчиларидан бири Артуро йўл транспорт ҳодисасини содир этди. Ҳашаматли «Феррари»да рафиқаси билан сайрга чиққан футболчи хавфсизлик қоидаларига риоя қилмади, чоғи, автомобиль йўл четида турган 2та автомашина билан тўқнашиб кетди. Текширув натижасида Видалнинг қонида алкоголь моддаси борлиги исботланди. Шу сабабли, янги чемпион маълум муддат панжара ортида «дам олиш»га мажбур бўлди. Албатта, Артуро бу ножўя ҳаракати учун ватандошларидан алоҳида узр сўради ва бундай беодобликка қайта йўл қўймасликка сўз берди.

 

Диафра Сако

Бу футболчи ҳам «Ламборгини» ошиқларидан. Диафра январь ойида ўз «тойчоғи» билан рўпарасидан келаётган автомобилни «сузиб» юборди, қўшимчасига йўл четидаги битта хонадон ҳимоя панжарасини ағдариб ташлади. Буни қарангки, уй соҳиби Сако тўп сурадиган «Вест Хэм» мухлиси экан. Шунга қарамай, футболчи унга етказилган моддий зарарни тўлади, автомобилни таъмирлаш учун ҳам анчагина маблағ сарфлади. Хайриятки, ўзи шикастланмади.

 

Марио Балотелли

2010 йили Марио яна ишончли ўйинларни намойиш эта бошлади. Бироқ Манчестерга кўчиб ўтганидан кейин яшил майдонларда ҳам, унинг ташқарисида ҳам бир қатор муаммоларга дуч келди. Жумладан, 120 минг фунтга харид қилинган «Ауди»ни ҳеч қанча ўтмай, дабдала қилди. Ҳужумчининг айтишича, фалокатга Англиядаги чап томонда ҳаракатланиш қоидаси сабаб экан. Афсуски, Балотеллига туманли ўлкада на транспорт воситалари ҳаракатларига мослашиш, на инглиз футболи юксак талабларига жавоб бериш насиб этди. Якунда ўз ўрнини тополмаган СуперМарио Англиядан шунчаки, кетди ва қутулди...

С. РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:12, 16.03.2016.
Ўқилди: 3312 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.