«Бьянконерлар» «А» сериясида пешқадамлик қилишмоқда ва ҳозирдан Италия кубоги финал баҳсига хотиржам шайланишлари мумкин. Европа Чемпионлар Лигасида эса «Ювентус»ни «Бавария»га қарши ўта муҳим жавоб учрашуви кутиб турибди. Оддий айтганда, Туриндаги 2:2 ҳисобидан сўнг жамоалар эртага Мюнхенда майдонга тушиб, чорак финалнинг қимматли йўлланмаси тақдирига ойдинлик киритадилар. «Юве» устози Массимилиано Аллегри табиийки, немис грандини йўлдан суриб юборишдан умидвор. Ҳарқалай, у еврофутболдаги бош соврин учун курашни давом эттирмоқчи. Мураббий шунинг баробарида жамоаси олдида бошқа мақсадлар ҳам борлигини алоҳида таъкидлади. Булар - скудетто ва Италия кубоги.
- Айтингчи, «Ювентус» айни пайт скудетто учун курашда фаворитми?
- Озгина шошилмай турган маъқул. Ҳа, ҳозир 1-ўринда кетяпмиз, аммо финишга ҳали анча бор. Қаранг, «Наполи» барчани ҳайратлантиришдан чарчамаяпти, Маурицио Сарри ҳаттоки, мавсумнинг энг яхши мураббийи мақомини олиши мумкин. Қолаверса, «Рома»дан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, бу жамоа чемпионликдан ҳали умид узгани йўқ. Дейлик, якунда ўз очколарини 86тага етказиш имкониятига эга. Умуман, «Рома»да яхшигина таркиб шаклланган.
- Лекин факт шуки, 1-ўрин айнан «Юве» назоратида...
- Биз илк марта кетма-кет 5та скудетто ютган жамоа сифатида тарихга киришни хоҳлаймиз. Бунинг учун ҳушёрликни бир зум йўқотмаслик ва финиш маррасигача ижобий натижаларга эришиш талаб этилади.
-16 март куни ЧЛ нимчорак финали жавоб ўйинида Мюнхен «Бавария»сига қарши майдонга тушасизлар.
- Олдимизда ўта мураккаб ўйин тургани аниқ. Немис клуби - Чемпионлар Лигаси фаворити, лекин футболда имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ғалаба қозонишимиз зарурлигини яхши биламиз. Тўғри, дейлик, 3:3 ҳисоби ҳам жамоамизни тўла қаноатлантиради, аммо Мюнхенда фақат ғалабани кўзлаймиз.
- Хўш, «Бавария»ни ниманинг ҳисобига доғда қолдиришинглар мумкин?
- Биринчидан, илк ўйинда бу рақиб билан тенгма-тенг рақобатлаша олишимизни исботладик. Мабодо Мюнхенда мақсадга етишолмасак, ортиқча куюнмаймиз. Бу ҳолатда эътиборимизни қаторасига 5-скудетто ва албатта, иккинчи миллий кубокни ютишга қаратамиз.
- «Ювентус»ни навбатдаги мавсумда ҳам бошқаришда давом этасизми ёки...?
- Клуб билан тузган шартномам келаси мавсумгача мўлжалланган.
- Демак, мураббийлик лавозимида қолишингизга 100 фоиз ишончингиз комил.
- Бу ҳаётда ҳеч нарсага 100 фоиз кафолат бериб бўлмайди. Фақат шуни айтаманки, «Ювентус» раҳбарияти билан амалда келишувимиз бор ва мен бундан хурсандман. Ҳар ҳолда, ҳозирги пайт ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Фикрингизча, «Ювентус» яна нималар устида ишлаши, қайси жиҳатлар бўйича кучайиши зарур?
- Тактик нуқтаи назардан барчаси жойида ва бу борада янада кучайиш шарт ҳам эмас. Руҳий тайёргарликни эса қанча яхшиласак, шунча соз. Зеро, бу футболда ўта муҳим жиҳат ҳисобланади.
- «Наполи» ЧЛда курашни давом эттиришинглардан умидвор, чунки бу ҳолатда «Юве» миллий чемпионатда эътиборни бироз йўқотиши мумкин.
- Биз ғалаба қозонишдан ҳеч қачон чарчамаймиз. Мен шогирдларимга ҳаттоки, шундай дедим: «Ҳафтада атиги бир марта майдонга тушиш учун шунча тайёргарлик кўриш ғалати». Нима демоқчи эканлигимни тушунгандирсиз.
- Эҳтимол, жамоангизга енгил тақвим ҳам қўл келаётгандир...
- Нималар деяпсиз? Италияда осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳар бир рақиб айниқса, биз билан ўйинда жонини жабборга бериб тиришади.
- Лекин тахмин қилиш мумкинки, «Фиорентина» майдонида сизларни энг қийин қарама-қаршилик кутяпти.
- Ҳа, Пауло Соуза жамоаси охиригача ЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борадиган кўринади ва бизга осонгина таслим бўлмаслиги тайин.
- Охирги савол: сизнингча, Италия терма жамоаси Евро - 2016да қандай иштирок этади?
- Ўйлайманки, жамоамиз бизни уялтириб қўймайди.